ШОИР ЁҚҚАН ШЕЪР ЧИРОҒИ

63

Сурхондарёда яшаб ижод қилган шоир Шафоат Раҳматулло Термизий асарларини китобхонлар севиб ўқийди. Айниқса, шеърлари кўнгилларда воҳадаги “Сангардак” шаршарасининг оҳангларидай акс-садо беради.

Кутилмаганда келган меҳмонларга эшик очган Хосият янга шошиб қолди. Шафоат Раҳматуллонинг камтаргина хонадонига вилоят ҳокими Тўра Боболов кириб келди. Салом-­аликдан сўнг вилоят раҳбари:
— Гурунгга келдик, янга! Шоиримизни хотирлаб, айниқса, у кишининг ижодхонасида суҳбатлашганга нима етсин! – деди.
Хосият янга тўлқинланиб кетди, хурсандчилик билан меҳмонларни уйга таклиф қилди. Улар шоир ижод қилиб, ўлмас асарларини битган мўъжазгина ижодхонага киришди.
— Шафоат Раҳматулло Термизий юртимизнинг таниқли шоири, ёшу кексага яқин дўст, дилкаш, хокисор инсон эди, — деди вилоят ҳокими
Т.Боболов. — У кишининг адабиёт, санъат ва илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳамиша қадрланади. Ўзининг нафис шеърлари, достонлари билан халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини, китобхонлик маданиятини ошириш йўлида беминнат хизмат қилган инсон оиласининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиб, мерос қолган асарларини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир. Шу боис атоқли шоир яшаган уйни тубдан таъмирлаб, шинамгина уй-кутубхона очамиз.
Учрашувда вилоят Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов шоирнинг чоп этилмай қолган шеър, достонларини нашр қилдириб, таваллуд кунига туҳфа этиш таклифини илгари сурди.
Ҳа, Шафоат шоир Сурхоннинг ўзидай, сўзлаган сўзию боққан юзидай оқкўнгил шоир эди.
Шоирни жондан суйган эли, мухлислари излаб келиб туришади. Мана, бугун вилоят ҳокими йўқлаб турибди.
— Тўғрисини айтсам, охирги пайтларда мени ўй босган эди, — дейди Шафоат Раҳматулло Термизийнинг рафиқаси Хосият Раҳматуллаева. — Биласизми, Шафоат акангиз қаерга борса уйга китоб олиб қайтарди. Бири-биридан ноёб китоблар. Қаранг, умр кўпми, китоблар кўпми? Энди ижодхоналарини кенгайтирсам, таъмирлатсам, бу китобларни асраб қолиш учун шароит яратсам, деб орзу қилардим. Оллоҳим бераман деса, бир кунда берар экан. Умид чироғи ўчмасин экан.
Ҳа, шоир ёққан шеър чироғи ҳеч қачон ўчмайди!

Нортўра ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Сурхондарё вилояти
бўлими мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг