«МАНГУ ЁРУҒ МАСКАНИМ МАНИМ…»

56

Нурилла ЧОРИЕВ,
«Ёшлик» журнали муҳаррири

Аждодларимиз неча юз йил орзу қилиб, бу муқаддас йўлда азиз жонларини гаровга қўйиб курашган – истиқлолга эришганимизга мана ХХI асрнинг 21 йилида ўттиз йил тўлади. Бунда ҳам бир рамзий маъно бордек, назаримда. Ўттиз йил муқаддам бутун халқнинг тақдирини ўзгартирган бу қутлуғ сана миллатнинг фахри, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, бутун ижодининг асосида юрт мадҳи турган Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги ва яна бир қанча ижтимоий, маънавий-маърифий, тарихий бурилиш паллаларни ёдга солиб, ёнма-ён келяпти. Бу ўттиз йил тарих чархи олдида қисқа муддат бўлса-да, аммо залворли давр ортда қолди. Бу даврни, шоир таъбири билан айтганда, дунё чаманимиз бўлди. Том маънода Ватан – Ўзбекистон ўзимизники бўлди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ўқир эканман, кўз олдимда тоғни талқон қилгудай навқирон бир йигит гавдаланди.
У менинг иним эди. У менинг оғам эди. У менинг … У менинг …
Уни шу ўттиз йил улғайтирган, уни шу ўттиз йил ўтда тоблаган.
Шу ўттиз йилда халқ ўзининг буюк салоҳиятини, мустаҳкам иродасини, матонатини намоён этди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидаги машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлига дадил қадам ташлади. Ўзбек халқининг овози дунёнинг энг илғор мамлакатлари қаторида халқаро минбарлардан янгради. Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги юзлаб давлатлар билан дўстона ва тенг муносабатлар ўрнатилди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Юртда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилиб, бунинг натижасида ҳаётнинг барча жаб­ҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани яққол кўзга ташланаётир. Чунончи, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилиб келмоқда.
Бугун Ватан равнақи, эл-улус фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишларни кўриб, гувоҳи бўлиб олис хотиралар уйғонади. Мустақил давлатнинг ўттиз йилда босиб ўтган истиқболли йўлини сарҳисоб қилиш, халқимиз ҳаётидаги янгиланиш жараёнларини ақл тарозисида тортиш – таҳлил қилиш ва эндиликда амалга ошириладиган муҳим вазифа кишига юксак орзулар беради.
Дилда куртак ёзган эзгу орзулар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси остида юртимиз бўйлаб ўтказилиши кўзда тутилган маънавий-маърифий тадбирларга янада файз бағиш­лайди. Бу тупроқда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлиги, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил асосида юртдошларимизнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар халқимизни янада руҳлантиради.
Бугун эришилган барча муваффақиятларнинг асоси – Ватан мустақиллигидир. Ўйлайманки, бу, албатта, халқимизнинг фидокорона меҳнати ва орзу-интилишлари мевасидир. Қарорда таъкидланганидек, Мустақилликнинг ўттиз йиллиги ҳар қачонгидан кўра кўтаринки руҳда, юксак савияда тантанали нишонланади. Юртга бу қутлуғ кун туғ кўтариб нишонлаш ярашади. Зеро, Ватан мустақиллиги шу азиз диёр фарзандларининг эркин ва озод тупроқда от чоптириб яшамоқ давронидир. Барчамиз Ватан куйчиси – Абдулла Ориф бўлиб “Мангу ёруғ масканим маним, Ўзбекистон – Ватаним маним” деб асрларга тенг ўттиз йиллик тантаналар олдидан мақсад қилинган барча эзгу ишларга, албатта, эришамиз.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг