Ҳар бир рассом ижодий йўлини танлашида ўз даврининг эстетик-ахлоқий қадриятлари, халқининг урф-одатлари, анъаналари муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон халқ рассоми Леким Ибрагимов ижодини графикада бошлаган бўлса-да, уни дунёга рангтасвир ишлари танитди. Бу рангтасвирлар қаламтасвирга хос чизгилар, қаламга хос суртмалар мойбўёқда бажарилгани билан ажралиб туради. Л.Ибрагимовни “Минг фаришта ва бир картина” лойиҳаси дунёга танитди. Ижодкор картиналаридаги жамики фаришталар гўё мазкур улкан картинада бирлашганга ўхшайди. Ушбу лойиҳа режаси 1990 йиллар охирида пайдо бўлган. Ижодкор ўн йил давомида мазкур лойиҳа ҳақида ўйлаб юради. Ва ниҳоят, 2010 йилга келиб дастлабки ўнта фаришта пайдо бўлади. Икки йиллик тинимсиз меҳнат натижасида 2012 йили улкан картина дунё юзини кўради. Баландлиги саккиз метр, узунлиги олтмиш олти метр бўлган мазкур асар матолари машҳур “Минг бир кеча” эртакларига асосланган ҳолда фаришталар билан тўлдирилган. Ўзида Шарқнинг қадимий санъатини Ғарбнинг замонавий техникаси билан уйғунлаштирган ушбу асар бутун дунё томошабинларига бирдек таъсир ўтказиши тайин. Зеро, дунёнинг барча мамлакатларида фаришталар ҳақида афсона ва ривоятлар мавжуд. Картинада терракота ва мовий ранглар устунлиги кўзга ташланади. Қизғиш-жигарранг – ернинг, мовий ранг эса осмоннинг рамзи бўлиб, бу икки ранг осмон ва ер уйғунлигини англатади. Буюк Ипак йўлининг энг нодир ва бебаҳо тоши айнан феруза бўлгани сабабли ҳам рассом бу рангни айрим ўринларда нозик ва нафис қўллайди. Неча йиллик меҳнат натижасида яратилган мазкур лойиҳа бутун дунёга машҳур бўлди. Кўплаб хорижий давлатларда мазкур картина намойиши ўтказилди.
Л.Ибрагимов бугунги кунда ҳам қатор янги суратлар устида ишламоқда. Қизғиш-жигарранг, мовий ранг уйғунлиги, чизиқларнинг нафис ва енгил тортилиши, шунингдек, миниатюрага хос текис юзага ишлаш Л.Ибрагимов услубини намоён қилиб туради.
Ижодкорнинг кундалик мавзуларга фалсафий ёндашиб ишлаган суратларида шарқона оҳанг ва техник маҳоратининг кучли экани яққол кўринади. Рассом ижодида ҳайвонот дунёси алоҳида ўрин эгаллайди. Бу унинг туя, от ва қушлар тасвиридан рамзий маънода кенг фойдаланишида намоён бўлади.
Дилзода АЛИМҚУЛОВА,
санъатшунос