ШОИРГА ТАХАЛЛУСНИ КИМ БЕРГАН?

58

 Ўтган асрнинг йигирманчи, ўттизинчи йиллари адабиётга кириб келган кўпгина ўзбек шоир, ёзувчилари жаҳон адабиётини ўрганишга жиддий интилганлар. Бу, аввало, билимга чанқоқликдан бўлса, иккинчи томондан, бадиий маҳорат сирларини пухта эгаллаш учун жаҳон адабиёти дурдоналари уларга мактаб вазифасини ўтар эди.

А.Қодирий, А.Чўлпон, А.Фитратни ўзига устоз деб билган Ойбек ижодий йўли мисолида бунинг ёрқин намунасини кўрамиз. ХIХ аср охири — ХХ аср бошларидаги ўзбек зиёлилари турк, озарбайжон, татар матбуотини мунтазам ўқиб борган. Тил яқинлиги, алифбо бирлиги ўша даврларда пешқадам бўлган турк матбуоти, турк адибларининг ижоди билан яқиндан танишиш имконини берган. А.Фитрат, А.Қодирий ва А.Чўлпоннинг турк ёзувчи, шоирлари ҳақида мақолалар ёзгани кўпчиликка маълум. Айниқса, Чўлпон турк шеъриятини яхши билган ва Товфиқ Фитрат, Ризо Товфиқ каби ижодкорлар асарларидан маънавий баҳра олган. Чўлпоннинг яқин издошларидан бўлган Ойбек устозининг ва Наримонов номидаги таълим ва тарбия техникумида ўқиб юрган кезлари дарс берган туркиялик муаллимлар Шоҳин Эсон, Иброҳим афанди таъсирида Т.Фикрат, Я.Камол, З.Алп ва бошқа янги турк шеърияти намояндалари ижоди билан танишган. Мусо Тошмуҳаммад ўғлига Ойбек тахаллусини ҳам турк устозлари тавсия қилганлар. Собиқ шўролар даврида айтиш мумкин бўлмаган бу гапларни профессор Умарали Норматов “Миллий тикланиш” газетасида (2005 йил 17 март) эълон қилинган “Адиб ҳузурида ўн тўққиз дақиқа” мақоласида ёзган. Профессор Ғулом Каримов, Субутой Долимов ва Умарали Норматов Ойбек домлани кўргани борадилар. Ўн тўққиз дақиқа (Ойбек бетоб бўлгани боис) давом этган суҳбатда тахаллус хусусида ҳам сўз боради. У.Норматов Субутой Долимов сўзларига асосланиб шундай ёзади: “Истеъдодли ёшларга қадим туркий шавкатли сиймолар номларини, чунончи, Мусо Тошмуҳаммад ўғлига “Ойбек”, Усмонбек Долимовга “Субутой”, Зуҳриддин ­Салоҳиддиновга “Олтой” исмларини адабий тахаллус сифатида тавсия этган, улар ҳам ўз навбатида бу табаррук исмларни мамнуният билан қабул қилганлар”. Биз туркийлар тарихида сезиларли из қолдирган Ойбек исмли тарихий шахсни изладик. Султон Қутбиддин Шоҳ Ойбек (вафоти 1210 йил) Ҳиндистон Турк Мамлук империяси асосчиларидан. 1206 – 1210-йилларда Шимолий Ҳиндистонда маърифатли, миллатпарвар ва туркий тилни тарғиб қилган ҳукмдор бўлган экан. Чавгон ўйнаётган вақтда ўлган.
Ойбек ижодининг илк даврида турк шеъриятининг таъсири кучли бўлганини адиб Миркарим Осим, академик Наим Каримов, профессор Қодир Норхўжаев ва бошқа ойбекшунослар ҳам айтганлар. Ойбек мақолаларига асосланиб адабиётшунос
Р.Иноғомов қуйидагиларни ёзган: “Ойбек йигирманчи йилларда озарбайжон, турк, татар адабиёти билан қизиқади, айниқса, турк шеърияти унга кучли таъсир кўрсатди, Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулхақ Ҳомид сингари турк шоирларининг асарлари адабиёт майдонига ихлосу муҳаббат билан кириб келаётган ёш шоир қалби ва шуурини ўзига ром этди. Шу даврдаги туйғуларини у бир мақоласида “Янги турк поэзиясининг асарлари мени илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатди”, деб ёзган эди.
Умуман, Танзимот даври (1860-1895), ХХ аср биринчи чорагидаги янги турк шеърияти Ойбек лирикасининг юксакка кўтарилишида бир зинапоя бўлди, десак янглишмаймиз. Ойбекнинг шоир сифатида шаклланишида турк шеъриятининг таъсири ҳақида профессор Наим Каримов шундай ёзади: “Асримизнинг ўнинчи йилларида жунбушга келган жадидчилик ҳаракати шу даврда турк шеъриятида катта куч билан эсган ҳуррият ва миллий тараққиёт ғояларини ўзбек диёрига олиб келди. Бу қутлуғ жараён йигирманчи йилларнинг бошларида ҳам давом этиб, ўзбек шеъриятининг Ойбек сингари вакилини таъсир доирасига тортди”.
Ойбекнинг ўзи ҳам бу ҳақда А.Наумов билан суҳбатда шундай деганди: “Янги турк поэзиясининг асарлари мени илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатди. Мен турк поэзияси билан техникумнинг студенти бўлган йилларимда танишдим. Ўша пайтда Бокуда Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ Ҳомид ва бошқа бир неча турк шоирларининг асарлари нашр қилинганди. Бу асарлар менинг ҳам қўлимга тушиб қолди. Булар ҳозир ҳам менда сақланади. Яқинда уларни қайтадан варақларканман, илк марта таъсирланганимни кўз олдимга келтирдим”.
Техникумда ўқиганда турк устозлари ундаги иқтидорни кўриб турк адабиёти билан кенгроқ таништирган бўлиши мумкин. Чунки техникумда турк адабиётининг чуқур ўқитилмаслиги маълум.
Яна Наим Каримов “Чўлпон ва Ойбек” мақоласида шундай ёзади: “ Бу воқеа 1924-25 йилларда рўй берган. Наримонов номидаги таълим ва тарбия техникумининг адабиёт муаллими Эсон афанди дарсдан кейин шогирдлари билан ҳозирги Амир Темур хиёбонини ёқалаб борар экан, улар қаршисидан Чўлпон чиқиб қолади. Эсон афанди Чўлпоннинг яқин дўстларидан бўлгани учун улар ўртасидаги алоқа ғоят самимий эди. Шу қадар самимийки, у ҳатто Чўлпонга Ойбекни таништирар экан, шогирдлари қаршисида машҳур шоирга бундай ҳазил-мутойибани айтишдан ўзини тиймайди:
– Чўлпон, – дейди у дўсти билан қуюқ кўришгандан сўнг, – сен ўзингни Ўзбекистоннинг биринчи шоири, деб ўйлама. Танишиб қўй, бу йигитнинг исми – Мусавой. Аммо биз уни Ойбек деб чақирамиз. У сенинг изингдан ўсиб бормоқда. Шогирдинг бўлади!”. Бу суҳбатдан жуда кўп нарса англашилади. Ойбекни иккинчи Чўлпон деб улуғлаган Эсон афандининг: “Аммо биз уни Ойбек деб чақирамиз” деган сўзлари ҳам Ойбекка тахаллусни турк домлалари берганини тасдиқлайди. Ойбек бир умр устозлари Шоҳид Эсон ва Иброҳим афандиларга ҳурматини сақлаб қолди. Буни ойбекшунослар ва Зарифа Саидносирова ҳам ўз битикларида айтганлар.
Бугунги кунда истиқлол туфайли Ойбек асарлари билан дунё китобхонлари танишмоқда. Шу ўринда Ойбек асарларининг Туркияда ўрганилишига тўхталсак. Хусусан, Туркия матбуотида Ойбек ҳақида мақолалар, асарларидан парчалар эълон қилинди ва қилинмоқда. “Навоий” (1994 йили Ахсен Батур таржимасида) романи турк тилига таржима қилиниб нашр этилди. Ойбек шеърлари мактаб, лицей дарс­ликларига киритилди. Туркия Маориф вазирлиги томонидан лицейлар учун нашр қилинган адабиёт дарслигининг тўртинчи китобида Ойбек ижоди хусусида сўз юритилади. Дарсга тайёргарлик учун табиат гўзаллиги ва уни ҳис қилиш борасида тушунча берилиб, шоирнинг “Наъматак” шеъри аслиятда лотин алифбосида ва ёнма-ён Туркия туркчасида келтирилади. Бу ҳолат ўқувчида шеърни мисрама-мисра қиёслаб ўқиш имкониятини беради.
Таъкидлаш керакки, Туркияда нашр қилинган деярли барча адабиёт дарсликларида ҳазрат Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Бобур, Абулғозихон, ХХ аср ўзбек ижодкорлари сифатида Чўлпон, Ойбек ҳақида маълумотлар ва асарларидан намуналар берилади. Кейинги йилларда турк тилида ўзбек шеърияти, насри антологиялари нашр этилди ва бу борадаги ишлар давом этаётир. Туркиядаги “Кардеш калемлер” ва бошқа адабий журналларда ҳам ўзбек ижодкорлари ҳақида тез-тез мақолалар чоп қилинаётир. Улуғ шоирларимиз ва бошқа ўзбек ижодкорларининг асарлари жаҳон адабиёти намунаси сифатида ўқитилиши биз учун фахрдир.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети доценти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг