ИСЛОҲОТЛАР СИЛСИЛАСИ

62

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг янги йил арафасида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини ҳаётимизнинг, ҳеч бир истисносиз, барча соҳаларини янада юксалтиришга дахлдор аниқ ва равшан ислоҳотларнинг мунтазам ва муҳташам силсиласи дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида шундай таъкидлади: “Яна бир бор такрорлайман, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур”. Президентимиз бу шароитларнинг моддий-молиявий ва ижтимоий жиҳатларини ҳам аниқ рақамларда кўрсатиб берди. Зотан, давлатимиз раҳбари аввалги чиқишларида ҳам таълимнинг, илм-фаннинг тараққиётдаги беқиёс аҳамиятини уқтириб, “Янги Ўзбекистоннинг остонаси мактабдан бошланади” деган фикрларни кўп бор таъкидлаган. Бу фикрлар тарихий ҳақиқатга бениҳоя уйғундир.

Миллат маърифати тараққийси йўлида жон фидо қилган, бугун мустақил юртнинг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган Маҳмуд­хўжа Беҳбудий бобомиз ўтган асрнинг бошида, 1914 йилда ёзган “Муҳтарам ёшларга мурожаат” мақоласида ҳадсиз ҳасрат билан шундай деган эди: “Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндирки, макотиб тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур.

Ҳар миллат, энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтирмагунча, тараққий йўлиға кируб, маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолиб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. “Муборизаи ҳаёт” майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллият ва диёнатини ҳам қўлдан берур. Ана шу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар”. Бу каби фикрлар ғарбда ҳам, масалан, фаранг адиби Анри Барбюс томонидан ҳам айтилган: “Мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантириш устахонасидир; агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасанг, мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғинг лозим”. Бу ўринда яна шуни ҳам қайд этиб ўтмоқ жоизки, атоқли америка шарқшуноси Сэмюэл
Н.Крамернинг археологик тадқиқотлар асосида кўрсатишича (“История начинается в Шумере”. М., 1991), жаҳон тарихида дастлабки мактаб бундан беш минг йиллар илгари, яъни эрамиздан олдинги учинчи минг йилликларнинг бошида донишманд Шарқ бағрида, Фрот ва Дажла дарёлари оралиғида шумерларда пайдо бўлган. Шундан буён таълим тизими тадрижий такомил пиллапояларидан одимламоқдан тинмайди. Таълим такомилини таъминлаш ва ўқитувчи-мураббийнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга, уларни эъзозлашга эътибор мамлакатимизда бугун фавқулодда аҳамият касб қилганлиги бежиз эмас.

Мамлакатимизда илм-фан ривожи, унда шижоатли ва юксак иқтидорли ёшларимизнинг фаол ва мунтазам иштирокини таъминлаш муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан уч баробарга оширилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади.

Президентимиз Мурожаатномада 2021 йилда Тошкент шаҳрида янги университет фаолияти йўлга қўйилишини ҳам эълон қилди. Давлатимиз раҳбари бу университетнинг асосий мақсад-муддаосини шундай ифодалади: «Бу олийгоҳ иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришларига кенг шароитлар яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида очилади. Ушбу олийгоҳга чет элдаги етакчи олим ва профессорлар жалб қилинади ва улар ёшларимизга энг замонавий дастурлар асосида таълим беради.” Мамлакатимизда олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш борасида ҳам кўнгилларни тоғдай кўтарадиган режалар баён қилинди, янги йилдан олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши билдирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатномасида 2021 йилда юртимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш борасидаги ғоят муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари шундай таъкидлади: “Келгуси йилда Ўзбекистонда маданий-маърифий ҳаётни юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 млрд. сўм йўналтирилади”. Айни пайтда давлатимиз раҳбари келгуси йилда Тошкент шаҳри марказида янги Миллий академик драма театрини қуришдай муҳташам режани ҳам эълон қилди.

Мурожаатномада билдирилган режаю таклифлар, улуғвор мақсаду муддаолар, халқимиз фаровонлиги ва юртимизнинг гуллаб-яшнашига қаратилган умидбахш тадбирлар тарҳи бутун юртимиз фуқаролари қалбига фарах ва мамнуният олиб кирди.

Низомиддин МАҲМУДОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг