«ИСТАНБУЛ  ДАФТАРИ»НИ ЎҚИБ

152

Ёшлигимизда Туркия, дейишса афсонавий бир мамлакатни тасаввур қилардик. У ерларни кўришга орзуманд эдик. Орадан йиллар ўтди. Туркия ва турк қардошларимиз ҳақида озми-кўпми тушунчага эга бўлдик. Бу ўртада беназир ёзувчимиз Мирзакалон Исмоилий таржимасида “Чолиқуши” романини ўқишга муяссар бўлдик. Кейин Нозим Ҳикмат, Азиз Несин китобларини ўқидик. Мен Азиз Несиннинг кўп ҳикояларини таржима қилдим. Орадан қарийб қирқ йил ўтиб, атоқли турк ёзувчиси Шуайиб Қорақош менинг “Аҳмад Яссавий” номли романимни туркчага ўгириб, Истанбулда нашр эттирди. Бунинг учун мен турк орқадошларимдан миннатдорман.

Яқинда етук журналист ҳамкасбим Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” китоби қўлимга тушди. Гапнинг очиғи, аввалига уни иккиланиб варақладим. Чунки кейинги йилларда “Ҳиндистонга саёҳат”, “Миср эҳромлари пойида” сингари йўлномаларни хўп ўқиганмиз. Бу битикларда муаллиф ўзи борган юртнинг умумий манзарасини чизар, тарихи, этнографияси, ўзига хос миллий-ижтимоий аҳволи борасида камдан-кам маълумот берарди.

Аброрнинг “Истанбул дафтари” эса улардан бутунлай фарқ қиларди. Китобни бир-икки саҳифа ўқидиму маҳлиё бўлиб қолдим. Муаллифнинг самимияти, ифода усули хуш келди. У гўё сирдош, қадрдон ­дўсти билан юзма-юз ўтириб бошидан ўтганларни завқланиб гапириб бераётгандек эди. Муаллиф ёзади: “Туркия. Бу мамлакат ҳақида, унинг олис ва бой тарихи, бетакрор табиати, одамлари, эътиқодлари ҳақида ўқиганман. Лекин у билан юзма-юз келганда, унинг қалби, юраги бўлмиш шаҳарга келиб тушганда барча билганларим, адабиётлар орқали ўқиганларим қанот чиқариб аллақаёқларга учиб кетди. Менинг тасаввуримдаги Туркия тамоман бошқа экан”.

Салмоқли бу китобни беш-олти кунда хатм қилдим. Аброр айтмоқчи, каминанинг тасаввурида ҳам Туркия деб аталмиш азим бир мамлакат тимсоли бўй-басти билан гавдаланди. “Истанбул дафтари”ни муболағасиз қардош мамлакатнинг кичик қомуси дейиш мумкин.

Муаллиф 623 йил дунёни титратиб турган Усмонли салтанатининг буюк давлат бўлиб шаклланиши, жаҳон мамлакатлари ичидаги ўз мақоми, обрўси ва келажак сари парвози ҳақида кўпгина мисоллар келтирган. Тарихий манбалардан олинган иқтибосу рақамлар ўқувчини зериктирмайди. Зеро, бундай оҳори тўкилмаган маълумотлар илк бора очиқ-ошкора айтилгани учун ҳам ўзбек ўқувчиси учун қадрлидир.

Хусусан, менга турклар ва ўзбеклар, Туркия ва Ўзбекистонга бағишланган ёрқин саҳифалар маъқул бўлди. Маълумки, турклар бизнинг ота юртимиз Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон деб фахрланади. Ана шу эътироф ва қадим қардошларимизга муҳаббат туфайли бўлса керакки, Аброр китобининг салмоқли қисмида турк-ўзбек алоқаларининг тарихий илдизи борасида сўз юритади. Масалан, “Ўрта асрлардан бугунги кунгача ўзбек-турк муносабатлари”, “Ўзбек хонлари ва турк султонлари”, “Истанбул ва Усмонлининг озодлик учун курашида ўзбеклар”, “Туркиядаги ўзбеклар”, “Туркистонликлар жамияти – кеча ва бугун. Эртага-чи?” ва ҳоказо фасллар айнан шу мавзу – турк эли, ўзбек улусининг ўзаро қардошлиги, ўзаро меҳри ва уйғун зийнати тўғрисида баҳс этади. Зикр этилган фаслларни нафис адабиёт ўқигандек берилиб мутолаа қиласиз, кўнглингиз равшан тортади. Ва ниҳоят, муаллиф Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг истиқболи юзасидан аниқ-равшан мулоҳазаларини баён қилади, эртанги кунга умид билдиради.

Аброр Ғуломов узоқ йиллар Истанбулда юртимизнинг бош консули бўлиб ишлаганди. Шу боисданми, ушбу китобнинг мундарижаси кенг қамровли, сермағиз, муҳими – ўқувчига маърифий-маънавий озуқа беради. Мен касбдошимни дилтортар китоби билан табриклайман.

Саъдулла СИЁЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг