САҲАРЛАРГА ПЕШВОЗ ЧИҚ

226

ЧОРШАМЪ

ТОШКЕНТДА

Онамни етаклаб юрдим Тошкентда,
Кун бўйи устимдан кулди кўчалар.
Мен қанча хижолат бўлмайин, сира
Онам сездирмаслар – ўша-ўшалар.

Толиққан ҳолларин яширмоқ учун
Дейдилар: “Пиёда юрмоқлик фойда.
Қишлоқнинг йўриғи бошқа демагин,
Тошу тарози бор ҳар ер, ҳар жойда”.

Тошдай оғир ботиб борар вужудим,
Қайда у эътимод, қайда у паноҳ?
Адо этяпманми фарзандлик бурчин?
Жавоб топа олмай қийналаман, оҳ.

Оҳ, она, онажон, мунис ва ғариб
Умрим ганжинаси, умрим маҳзани.
Рози бўлсангизу елкамга олиб,
Опичлаб юрсайдим кун бўйи қани.

…Онамни етаклаб юрдим
Тошкентда.

ШЕЪРИЯТ

Қатралаб тераман туйғуларни мен,
Тунлардан қуваман уйқуларни мен,
Дўст билиб яшайман қайғуларни мен,
Сен учун, шеърият, сен учун, ижод.

Сўзларни асрайман қароқларимда,
Кўзёшим қотади қабоқларимда,
Тиним йўқ битай деб бармоқларимда,
Сен учун, шеърият, сен учун, ижод.

Ҳаётим шу зайл бўлади охир,
Балки сал мушкулдир, балки сал оғир,
Нетайин, шунақа яшамоқ фахр,
Сен учун, шеърият, сен учун, ижод!

* * *
Тоғу тошни тушунмасанг,
Тоғу тошда гуноҳ йўқ.
Дала-даштни соғинмасанг,
Дала-даштда гуноҳ йўқ.

Ҳис этмасанг кенг дунёни
Дунё ҳам дил очмагай.
Тенг тутмасанг шўх дарёни
Дарё ҳам сув сочмагай.

Шоирман, деб жар солмагин,
Жарчи бўлиш осонмас.
Золимларга, жоҳилларга
Қарши бўлиш осонмас.

Жону танни койитмасанг,
Жону тан ҳам қаригай.
Кўнгил отли кошонадан
Муҳаббат ҳам аригай.

ИМКОН

Учқур бўлиб кетди кўп замон,
Ёвқур бўлиб кетди хўп инсон,
Сен уларнинг ичида бир он
Баҳор учун имкон топа ол.

Синов учун берилган ҳаёт,
Ҳаётингда доим бор нажот,
Инсонлигинг айламай барбод,
Дийдор учун имкон топа ол.

Гоҳо кўнгил осмонга учар,
Гоҳо тубсиз жарликка қулар,
Гоҳо ёлғон қасамлар ичар,
Иқрор учун имкон топа ол.

Кимдир сени севмоғи тайин,
Покланарсан севганинг сайин,
Қордайин оқ, пахтадай майин
Дилдор учун имкон топа ол.

Чоршамъ, сени умринг ҳам ўтар,
Қора тупроқ бағрига ютар,
То тириксан бошингни кўтар,
Изҳор учун имкон топа ол.

ПЕШВОЗ ЧИҚ

Гуноҳлардан покланиб
Саҳарларга пешвоз чиқ.
Тонг қушлари келтирган
Хабарларга пешвоз чиқ.
Яйраб кетсин вужудинг,
Камол топсин сужудинг,
Нурга тўлсин ҳудудинг,
Назарларга пешвоз чиқ.

Янги ҳаёт, янги кун
Сени айласин мафтун,
Қайдасан дея дўстим,
Сафарларга пешвоз чиқ.

Бу беш кунлик дунёда
Маъни топгил зиёда,
Хоҳ отда, хоҳ пиёда
Зафарларга пешвоз чиқ.

Бу шундайин саодат
Бир умр айла одат,
Келса ҳамки фалокат
Хатарларга пешвоз чиқ.

Кўкрагингни кер, ёҳу,
Бағрингга кирсин оҳу,
Душманинг тутган оғу,
Заҳарларга пешвоз чиқ.

Мард дегани шу бўлар,
Дард дегани шу бўлар,
Панада ётмай агар-
Магарларга пешвоз чиқ.

Чоршамъ, англасанг айни
Ҳаммаси ишқ туфайли,
Қалбда туғилган янги
Асарларга пешвоз чиқ.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг