МУАРРИХ СИЙМОСИ

60

Алишер Навоий ўз асарларида маълумот берган тарихий шахслар, буюк сиймоларнинг номини, фаолиятини, маълум бир тарихий ҳодиса ҳамда жараёнлар иштирокчисини, машҳур асарларнинг муаллифини юксак ҳурмат билан тилга олади, уларнинг инсоният ва тарих олдидаги улкан хизматлари билан боғлиқ ибратли амалларидан бизни хабардор қилади. Ана шундай бетакрор сиймолардан бири темурийлар Уйғониш даврининг мумтоз муаррихи, адабиётшунос, шоир, соҳибқирон Амир Темур ва туркий султонлар тарихи акс этган ­“Зафарнома” китобининг муаллифи, олим Шарафиддин Али Яздий (14 аср охири – 1454 йил)дир.

“Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Навоийнинг Али Яздий тўғрисида ёзган маълумотларини икки қисмга бўлиб ўрганиш мумкин: тазкиранинг иккинчи мажлисида Яздий ҳаёти ва фаолиятига алоҳида фиқрада тўхталган; асарнинг Мавлоно Улои Шоший, Мавлоно Муҳаммад Омилий, Мавлоно Лутфий тўғрисидаги фиқраларида эса маълум бир адабий, маърифий таъсир ёки адабий алоқа сабаб йўл-йўлакай Али Яздийни ҳам эслаган.
Тазкиранинг иккинчи мажлиси Навоийнинг болалик, ёшлик даври хотиралари асосига қурилган. Бу мажлиснинг бошқа олти мажлисдан фарқли жиҳатларини шундай изоҳлаш мумкин: биринчидан, Навоийнинг болалик ва йигитлик даври ҳамда ўзаро муносабатларнинг мулозамат, суҳбат шаклида ўтгани назарда тутилган бўлса, иккинчидан, тазкира ёзилган вақтда зикр қилинган ижодкорларнинг оламдан ўтганлиги муаллиф томонидан алоҳида қайд қилинган. Сарлавҳада ёритилган хусусиятлар мажлисда тилга олинган 89 нафар ижодкорга, жумладан, Али Яздийга ҳам тааллуқли. Мазкур мажлисни “Ул жамоадин” деб Али Яздий зикри билан бошлаши ҳам аслида Навоийнинг муаррихга нисбатан юксак ҳурмат ва эътирофидир.
Навоий битган ушбу маълумотни, адабиёт назарияси қоидаларига кўра, ҳикоят жанрининг мукаммал намунаси дейиш мумкин. Навоий тарихий ҳикоятни Али Яздийнинг соҳибкамоллигини олам аҳли маъқуллаган, тан берган, деган ўзининг ҳамда элнинг якдил эътирофи билан бошлайди. Бу билан китобхон диққатини Али Яздий шахсига, ижодий фаолиятига қаратади.

Сўнгра Шоҳрух мирзо вафотидан кейин юз берган вақтинча нотинчлик оқибатида одамларнинг Хуросонни, хусусан, Ҳиротни ташлаб кетиши ва Алишерлар оиласи ҳам кўп кишилар қатори Ироққа равона бўлгани каби тарихий воқеалар тасвирланади. Карвон Мавлоно таваллуд топган Тафт шаҳрида ярим кечаси тўхтайди. Бахтли тасодиф билан карвон тўхтаган карвонсарой (работ) Али Яздий хонақоҳи эшигининг рўпарасида жойлашган эди. Тонг отиб болалар хонақоҳ эшиги(ҳовлиси)га ўйнагани киришади. “Фақир ҳам алар билан бирга эдим, тахминан олти ёшимда бўлғай эдим”, деб ёзади Навоий. Хонақоҳ саҳнида ўтирган кекса тарихчи карвонсаройда кечаси тўхтаган карвондагиларга қизиқиши ортиб, болалардан бирини чақиради. “Фақир алар сори борурға муваффақ бўлдим”, дея фахрланган бола Алишер: “Ҳар неким сўрдилар, жавоб айтдим. Табассум қилиб таҳсин қилдилар”, деб воқеани тазкирада мамнунлик билан эслайди. Бу вақтда сиёсий ва маданий ҳаётдан чекинган кекса тарихчи ҳамда бола Алишер ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб эса қуйидагича кечади: “…Мактабга борубмусен?” Дедимким: “Борубмен”. Дедиларким: “Не ергача ўқубсен?” Дедимким: “Таборак” сурасиғача”. Демак, олти яшар бола Алишер Қуръони каримнинг 66 – “Таҳрим” сурасигача ўқиб-ўзлаштирганини назарда тутсак, унинг ақлу ҳикмат, илму урфон, салоҳияту ғайратига қойил қолмай илож йўқ. “Дедиларким: “Бу жамоат атфолидин биз тилаганда сен келиб биз била ошно бўлдунг. Сенинг учун фотиҳа ўқули”, деб ўз фотиҳалариға мушарраф қилдилар”.
Алишернинг отаси ва карвоннинг бошқа улуғлари Али Яздий ҳузурига келиб, иззат-икромлар кўрсатганликларини кўриб, “биз била ошно бўлдунг”, дея ўзига яқин тутган кекса кишига нисбатан ўзида ҳам қандайдир тасаввур пайдо бўлганини “Фақирға андоқ шуур ҳосил бўлди, анчаким, не киши эркандурлар”, деб баён этади. Ўртоқ, дўст, биродар, рафиқ каби синонимик қаторга кирувчи “ошна” сўзи орқали Али Яздий бола Алишерни катталардек сийлаган, сифатлаган бўлса, ўз навбатида, Навоий ўзига Али Яздийдек бир умрлик “маънавий ошна” топган, дейиш мумкин. Олти яшар Алишернинг “не киши эркандурлар” деб ўзига берган онгли саволида ҳам ўз тенгқурларида ҳали шаклланиб улгурмаган фаросат, зийраклик, огоҳлик сингари фазилатларни кўрамиз.
Бу тарихий учрашув бадиий адабиётда ҳам талқинини топган. Тарихчи адиб Миркарим Осим тазкирада келтирилган айнан шу тарихий маълумот асосида “Язд чўли” ҳикоясини яратди. Ҳикояда ёзувчи мазкур учрашувни Али Яздий ва Навоий ҳаётидаги энг қизиқарли ҳамда уларнинг характерини, шахсини очиб берувчи ноёб воқеа сифатида маҳорат билан бадиий талқин қилган.
“Мажолис ун-нафоис”да бошқа ижодкорлар ҳақидаги қисқа ва лўнда маълумотларда адабий таъсир ва алоқа, анъана, устоз ва шогирд муносабати каби масалаларни ёритишда далил ва талқин учун Али Яздий эсга олиб ўтилган: “Мавлоно Улои Шоший донишманд киши эрди. Хуш табълиқға барча халойиқ ани мусаллам тутар эрдилар. Муаммода Самарқанд аҳли ани Мавлоно Шарафиддин Яздий муқобаласида мазкур қилурлар эрди”. Навоий Улои Шоший муаммо жанрида Яздий услуби бўйича ижод қилганига, Навоий Самарқандда кечган таҳсил йилларида Улои Шоший билан яқиндан таниш бўлганига, бирга таҳсил олганига ишора қилмоқда. Бинобарин, бу маълумотни Навоий Самарқанд хотиралари фонида ёзганлигига амин бўламиз.
“Мавлоно Лутфий… Мавлононинг “Зафарнома” таржимасида ўн минг байтдин ортуқроқ маснавийси бор, баёзға ёзмағон учун шуҳрат тутмади ва лекин форсийда қасидагўй устодлардин кўпининг мушкул шеърлариға жавоб айтибдур ва яхши айтибдур”. Ушбу зикрда биз учун аҳамиятли маълумот шуки, “Зафарнома” Лутфий томонидан форс тилидан туркий тилга ўгирилган, лекин баёзға (оққа) кўчирилмай, қоралама нусхада қолиб кетгани учун ижод, илм аҳли ва эл орасида шуҳрат тутмаган. Лутфий девонини нашрга тайёрлаган навоийшунос С.Эркинов мазкур таржиманинг бизгача етиб келмагани ҳақида шундай ёзади: “Лутфийнинг темурийлар даври тарихи ҳақида яратилган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари таржимаси асосида яратилган достони ҳам бўлган. Афсуски, бу асар қўлёзмаси бизгача етиб келмаган”.
Али Яздийнинг Амир Темур сафарлари тасвири асосида яратган “Зафарнома” асари Навоий севиб ўқиган, тарғиб ва ташвиқ қилган китоблардан бири бўлганига шубҳа йўқ. Балки Навоий “Зафарнома” сингари тарихий асарлардан таъсирланиб, Ҳусайн Бойқаро тарихини “Чун бу тарихки битиладур, хотирда андоқдурким, Султон Соҳибқирон ҳолат ва ансоби мазкур бўлғай”, деб ният қилгандир. Дарҳақиқат, Бадеъуззамон Мирзога ёзган мактубларидан бирида сиёсий ҳушёрлик учун айнан Али Яздий “Зафарнома”сини вақти-вақти билан ўқиб туришни алоҳида таъкидлайди: “…Наввобдин ҳар қайси муносиб кўрунса, таворих ўқумоқ буйрулса, батахсис “Зафарнома”, агар машойих сўзи ё баъзи даввовин дағи гуфту шунуфт бўлса, номуносиб эрмас”.
Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Шарафиддин Яздий зикрида қуйидагиларни ёзади: “Язд шаҳрининг Тафт отлиғ кентидиндур. Донишманд ва соҳибкамол киши эрди. Ўз замонида одили ва назири йўқ эрди. Тасаввуфда дерларки, Хожа Шойинуддини Турк шогирдидур. Аммо сойир улумда ва тасаввуфнинг ҳам илмида отин аълам тутарлар ва Мавлононинг муфид мусаннифоти бор: “Қасидаи бурда” шарҳида ва “Асмоуллоҳ” шарҳида, “Муаммо” фанида “Ҳулал ва манозир”, агарчи асл ишга дахли йўқтур, аммо “Ҳулал”нинг муқаддимотида бу тоифанинг истилоҳотини рамзу имо тили била андоқ дарж қилибдурларким, бу тоифанинг куммали керакки, англағай. Дағи Мавлоно ўз замони салотини қошида мукаррам эрдилар ва Тафтда хонақоҳ ва шогирдлари, муридлари бор эрди. Бу ҳақир сиғари синда ул буқъада алар хизматлариға мушарраф бўлуб, менинг борамда фотиҳалар ўқудилар. Қабрлари анда-ўқдур”.
Навоийнинг мазкур маълумотлари ҳасби ҳол характерида бўлиб, кўпроқ Али Яздий ҳаёти ва фаолияти, ижодига тааллуқли. Яъни унинг Язд шаҳрининг Тафт номли кентиданлиги, тасаввуфда Шойинуддин Турк шогирди ҳамда дин ва мазҳаблар фахри эканлиги айтилади, шунингдек, муҳим асарлари тилга олинади. Бу билан унинг ўз даври билимдони, зукко файласуф адибларидан бири бўлганига урғу беради. Ўз даври темурий ҳукмдорлари қошида ҳурмат ва эътибор топганлигини қайд қилади ва бу қайдлари билан бир неча йил Ҳиротда Шоҳрух Мирзонинг ҳамда Форсда унинг кичик ўғли Иброҳим Султоннинг саройида хизмат қилгани, ёш мўғул хони Юнусхонга тарбиячи, устоз этиб тайинлангани каби тарихий воқеаларни назарда тутган. Умуман, ўз даври сиёсий, маданий, маърифий ишларида фаол шахс эканлигига эътибор қаратган.
Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарини ёзар экан, ихтилофли ўринларда Али Яздий маълумотларига таянади. Навоий мазкур тарихий асарида мунозарали ўринларда далилга тортган “Гузида”, “Банокатий таворихи” каби манбаларни оддий шаклда берса, Али Яздийни эса “шараф ул-милла вад-дин” унвонлари билан тилга олади. Али Яздийнинг тарихимизга, хусусан, Амир Темур ва темурийлар Уйғониш даври учун қилган асосий хизматларидан бири ўз “Зафарнома”сини ёзиб қолдирганидир. Асарнинг дебочасида кўрсатишича, уни ҳижрий 828 – милодий 1424–1425 йили ёзиб тугатган.
Навоийнинг буюк хизматларидан бири шуки, у ўз асарларида Шарафиддин Али Яздий каби қалам аҳли ва азиз авлиё, тарихий сиймоларнинг номини адабиёт ва тарих саҳифаларида абадийлаштирди.

Буробия РАЖАБОВА,
ЎзФА Ўзбек тил, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг