ҲАЁТ БИЛАН КЕЛИШИБ… ЯШАЯПМАН

71

Шоир кундалигидан парчалар

Хосият РУСТАМОВА

Атрофимдаги одамларнинг бири эдим…
Сиз тасаввур қиляпсизми, саккиз йил ёзмай яшаш нима эканлигини? Аслида саккиз йил яшамай яшашдай гап! Менга тонг билан туннинг фарқи йўқ эди… Ёмғир ёғадими, қорми, шамол эсяптими, осмонда ой борми ёки юлдузларсиз қолганми осмон, кўзимга кўринмаган. Атрофимдаги одамларнинг бири эдим. Ичимдан тополмай қолдим ўзимни… Қаерга кетгандим? Қаерда яшадим саккиз йил? Ўшанда ҳам тирикмидим? Аллоҳнинг раҳми келса, ҳеч нарса эмас экан, шошириб қўяркан. Нима қилишингни билмай қоларкансан! Тезроқ! Тезроқ ёзиб ололсайдим… яна… яна… ҳамма томоним Сўз! Сўзлар қуршовидаман! Нафасимга Сўз қадалади! Бундай лаҳзаларнинг гадоси эдим кеча… Кечада ҳам бор бўлганмидим? Юрагим урганмиди, тирик эканлигимни нимадан билардим? Яшаётганимни-чи? Аниқ эсимда, ёзсам, ёзақолсам-чи, дердим. Ичим олов бўлиб ёнаверарди. Шамолнинг раҳми келарди… Ёмғир кўзларини катта очиб деразамдан мени қидирарди. Мендан умидини узган қор ерга сингиб кетаётганда, шунақаям аянчли жовдирардики, қанча қарамасликка ҳаракат қилмай, кўриб қолардим… Аммо пинагимни бузмасдим, безга ўхшаб тураверардим. Ҳаммасига кўниккандим, тақдирга тан бергандим… лекин… ичимдаги шовқинга, бир-бир жон таслим қилаётган туйғулар шовқинига чидамоқ мушкул эди… Ва бир кун нимаям бўлдию Сен келдинг! Сен билан бирга кўзимга ёш келди. Мен ҳаммасини эслаб қолдим. Сўзлар шу қадар тирик эдики, мени ўз қўллари билан бўғиб ўлдирсалар ҳам лом-мим деёлмасдим. Чунки мен уларни жуда соғинган эдим…

2020 йил, июнь

* * *
Сен ўйинчоқ эмассан, ўйинчисан!
Нима дединг, мен ўйинчоқ эмасман, дедингми? Ким Сенга ўйинчоқсан, деди? Сен ўйинчоқ эмассан, Сен ўйинчисан! Сен юрак билан ўйнайдиган, туйғуларни оёқ остига олиб тепкилайдиган ва боз устига уларни масхара қиладиган ўйинчисан! Мен Сенга атрофимдаги ҳамма деворларни қулатиб бордим. Мен Сенга шамоллардан баландроқ, қушлардан тезроқ учдим. Мен Сенга боргунча булутларга исмингни ёзиб бордим… ақлдан озиб бордим… Шеърдай тўкилиб бордим, ўзимда йўқолиб бордим. Йиғладим, йиғлайвердим… кўз ёшларим тонгни шом, ҳаёт мени адою тамом қилди… Сен эса менинг устимдан куласан, суратларинг билан мақтанасан… Бечорагинам! Мен эса сенинг суратларингга қараганимда раҳмим келади, суратларингни қучоқлаб йиғлагим келади. Сен қаердаги одамларнинг гапларига ишонасан! Шундай лаҳзаларда сени ёмон кўриб кетаман, сен ҳам ўша одамларнинг бири бўлиб кўринасан кўзимга! Кўзларим ҳам ёмон кўриниб кетади кўзимга! Бу ҳолат бахтсизлигини яшираётган бечора одамларни эсга солади. Сенга бир савол берсам майлими? Сенинг суратларингдан бошқа мақтанадиган нарсанг йўқми? Ахир, Сен мен учун жуда бошқачасан-ку… фарқинг йўқми бу одамлардан? Мен ҳар куни осмонга ҳалинчак солиб учаётган маҳалим ҳаяжонларим атрофимда паға-паға оппоқ булутларга айланади! Мен булутларнинг хўжайини каби ҳис қиламан ўзимни. Балки сен ҳам менинг туйғуларимни ўйнаётган маҳалинг ўзингни подшолар каби ҳис қилаётган бўлсанг, мен сени тушунаман, чунки менинг туйғуларим ҳам, мен ҳам шунчаки ўйинчоқ эмасмиз… Сен бой бўлишинг мумкин, лекин менинг туйғуларимни сотиб олишга ҳеч қачон пулинг етмайди. Сен бекор қилдинг… ўзингни аямадинг! Сен бора-бора кўз олдимда ҳамма нарсасини ютқазиб бораётган буюк қиморбозга ўхшаб кетяпсан! Яна ўйинчоқмасман, дейсан! Биз ўйинчоқмиз, Марина! Биз тақдир қўлидаги Аллоҳнинг ўйинчоқларимиз! Бизни ҳар кўйга солади тақдир. Истаса, қумларга тўкиб ташлайди, истаса, денгизга улоқтиради. Шу Денгиз сўзини бекор айтдим… кўзимдан ёш қуйилиб кетди. Сен менинг Денгизимсан!

2003 йил, июнь

* * *
Ҳаёт билан келишиб яшаётган ўлим…
Инсон ҳаёти давомида бир неча марта ўлади. Ва бир кунда эмас, йиллар давомида секин-секин ўлиб боради. Бу дунёдан секин-секин йўқолади. Бу кўринадиган жараён бўлмагани учун кўрмаймиз, йўқолиб бораётганимизни ҳис қилмаймиз! Бир кунда туғилиб, бир кунда ўлганга ўхшаймиз. Аслида, бизнинг ҳар кунимизда ўлим бор, ҳар бир кунимизда ҳаёт билан келишиб яшаётган ўлим бор. Биз баъзан касал бўлганимизда унга дуч келамиз ва кўп нарсаларни тушуниб етамиз…

2020 йил, июнь

* * *
Майли, мен ишимни қилай…
Мен шу кунларда ёзув машинкасига айланганман! Ёш болалар кичкина леголардан турли уйлар, шаҳарлар ясаган каби мен ҳам ҳарфлардан Сени барпо этяп­ман. Сени бошқатдан қандай бўлишингни хоҳласам, шундай қайта қуряпман. Сени қайта яратганим сари ўзим нураб боряпман, кундан-кунга ўзим қулаяпман, эскирган уйга ўхшайман. Баъзи тунлари кўзгуга кўзим тушиб қолса, ўзимни танимайман. Афтим афтодаҳол! Мен шоирдан кўра кўпроқ қурувчига ўхшайман. Сени бошқатдан, заррама-зарра тиклаётган қурувчига. Бу ишнинг қанчалар азоб эканлигини билсайдинг… Қандай даҳшат оғриқ эканлигини тасаввур қилолсайдинг! Йўқ, сен бунга қодир эмассан. Сендаги юрак жуда майда! Сен ҳаёт қийинчиликларидан ўтаётган пайтинг зарраларга бўлиниб кетгансан. Менимча, ўша пайт юрагинг ҳам майдаланиб кетган. Руҳинг ўлган. Тирилмайдиган бўлиб ўлган! Бу Сенинг ўзинг­га билинмайди. Мен ҳам кейин билдим, кейин кўриб қолдим. Кўриб қолган пайтим, кўзларимни қаттиқ юмиб олдим ва севишда давом этавердим. Ҳозир ҳам ҳарфлар билан ўйнаяпман, атрофим тўла сўз! Саккиз йил ёзмаган кунларим эвазига Аллоҳ саксон йилнинг дарду ҳасратларини ҳам қўшиб бергандай. Бунинг нима эканлигини билсайдинг… ҳеч йўқ, тасаввур қилолсайдинг. Ҳозир яна ҳарфлар ичидаман, қўлим-қўлимга тегмайди. Сўзнинг карвони саф тортган, қўлларида қурол ушлаган аскарларга ўхшайди гўё. Мен бир нарсани аниқ биламан, сени қуриб битказган куним ўзим адо бўламан. Аммо мен шунга ҳам розиман. Сени тикласам бўлди. Сени Менда нафас олаётганинг­ни ҳис қилсам ва худди ўзимнинг болам каби атрофимда ўйноқлаб юрганингни кўришдан бош­қа орзум йўқ. Майли, мен ишимни қилай…

1999 йил, июнь

* * *
Энди сен бошқа кемалардасан!
“Кема кетиб бўлди”. Қаерга кетди у? Қайси тарафга? Мен қаерда қолдим? Сиз-чи? Мен чўкиб кетдимми, ғарқ бўлиб кетдимми сувнинг остига? Сиз… бошқа кема топдингизми? Ва омон қолдингизми у билан? Фақат яхшилаб қарадингизми, Сиз топган кема дарз кетмаганми? Бирор жойидан лат емаганми, бус-бутунми ишқилиб! Мен шундан хавотир оляпман! Чунки Мен бу ҳаётнинг тўлқинлари билан узоқ ўйнадим. Севги мени ҳар кўйга солди. Менга сув билан ҳаводан ҳам кўпроқ кераксан, дердинг, сув билан ҳавонинг қаҳри келган экан! Сув билан Ҳавонинг қаҳри ёмон бўларкан, бизни ғарқ этди! Аммо осон бўлмади… Мени чўктиргунча ўзи ҳам анча-мунча ҳолдан тойди! Менинг кўзёшларимга аввал сувнинг ўзи ғарқ бўлди! Ҳавонинг нафаси ичига тушиб кетди… Ҳаёт бир четда биздан кўзини узмай қараб турди! Ким билсин, қарамай қолган пайтларимизда, балки йиғлаб ҳам олгандир бизга раҳми келиб. Ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлгандир, балки. Юраги бўлса, бизга қараб туролмаслиги аниқ. Ҳар тарафга дод солиб югуриши, дунёни бошига кўтариб чир айланиши аниқдан ҳам аниқроқ эди! Чунки мен бу ҳаётни жуда ҳам бешафқат деб ўйламайман! Бешафқат бўлса, Сен туғилмасдинг! Бераҳм бўлганда, бизлар учрашмас эдик… Тўғрими, ўзинг айт, ўзинг менинг гапларимни тасдиқлаб турардинг-ку киприкларингни пирпиратиб, яна бир марта шу қиёфангни кўргим келяпти, яна бир марта…. охирги марта! Оҳ, Худойим, мен нималар деяпман? Ахир сен бошқа кемадасан-ку! Мен бўлса, ўз севгисига ғарқ бўлган одам бўлсам! Фақат тўлқинларга эҳтиёт бўл! Тўлқинларга ким билан ўйнашишнинг фарқи йўқ экан… Илтимос, эҳтиёт бўл!

1990 йил, август

* * *
Атрофимдаги ҳамма нарса Сиз эдингиз…
Сиз менинг бутун дунёмни ўзингизники қилиб олдингиз! Ҳеч йўқ, бир оғиз сўраш керакмасмиди? Ҳеч йўқ, бир жумла айтиб хат юбориш мумкин эмасмиди?… Биз бу ҳаётдан ўч ололмаймиз, биз бу ҳаётни олдимизга солиб қуволмаймиз! Биз ҳеч ким билан уришолмаймиз! Энг қизиғи, айбимиз ҳам йўқ, гуноҳимиз ҳам! Фақат Худонинг олдида қарзимиз бор, ҳеч қачон унутиш мумкин бўлмаган қарз! Бир тасаввур қилиб кўринг, Сиз қаерда туғилдингиз, мен қайси дунёни макон этдим? Иккимиз, икки хил Дунё одамларимиз! На одамлари ўхшайди, на шаклу шамойили! Аммо мана шу икки дунё бир нуқтада бирлашди! Ҳамма нарса Худога осон экан! Агар марҳамат кўрсатаман, деса шундай осонлик билан истаганингни ёнингга келтириб қўяркан! Биласиз, киприкларингиз менга жуда ёқади. Кўзларингизни-ку жинниси эдим! Иккимиз йиғлаган вақтлар улар шу қадар чиройли бўлардиларки, қараб, нега йиғлаётганимни эсимдан чиқариб қўярдим. Кўзларингиздан дур тўкиларди… кўзларингиздан нур тўкиларди! Мен уларнинг меники эканлиги ҳақида ўйлаганимда бу дунёга сиғмасдим. Улар менга ҳаётдан, битта эмас, минглаб ҳаётдан кўра кўпроқ керак эди… Биз кўчада юрганимизда ҳамма бизга қарарди… ёки бизга шундай туюларди! Биз оёғимизни ерга қўймасдик, ҳаволарда учиб-учиб борардик! Дарахтлардан тўкилаётган япроқлар шунчаки япроқлар эмасди… Улар бизнинг келишимизни билган, баҳордан шу кунгача бизлар учун тайёргарлик кўрган, аммо бизни кўрганда ўзларини йўқотган, нима қилиш кераклигини унутган байрам аскарлари эди… Ўша кун эсингиздами, йўлимиздан бир мушукча чиқиб колгани. Сиз жуда меҳрибонсиз ёки менинг олдимда ўзингизни шундай кўрсатмоқчи бўлдингиз, уни эҳтиёт қилиб бошини силадингиз… У ҳам қочиб кетмади… Бошини қўлларингизга суйкалай бошлади… Мен йўлни давом эттирдим, акс ҳолда мен Сизни мушукчадан қизғанаётганимни билдириб қўйишим мумкин эди. Сиз кулгуларингизни юзингизда ифода этганча ортимдан эргашдингиз, одамлар бизга ҳавас билан қараётганларини айтдингиз… Мен ҳайрон қолдим… Чунки мен ҳеч кимни, ҳеч нарсани кўрмасдим! Атрофимдаги ҳамма-ҳамма нарса Сиз эдингиз!

1990 йил, октябрь,
Талабалар шаҳарчаси

* * *
Мени бу Дунёга ишонманг! Мени бу Дунёга қолдириб кетманг. Шамоллар синдириши мумкин кўнг­лимни! Ёмғирлар чўктирар ернинг остига. Наҳотки, наҳотки билмадингиз, ҳар бир инжиқлигимда, ҳар бир сўзимда муҳаббат борлигини, муҳаббат яширинганини! Соғинч мени кундан-кун адойи тамом қилаётганини, наҳотки, билмадингиз? Мен кимга айтишим мумкин эди бу ҳакда? Энг ишончли одам — Онам мени тушунмаганда, яна кимга оғиз очишим мумкин эди? Ўзингиз айтганингиз каби, бу ҳаётни ушлаб туролмаймиз-ку… Бу дунёни олдимизга солиб қуволмаймиз-ку… Ҳаётнинг оёқларига бош қўяйми? Дунёнинг этакларига осилайми? Нима қилай, нима десангиз, ҳаммасини қиламан! Мен энди буткул мен эмасман! Бошқа одамман! Бошқа одам бўлиб туғилдим бугун! Сиз мени қандай кўришни истасангиз – Ўшаман! Энди мен Сиз истаган одамман! Сизнинг истагингизман! Энди мен Сизман!

1990 йил, октябрь

* * *
Кечикишим мумкин…
Исмимни айтиб чақирган ўша кунингдан ке­йин мен хаёлларимдан ҳам хижолат тортмай қўйдим. Сени йўқотиб қўйдим! Йўқ! Мен бунга асло ишонмайман! Мен Сени қайтадан яратдим. Сен аниқлашдинг! Мен энди ҳамма жойда Сени танийман! Сен буткул Меники бўлдинг. Меники эканлигинг билан фахрланаман. Неча йиллар бўлди, мен ўзимдан кетдим. Ва ўзимдан кетиб Сени топдим. Кетаётиб кимгадир айтиб қўйиш истагида атрофимга жовдираганларим эсимда, аммо ҳеч ким йўқ эди. Ҳамма ўзи билан банд… Ҳозир ҳам қаергадир кетиб бораётганимни айтиш учун одам тополмайман. Ҳеч йўқ қўлимдаги калитни олиб қоладиган одам йўқ. Эртага қидириб қолишлари мумкин. Мен ўзимни ўйламаяпман. Болалигимда, дарвозамиз олдида бир кичкина дарахт бўларди, биз калитни унинг шохлари ичига яшириб кўярдик. Бир куни укам эшикни қулфлаган ва калитни қаерга қўйишни билмай, (балки дарахтга бўйи етмагандир) калитни бир тошнинг остига «яширган» ва бир қоғозчага «калит тошнинг тагида» деб ёзиб эшикка ёпиштирган ва мактабга кетган. Укам энди ёзишни ўрганаётган эди, унга ёзиш жуда қизиқ эди. Унинг қийшиқ ҳарфлар билан ёзилган ўша сўзларини эсласам, юзимда кулги пайдо бўлади. Баъзан ўзим ҳам шундай қилсаммикан, деб ўйлайман, вақт оз қол­япти, шошяпман, ахир! Калит қолдирадиган одамни қидириб топгунимча, кечикиб қолишим мумкин…

2017 йил, апрель

* * *
Мен Сендан кетдим!
Мен Сендан Сен билан кетдим. Хабаринг борми? Менимча, хабаринг бўлмаса керак… Шундай бўлиб қолди. Хафа бўлмайсан… Хафа бўлсанг, олдинроқ ўйлашинг ва бу Дунёда менга дуч келмаслигинг керак эди. Энди иложи йўк, Сендан Сенга Сен билан бораман! Мени кечир! Сендан кетсам ҳам Сен билан Сенга кетаман! Мен ҳам олдинроқ билмадим, бу Дунё­да Сенга дуч келмаслигим керак экан… Мениям кечир!

1990 йил, май

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг