ҚОРБОБО

57

Абдулла АЙИЗОВ

Дилнуранинг қувончи ичига сиғмайди. Янги йил зўр бўлди-да. У дадаси билан бирга уй тўридаги яшил арчани безатди, ойижонисига байрам дастурхонини тайёрлашда кўмаклашди.
Энг қизиғи… Ҳа, энг қизиғи, янги йил арафасида уйларига Қорбобо кириб келди. Қорбобо меҳмонлар даврасига яқинлашиб:
– Ассалому алайкум, азизларим! – дея баланд овоз билан сўз бошлади. – Барчангизни кириб келаётган Янги йил билан қутлайман! Тинчлик ва бахт ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!..
Қорбобо қувончдан юзлари қип-қизил Дилнурани ёнига чорлаб:
– Қани, қизим, Янги йилга бағишланган шеърингни айтиб бер-чи, — деса бўладими?! Дилнура саросимага тушиб қолди: “Шеър ёдлаганимни қаердан биларкин?”
Дилнура Қорбобога, меҳмонларга бир-бир қараркан, айтмоқчи бўлган шеърини ёдидан чиқариб қўйди. “Вой! Шеърим қандай бошланарди?!”
– Шошилмасдан айтақол, қизим!
Қорбобо унга далда берди. Дилнура кип­рикларини пирпиратиб, товланиб турган арчага боқиб, шеърини ўқиди:
Яна қиш, яна январь
Яна келди Янги йил.
Деразалар оқ мармар,
Яна завққа тўлди дил…
– Яша, қизим! Мана бу совға шеърни чиройли айтганинг учун!
– Раҳмат! – Дилнура Қорбобо узатган “Дунё халқлари эртаклари” китобини қўлига оларкан, кўзлари қувончдан порлади.
– Раҳмат, Қорбобо!
У меҳмонларга “Қани олиб ўтиринглар!” дея манзират қилаётган дадасига юзланди:
– Дада, дадажон, сизга айтганим шу китоб эди.
– Яша, она қизим, – хижолатомуз сўз бошлади дадаси. – Ҳеч бир китоб дўконидан тополмагандим.
– Дадангиз тўғри айтаяптилар. Бу китобни узоқ-узоқлардан олиб келдим, – деди Дилнурага Қорбобо, кейин меҳмонларга қараб: “Дилнуранинг китоб ўқишга қизиқишини биламан-да”, деса бўладими.
Дадаси билан ойижониси ўзларини кулгидан зўрға тийиб қолишди. Қорбобонинг гапидан ажаб­ланган Дилнура тағин саволга тутди:
– Вой, исмимни қаердан биласиз, ё сеҳргармисиз?
– Сеҳргар эмасману, аммо одамларга қараб туриб хаёлидан нима ўтаётганини сезаман. Масалан, сен шеър ёдлашни, эртак ўқишни яхши кўрасан, тўғрими?
– Ҳм, – Қорбобонинг фикрини маъқуллади Дилнура.
– Шунинг учун ҳам бу совғани атайлаб сенга олиб келдим, – дея Қорбобо Дилнуранинг қўлидаги китобга ишора қилди. – Иккинчи чоракни яхши баҳолар билан якунлаганингни ҳам биламан. Агар аъло бўлса, яна ҳам яхшироқ бўларди. Математикадан ўзлаштиришга қийналаяпсан-да…
– Буни қаёқдан биласиз?
– Биламан, қизим, биламан. Йўл-йўлакай мактабларга кириб чиқдим. Ўқувчиларнинг қандай ўқишини билиб олдим.
– Қойил! – чапак чалиб юборди Дилнура.
– Янги йилда “Ёш математик” тўгарагига қатнашсанг, мураккаб мисол-масалаларни ечишни ҳам ўрганасан.
– Худди Асилбекка ўхшабми?
– Ҳа, ҳа… худди синфдошинг Асилбекка ўхшаб.
– Сиз Асилбекни ҳам танийсизми?
– Бўлмасам-чи?! Аълочиларни бир мен эмас, ҳамма танийди.
– Тўғри айтдингиз, мактабда ҳамма аълочиларни ҳурмат қилади. Мен ҳам…
– Нима, мен ҳам? – Қорбобо савол назари билан Дилнурага қаради.
– Мен ҳам Янги йилда аълочилар сафига қўшиламан! – деди қатъият билан Дилнура.
– Баракалла, қизим! Хурсандман. Бу сўзларинг менга ажойиб совға бўлди, – Қорбобо мезбонларга юзланди: – Энди менга рухсат берасизлар, борадиган жойларим кўп. Янги йил киргунча улгуришим керак!
Мана, орзиқиб кутилган Янги йил ҳам бош­ланди. Тун ярмигача телевизор кўриб, суҳбатлашиб ўтирган бўлсалар-да, негадир Дилнуранинг уйқуси қочди. Унинг хаёлидан Қорбобо кетмади.
“Қорбобонинг ташрифи зўр бўлдию қишки таътилнинг чўзилиши… Тезроқ ўқиш бошланса эди. Ахир, дугоналарига Қорбобога шеър айтгани, совға олгани, ҳамма-ҳаммасини айтиб беради. Ишонишармикин?!.
* * *
Дилнура кутган кун келди. У нонуштадан сўнг ойисининг “Ҳали мактабга вақтли, қизим…” деганига ҳам қулоқ солмай, сумкасини елкасига осди-да, мактабига чопди.
Ойиси айтгандек, ҳали дарс бошланишига анча бор экан. Дилнура Қорбобо совға қилган эртаклар китобини сумкасидан олди. Китобни ўқиб чиққан бўлса ҳам тағин варақлашга тушди.
– Китобни соғиниб қолибсан-да, ўртоқжон, – синфда Наргизанинг овози янгради. Дугоналар саломлашгач, Наргиза ёнидаги китобни ёпиб, муқовасига қаради.
– Ажойиб! Қаердан сотиб олдинг?
Худди шу саволни кутиб турган Дилнура Қорбобо ҳақида сўз бошлади.
– Бизларникига ҳам Қорбобо келди, айтганингдек, ҳамма нарсани билар экан, – Дилнуранинг фикрига қўшилди Наргиза, – менга қўшиқ айттирди-да, мана бу китобни совға қилди.
У сумкасини титкилаб, қалин муқовали “Биргаликда куйлаймиз!” деган китобни Дилнурага узатди.
– Қойил! Қорбобо биз қизиққан китобларни биларкан-а! – дея китобни варақлашга тушди. – Зўр-ку, қўшиқларнинг ноталаригача бор экан.
Бирин-кетин кириб келган синфдошларнинг бошқаларга ниманидир айтгиси келаётгани шундоққина юз-кўзларидан аён эди.
Шокиржон худди орқасидан кимдир қувиб келаётгандек ҳовлиққанча синфга кириб “Салом, дўстлар!” дея қўлини кўтарди. Пальтосини ечар экан, қўлтиғига қистирилган шахмат тахтасини қўлига олди-да, ҳозиргина мусобақада ғолиб чиққандек боши узра ҳаммага кўз-кўз қилди.
— Биласизларми, буни менга Қорбобо совға қилди. “Бу йил вилоятда ёш шахматчилар мусобақасида қатнашганингдан хабарим бор. Янги йилда эса чемпион бўлишинг керак”, деди.
– Қорбобонинг гаплари рост экан-да! – деб юборди беихтиёр Дилнура.
– Қанақа гапи? – унинг оғзига тикилишди синфдошлари.
– Қорбобо синфимизда ким қандай ўқишию кимнинг нимага қизиқишигача биларкан… Асилбекнинг математикадан яхши ўқишини ҳам…
– Салом, болалар! – синф раҳбари Ҳомид муаллимнинг жарангдор овози болалар суҳбатини бўлиб юборди. Ҳамма ўз партасига жойлашиб олди.
– Салом, устоз!
– Хўш, Янги йилни яхши кутиб олдингизми? Таассуротларингизни эшитсам бўладими?
Болалар бир бирига гал бермай уйларига келган Қорбобо ҳақида гапиришга оғиз жуфтлашди.
– Қани, навбати билан гапириб беринглар-чи…
Ўқувчиларнинг ҳаяжон билан айтган таассуротларини тинглаган муаллим гоҳ ҳайрон бўлиб кўзларини катта-катта очиб қарар, гоҳ кулимсирар, аммо боши билан маъқуллаб, ҳаммани диққат билан тингларди. – Қойил! Демак, ўзларингиз истаган совғани олибсизлар-да. Бундай Қорбобо борлигини эшитмагандим, – деди муаллим болаларча қувониб.
– Устоз, бир нарсани сўрасам майлими? – Мўминнинг тўсатдан берган саволига ҳамма ажабланиб, бир Мўминга, бир муаллимга юзланишди.
– Ҳалиги… бизларникига келган Қорбобонинг нимасидир сизга ўхшаб кетаркан…
– Йўғ-е, агар ҳаммага ёққан Қорбобога ўхшасам ёмонми?
– Яхшику-я, аммо у сиз эмасдингиз. Гавдаси, юришлари, овозини сал ўхшатгандек бўлдим-да…
Болалар хаёлда Қорбобо билан муаллимни қиёслай бошлашди. Оппоқ соқоли кўксига тушган, эгнида қор зарралари сочилган тўн, совғага тўла қоп… сўзлари салмоқли Қорбобони кўз олдиларига келтиришдию беихтиёр муаллимга синчиклаб тикилишди, ҳамиша кўйлагига бў­йинбоғ тақиб юрадиган, сочлари бир текис таралган устоз…
Қорбобо ва муаллим. Муаллим ва Қорбобо… Болалар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, уларни бир-бирига ўхшатишолмади. Янги йил оқшомидаги Қорбобо ҳақиқий эди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг