БОЛАЛАР ҚУВОНЧИ

381

Икуо Хираяма Халқаро маданият карвонсаройида элчихона вакиллари, таниқли рассомлар, санъатшунослар, устозлар ва ўқувчилар иштирокида “Тошкент қувончлари” VIII Халқаро болалар расмлари Биенналесининг якунига бағиш­ланган анжуман бўлиб ўтди. Ўн бешга яқин мамлакат болалари ижодини жамлаган мазкур кўргазмада икки ярим мингдан ортиқ расмлар намойиш этилди.

Она Ватанга, табиатга меҳр-муҳаббат, дўстона муносабатлар, улуғвор тарихий обидалар, болаларга хос самимият, беғуборлик билан чизилган расмлар санъат ихлосмандлари ва пойтахтликларга хуш кайфият бағишлади. Бу йилги кўргазмадан ўрин олган расмларни кўздан кечирганда, қозоғистонлик болаларнинг фаоллиги кўзга ташланди. Йилдан-йилга нуфузи ошиб бораётган мазкур танловга келиб тушаётган расмларда болаларнинг ижодий маҳорати ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу каби кўргазмалар, албатта, болаларнинг ижодий ўсишига, ўзига ишончи ортишига омил бўлади. Ҳафта мобайнида болаларнинг ижод намуналарини йўналиш­лар бўйича ажратиб, таҳлил қилган ҳакамлар ҳайъати ўз хулосаларини эълон қилди.
Биенналенинг бош соврини — Гран-при “Халқимнинг куйи” расми муаллифи, қозоғис­тонлик Виктория Белицкаяга насиб этди. Болаликнинг беғубор оламини, дунё манзараларини ижодий ишларида самимий ифода этган Раиса Розанова (Польша), Манар Мансуор ал-Салими (Уммон), Кочафан Суантан (Таиланд), Юлия Зеленик (Беларус), Одина Раимқулова (Ўзбекис­тон), Амина Шарип (Қозоғистон), Мария Серёдкина (Россия) каби ёш истеъдодлар олтин медалларга муносиб топилди. Танловда муваффақиятли иштирок этган қирқдан ортиқ ёш рассом кумуш ва бронза медаллари ҳамда халқаро биенналенинг дипломлари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Болалар гуруҳлари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга шукуҳ бағиш­лади.

Сарвара ҚОСИМОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг