БУ ДИЁРДА БАХТГА ЭЛТАР ЙЎЛ

374

ГУМБАЗЛАРИ ҒУНЧАДЕК ДИЁР
Минорлари гул новдасидек
Гумбазлари ғунчадек диёр.
Туркий сўз рангларин шоирлар
Кашф айлагай бу юртда бисёр.

Кўз қамашар чароғон нурдан,
Кўкка кашта солар юлдузлар.
Эриб кетар иссиқ меҳрдан
Юракка нақш этилган сўзлар.

Кенгликларда терлаб пиёда
Уфққа ёнбошларкан олиб тин
Сохий офтоб сочар зиёда
Дарахтларнинг бошидан олтин.

Бунда меҳр, бунда муҳаббат,
Бу диёрда бахтга элтар йўл.
Бунда ҳаёт гўзал бағоят,
Умр кўрдим жуда узоқ, мўл.

ҚАНОТЛАР ШАРПАСИ
Яланг тўшим босиб қуёшга – чўққа,
Куйдим, умид қилдим бесўз, бенидо –
Фикримни ташладим тубсиз қудуққа,
Сув шодон шалоплаб берди акс-садо.

Муздай сувдан қониб ичдим бир карра,
Мириқдим, қарадим сувнинг ичига.
Кўрдим, қуёш нури заррама-зарра
Сингиб кетган эди ҳар бир томчига.

Уйғондим, ҳайратда қолдим ногаҳон,
Ортга қайтиш йўли бўлганди ғойиб.
Кўз ўнгимда гўзал, сеҳрли бўстон
Гуллади навбаҳор бўлиб ажойиб.

Меҳр қуёши бор ёруғ жаҳонда,
Ёвузлик кўнгилга сололмас соя.
Қанотлар шарпаси келар осмондан,
Нажот фариштаси қилар ҳимоя.

ҲАЖ
Саждага ундайди кучли ишқ – туйғу,
Кўнглингга интилдим мисли парвона:
Бу гўё Каъбага бормоқдек орзу,
Бу гўё Каъбага бормоқдек орзу,
Сен учун қургайман ибодатхона.

Дилим гумбазида янграгай овоз,
Жамолинг мадҳ айлаб куйладим ҳар дам.
Саждага бош қўйиб ўқийди намоз,
Сенинг масжидингга ким қўйса қадам.

Менинг юрагимда ёнар муҳаббат,
Тинмай садо бериб туради имон:
Ғайридинни динга қилмоқ-чун даъват,
Ғайридинни қилмоқ учун мусулмон.

Меҳроб ойнасидан кўргач кўзингни,
Хаёлан ҳис этдим кўрку камолинг:
Сенинг мангу сўнмас офтоб юзингни,
Ўртаб қатл этгувчи ҳусну жамолинг.

Муҳаббат йўлида жоним садаға,
Васлингни кутаман зору интизор,
Масжидингда нолам етгай Худога,
Масжидингда нолам етгай Худога,
Менинг юрагимда яшайсан, дилдор.

Ўртаниб илоҳий туйғу садога,
Ловуллаб янграйди шеъримнинг сўзи:
Ишонгайман ёлғиз қодир Худога,
Ишонгайман ёлғиз қодир Худога,
Менга ишонасан қачон сен ўзинг!

СЕН ВА МЕН
Ҳамма айтар, теран кўзларинг
Ўхшар эмиш зангор осмонга –
Осмон дейман кўзингни мен ҳам.

Ҳамма айтар, киприкларинг – ўқ,
Нақд юракка қадалар эмиш –
Бу ўқ яралаган мени ҳам.

Ҳамма айтар, сумбул сочларинг
Тўлқин эмиш, шаршара эмиш –
Дарё дейман сочларинг мен ҳам.

Ҳамма айтар, нозик бармоқлар
Уйғотармиш нозик ҳисларни –
Шу туйғуга асирман мен ҳам.

Ҳамма айтар, аёл юраги
Доим сирли, доим номаълум –
Тушунмайман умуман мен ҳам.

Сен ҳаммадан ўзгача, танҳо…
Мен ҳаммадан эмасман бошқа…

* * *
Шошилган киши ҳаёт эгасидир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Дўстим, кечикишни қилмагин одат,
Ҳечқиси йўқ, агар кечиксанг ошга.
Висолга кечиксанг ёмондир, албат
Севгилинг кўзлари тўлади ёшга.

Кечикиш ёмондир элга хизматга,
Назм, наво, санъатга кечикиш ёмон –
Бефарқ бўлма Аллоҳ берган неъматга,
Истеъдод уволи ургай бегумон.

Кечикиш ёмондир бахтли тақдирга,
Ўз бахтингни ўзинг қилгайсан обод.
Тезроқ шошилмасанг тўғри фикрга,
Бефарқлик умрингни айлагай барбод.

Ўзлигинг топишга кечиксанг ёмон,
Ўзингни йўқотсанг – топа олмайсан.
Яшаб юрасану жисминг соғ-омон,
Руҳинг соғ бўлмаса, омон қолмайсан.
Ҳаётинг бамисли кимсасиз кулба
Кар вақтга қопқасин очар беҳуда.

Рус тилидан Рустам МУСУРМОН
таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг