ЁШЛИКНИНГ ЯНГИ ДЕВОНИ

66

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ­Мурожаатномасини тингларканман, хаёлимдан илк дафъа ўтган ўй шу бўлди. Юртбошимиз бундан бир неча кун олдин пойтахтимиздаги муҳташам “Ҳумо арена”да бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлар форумида мамлакатимизнинг кўп сонли иқтидорли ўғил-қизлари билан юзма-юз учрашиб, тарихий нутқ сўзлади.

Президентимизнинг галдаги чиқиши Ёшлар форумидаги фикрларнинг, режаларнинг, чорловларнинг амалий давоми бўлди, десак янглишмаймиз. Зеро, буни муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномада билдирган мазкур фикрлари ҳам асослаб турибди: “…куни кеча Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб янада руҳландим ва улардан куч олдим. Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзанд­ларим эканига яна бир бор амин бўлдим… Янги Ўзбекис­тонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз”.
Айни шу муҳим йўналишларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни давом эттириб, юксак босқичга кўтариш мақсадида 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани фақат ёшларимизнинг эмас, балки ўз тақдирини жонажон Ўзбекистонимиз тақдири, эртанги куни билан чамбарчас боғлиқ деб билган ҳар бир юртдошимиз учун айни муддао бўлди.

Янги йил номига муносиб тарзда ёшларимиз учун ҳар доимгидан кўра кўпроқ имкониятлар, шарт-шароитлар эшиги янада кенгроқ очиладиган давр бўляпти. Давлатимизнинг ёшларга қаратаётган бундай эътибор ва ғамхўрлиги дунёнинг ривожланган мамлакатларини ҳам илҳомлантиради, лол қолдиради. Аслида эртасини ўйлаган халқ, миллат эртасининг эгаларини эъзозлабгина қолмай, уларни муносиб тарбиялайди, илму маърифатли, зиёли бўлишини таъминлайди.
Ёшлар камолотида кўплаб соҳалар қатори, адабиётнинг ҳам ўрни, вазифалари бор. Зеро, “одоб” сўзи негизида пайдо бўлган соҳа тараққиёти, юксалиши миллатнинг тафаккури ўсишига олиб келади. Бинобарин, онг ўзгармас экан, бошқа ҳар қандай ислоҳотлар кўзланган мақсадга элтмайди.
Адабиёт ҳам кучни, қудратни, илҳомни ҳаёт манбаи бўлган ёшликдан олади. Ёшлик — шижоат, ғайрат, завқу шавқ, ёшлик — ботирлик, ортга чекинмаслик, ёшлик — самимият, ёшлик — бағри бутунлик!
Назм ва наср майдонида фаол бўлиб, минглаб мухлислар орттиришга улгурганда ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам ҳали йигирма ёшга тўлмаганди. 12 ёшида тўқсонни қаршилаган Мавлоно Лутфийни бир ғазали билан ҳайратга солган буюк истеъдод издошлари орасида Бобур, Нодира, Увайсий, Огаҳий, кейин замонавий шеъриятимиз муқаддимасида турган Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон каби ижодкорлар ўттиз ёшларида шеърият дунёси ранг-рўйини том маънода янгилагани муболаға эмас.
Президентимизнинг ёшларга бераётган оламшумул эътибори ва қўллаб-қувватлашига биз ёшлар ҳам муносиб бўлишимиз, Юртбошимизнинг ишончини оқлаш учун бор салоҳиятимизни ишга солишимиз, янги Ўзбекис­тоннинг, Учинчи Ренессанснинг тамал тошини биз қўямиз, деган юксак мақсад билан яшашимиз, ҳамиша баланд марралар сари интилишимиз зарур.
Шундай бир паллада истеъдодли ёш ижодкорлар халқимизнинг улуғ орзуси, буюк хоҳиш-иродаси рўёбига ҳисса қўшадиган янги асарлар яратиши, бу орқали миллатни маърифатнинг янги тонггига бошлаши ҳам фарз, ҳам қарздир. Бу дориломон замонда битилган асарлар, бажарилган эзгу амаллар ёшликнинг янги девонлари ўлароқ, адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Зоҳиджон ОЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг