ҲИММАТ ВА ҒАЙРАТ ЗАРУР

59

Юртимизда ёшлар аҳоли умумий сонининг ярмидан кўпини ташкил этади. Эртанги кун эгаларини янада қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда уларнинг фаоллигини ошириш, энг муҳими, буюк аждодларимизга муносиб қилиб тарбиялаш йўлида мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётир. Зеро, ҳар бир миллатнинг саодати ёшларининг яхши тарбиясига боғлиқ. Жадид бобокалонимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бежиз: «Ёшлардан ҳиммат ва ғайрат, бойлардан шафқат ва марҳамат керак…”, дея жон койитмаганлар.

Юртбошимиз Мурожаатномада ёш­ларни қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди, таклифлари жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан қабул қилинди, қўллаб-қувватланди.
Президентимизнинг: “…ишимиздаги энг катта камчилик – билим етишмаслиги, афсуски, бу кўп соҳаларда сезилмоқда”, деган таъкидларидан кўпчилик қатори мен ҳам ўйга толдим. Билимсизлик ва лоқайдлик энг катта хатардир. Чунки жамиятдаги барча хатолар билимсизлик, нодонлик, жаҳолат туфайли пайдо бўлади. Адиб Аҳмад Югнакий “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарида: “Билимли билан билимсиз қачон тенг бўлганди?…”, дея бежиз ёзмаган.
Ҳар бир буюк шахс ортида буюк она туради, деган ҳақиқат мавжуд. Бунга кўп­лаб мисолларни келтириш мумкин. Илмнинг қайси соҳасини олиб қараманг, шу соҳада етишиб чиққан олимлар дастлабки таълим-тарбияни оналаридан олишганига гувоҳ бўламиз.
Дарҳақиқат, ёш авлод тарбияси миллат оналарининг қанчалик маърифатли эканига боғлиқ. Зеро, аёл бахтли бўлса – оила бахтли, аёл соғлом бўлса – жамият соғлом, агар аёл билимли бўлса – мамлакат фаровон бўлади.
Мурожаатнома давомида бизни кўп қувонтиргани, олий ўқув юртларига киришда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қизлари учун грантлар икки баробарга кўпайтирилиши бўлди. “Қизларни ўқитиш қийин, кўпчилик қийналган оилалар контракт пулини ўйлаб, ўқитмай қўя қолади. Узатиб қутиламан дейди. Йилига 2 мингта шундай қизнинг тақдири ўзгариши мумкин, агар шу режа амалга ошса”, дейдилар Юртбошимиз куюнчаклик билан. Шу сўзларни эшитиб бехосдан маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? Бу она вазифасидур”, деган ибратли сўзлари ёдимга тушди. Ҳа, аввало, Бухорий, Термизий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларни етиштириб берадиган оналарни ўқитмоқ лозим. Бугунги кун ўзбек оналарини дунё танимоқда, тан олмоқда. Аёлларимизнинг, қизларимизнинг адабиёт, илм-фан, иқтисодиёт, маънавият, маърифат, спорт соҳаларида қилаётган меҳнатлари, қўшаётган сезиларли ҳиссалари Ватанимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугун улар мамлакат ҳаётининг барча жаб­ҳаларида фаол, давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки, мақоми, мартабаси юксалиб бормоқда.
Мурожаатномани ҳаяжон билан тинг­лар эканман, унда илгари сурилган ғоя ва фикрлар, таклифу ташаббуслар ягона мақсад – халқимиз фаровонлиги, соғлиги, мамлакатнинг янада тараққий топишида дастуриламал бўлишига ишончим ортди.
Ишонамизки, 2021 йил – қатор соҳаларда юксалиш ва улкан янгиланишлар йили бўлади. Бу йилда биз янада баланд­роқ марраларни забт этамиз. Бу йил бизга аввалгидан-да кўпроқ имкониятларни беради. Биз ёшлардан эса ҳиммат ва ғайрат талаб этилади.

Маҳфуза ИМОМОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг