СОДДА ВА САМИМИЙ ТАСВИРЛАР

89

Аббос Тўраев (Республика ихтисослаштирилган ­санъат мактаб-интернати ўқувчиси): “Болалик дунёси”.

Куни кеча пойтахтимизда очилган “Тошкент қувончлари” VIII Халқаро болалар расмлари Биенналеси байрамона тус олди. Тадбирда сўзга чиққан таниқли рассомлар, санъатшунослар бу каби халқаро тадбирлар мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда, турли миллат болаларининг интилишларини уйғунлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Икуо ­Хираяма Халқаро маданият карвонсаройи залларини безаб турган турли мамлакат болалари тақдим этган суратларда бахт­ли болалик орзулари содда ва самимий тасвирланган. Она Ватанга, табиатга меҳр-муҳаббат, дўстона муносабатлар, улуғвор тарихий обидалар ўсмирларга хос самимият, беғуборлик билан чизилган манзаралар орқали ифода этилган. Ҳар бир суратда ўсмирлар тасаввури, тафаккури мужассам.
“Тошкент қувончлари” Биенналесида бу йил ўн бешга яқин чет давлатлар болалари ҳам иштирок этмоқда. Бу санъатнинг чегара билмаслиги ва ривожланишига ҳеч нарса тўсиқ бўлолмаслигидан далолатдир. Хитой, Беларусь, Россия, Таиланд, Франция каби мамлакатлардан турли мавзулардаги расм­­лар тақдим этилган. Малайзия, Япония, Уммон ва Польша давлатлари бола­лари чизган расмлар электрон шаклда жўнатилган. Кўриниб турганидек, Халқаро Биеннале санъат орқали дунё болаларини жипслаштиришга хизмат қилмоқда.
Албатта, танловга келган икки мингдан зиёд ишларни баҳолаш осон эмас. Ҳайъат аъзолари республикамизнинг энг таниқли рассомларидан таркиб топган.
Танловда иштирок этаётган болалар ишлари уч гуруҳга ажратиб баҳоланади: беш ёшдан етти ёшгача, саккиз ёшдан ўн икки ёшгача, ўн уч ёшдан ўн беш ёшгача.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Маданият вазирликлари, “Соғлом авлод” хайрия жамғармаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилган Биенналеда битта Гран-при, еттита олтин, еттита кумуш, еттита бронза медали ва эсдалик совғалари ҳамда сертификатлар топширилади.

Сарвара ҚОСИМОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг