ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ

330

Ҳазрат Алишер Навоийга берилган бу мазмунан теран таъриф устоз адиб Мақсуд Шайхзоданинг ушбу номдаги мақоласида сарлавҳа ўрнида келтирилган. Бу мақола адабиёт аҳлига яхши маълум. Унда муаллиф Шарқда ғазал жанрининг тадрижи ва мазкур жанрда Навоий қаламига мансуб беқиёс намуналарни чуқур таҳлил қилиб берган.
Қуйида М.Шайхзоданинг “Ғазал мулкининг султони” мақоласидан олиб берилган иқтибослар улуғ шоир меросига яна бир бор устоз адиб нигоҳи билан назар солишга, унинг ҳайратларидан баҳра олишга имкон яратади, ­деган умиддамиз.

Танқид ва адабиётшунослик бўлими

Шуниси аниқки, Ўрта, Яқин ва Марказий Шарқдаги ўнлаб мамлакатларнинг шеърият тарихи тадқиқ этилса, текширувчи бу халқларнинг шеърий ижодида ғазал деган турнинг асосий роль ўйнаганига қойил қолади.
Дарҳақиқат, зилол чашмани биллур сувларсиз тасаввур қилиш мумкин бўлмаганидай, шеърий девонни ҳам ғазалсиз кўз олдига келтириш амри маҳолдир.
Тақрибан ўн асрдан бери шарқли ошиқнинг, шарқли ҳақиқатжўларнинг юрак майлларига ва фикрий изланиш­ларига таржимон бўлиб келган ғазал халқларимизнинг энг севимли ва маҳрам сирдоши, улфати бўлиб қолди.
Халқларнинг лирик симфониясига ўзбеклар ҳам бегона бўлиб қолмади ва бу соҳада ўзларининг ўлмас тароналарини яратдиларки, бу санъаткорларнинг илғор нуқтасида Алишер Навоий турибди.
Ғазал — арабча сўз бўлиб, Шарқ поэтикасида ҳар калимага икки маъно берилганидек, бу ҳам икки маънони билдиради. Биринчиси, луғавий, иккинчиси, истилоҳий (терминологик) маънолардир. “Ғазал” ва ундан ясалган «муғозала» сўзининг бевосита луғавий маъноси аёллар билан ўйнаб-кулиш, улар суҳбатидан файз олиш демакдир. Ғазал сўзининг иккинчи, яъни терминологик (истилоҳий) маъноси эса, маълум шартлар ва қоидалар билан муҳаббатга доир ёзилган лирик шеър демакдир.
* * *
Ўзбек ғазалининг соғлом негизини вужудга келтиришда Амирий, Лутфий, Атоий, Саккокий катта заҳмат чекиб, бу турнинг шеъриятимизда тўла ҳуқуқли бир наъв бўлиб яшашига шароит яратдилар. Ўрта асрнинг адабиётшунослари ўз вақтида ғазалнинг тўла таърифини аллақачон ишлаб берганлар. Классик поэтиканинг пири ҳисобланган Шамсиддин Муҳаммад бин Қайс Розий ўз “Китобул-Мўъжам”ида шундай ёзган (XIII аср): “Ғазалнинг луғавий маъноси — аёллар ҳақида гапириш, уларга нисбатан бизнинг вужудимизда пайдо бўлган хушторликни ва севгини сўйлаб бериш дегани бўлади. Ғазалнавислик катта ишқибозлик натижасида пайдо бўлади…
Кўп шоирлар маъшуқ жамолининг зикрини ва севги ҳамда жазманлик даражасининг тасвирини ғазал деб атайдилар. Аммо бўлак бир шахснинг мадҳида тўқилган муқаддималарни насиб деб атайдилар. Ғазал ёзишдан мақсад жонга роҳат ва дилга ҳаловат келтиришдир. Бинобарин, ғазал ёқимли, маъқул, ширин бир вазнда, очиқ, ойдин ва нафис сўзлар билан олижаноб фикрларни куйлаши лозим”.
* * *
Навоий ҳали ўз буюк эпик асарларини ёзишга (1480 йиллар) киришмасдан олдин моҳир ғазалнавис сифатида Ҳиротда ном чиқарганини, ҳатто унинг баъзи ғазал-мустазодлари Румда, Эронда, Туркистонда куйга тушиб, эл ўртасида баралла айтилганини Навоийнинг дўсти, “Тазкират уш-шуаро” муаллифи Давлатшоҳ очиқ қайд қилиб қўяди.
Шубҳасизки, лирик ижод доирасида энг мураккаб ва масъулиятли тур ғазал ҳисобланиб келган. Албатта, биз бу ажойиб тур ҳақида гап юритар эканмиз, фақат ва фақат яхши, соз, пухта, бутун, лўнда чиққан ўрнакларни кўзда тутамиз. Зероки, ўртача, “бир наъв”, “ёвғон” ғазаллар ҳеч қачон на бир тўғри хулосага олиб келиши мумкин ва на маърифий-тарбиявий роль ўйнаши мумкин!
Алишер Навоий дунё адабиётида энг кўп ғазал яратган лириклардан бири ҳисобланади. Лекин тўрт девонни ташкил этаётган лирик асарлар (90 фоизи ­ғазал)­да сиз биронта шароитга мосланиш, хушомад руҳида байт­лар тўқиш, дунёдорларга таъзим қилиш ҳолатларини кўрмайсиз. Хонаси келганда шуни очиқ эътироф этмоқ керакки, Навоий ўз мактабдоши, дўсти, маслакдоши Бойқарога ғоят чуқур ҳурмат ва садоқат сақлаган, улар ўртасидаги дўстлик ва ихтилоф ҳозиргача бўлганидан кўра, нозик­роқ, мураккаброқ ва холисроқ таҳлилни талаб қилади.
Навоий ғазални виждоний бир бурч маъносида тушунганидан, жамоатчи бўлганидан, ундаги энг нозик ва энг интим сезгиларнинг ҳам тагида ҳаққоний ва мантиқий бир ҳодиса ётади. Бу жиҳатдан олганимизда унинг ўн минглаб ғазаллари худди содиқ сипоҳлардек ғазалхон дилининг бирон нуқтасини эгаллаб олиб ҳамиша шоир билан инсон ўртасида магнит қудратидай бир ижодий рағбат сақлаб турмоқда. Шоирдаги шу нодир қудратни эътиборга олиб, мен уни ғазал мулкининг султони деб таърифладим.
* * *
Алишер Навоий ўз даврининг кўп муҳим оқимларидан бири бўлган тасаввуфнинг нақшбандия мактабига хайрихоҳлик билдирган, кўп сўфий терминларини ўз ғазалларида ишлатган, бироқ у Абдураҳмон Жомийга ўхшаб тасаввуф низомномаси билан боғланмаган.

Шоирнинг шу маъноли ғазалини эслайлик:
Мени ўлтургай эди муғбачаларнинг алами,
Дайр пирининг агар бўлмаса эрди карами.

Маълумки, харобат — кайф-майхона-пир ва муғбача орқали даҳрийлик кайфиятларини куйлаган Навоий замона тўғрисида бу ерда катта умумийлаштирма ясаб, ўз замондошларини инсонпарварлик ва меҳрибончилик томон чорлайди.

Ҳар дам, эй аҳли замон,
майли ситам қилмангким,
Ҳар нечаким деса бас бизга замоннинг ситами.
(IV девон)

Диққат қилинса, шоир ўз замонасида ҳаёт ноҳақлик, ноинсофлик билан давом этаётганлигини одамларга уқдиргандан ке­йин, замондошларини зулму ситам усулини йиғиштириб қўйишга чақиради.
* * *
Маълумки, ғазални классик поэтикада “муттаҳидул қофия” (яъни бир қофия негизида тузилган “як қофиячи”) асарлар қаторига киргизганлар. Бироқ барча ғазалларда бир воқеа, бир сюжетга риоя қилиб бутун бир асар яратиш ҳеч қайси шоирга муяссар бўлган эмас. Лекин кимки бир бутун воқеага банд қилиб ғазал яратган бўлса, бундай ғазалларга ЯКПОРА ғазал деб ном қўйганлар. Алишер Навоийда шу хил якпора ғазаллардан юзлаб топиб ажратиш мумкиндир.
Биз бу мақола доирасидаги тор имкониятдан фойдаланиб, шоирнинг битта якпора ғазалини табаррук юзасидан шу ерга кўчириб ўқувчиларимизга ҳавола қиламиз.

Иситқон, нозанин жисмингки, тердин тушти тоб ичра,
Эрур бир оташин гул баргиким, ётқай гулоб ичра.

Иситма ранжидин, эй гул, бўлубсен ғунча андоқким,
Ҳариру ҳуллалиқ жисминг тушубтур печу тоб ичра.

Исиғлиғдин танинг ўт бўлди, тонг йўқ, неча толпинса,
Ҳароратдин қолибтур шуъла дойим изтироб ичра.

Қизил чодиршабу мовий тўшаклар ичра титрарсен,
Анингдекким қуёш кўклар била гулгун саҳоб ичра.

Лабинг ёқути ичра қатра-қатра термудур, ёхуд
Тушубтур дона-дона инжу икки лаъли ноб ичра.

Дедиларким, хароб ўлмиш иситмоқ бирла жононинг,
Не ўтларким бу сўздин тушмади жони хароб ичра.

Не кун бўлғай янги ойдек танинг бўлғай тўлун ойким,
Тўла соғар чекарга базм тузсанг моҳи тоб ичра.

Ўзумни, соқиё, соғ истамон, тутқил тўла соғар
Ки, чархи мунқалиб давронни истар инқилоб ичра.

Навоий, ёрни топсанг саломат, хайрбод этким,
Яна заъф этса ногаҳ, қолмағай жонинг азоб ичра.

Бу том маъноси билан воқеабанд шеърда, яъни якпора ғазалда бутун бир лавҳа мавжуддир. Шоир ўз қаламининг шафқатли ранглари билан ётоқда хаста бўлиб ётган бир ёрнинг қийналишларини енгил бўёқларда тасвирлайди. Ғазални эски анъаналарга хилоф қилиб, уни бошлагандаги кайфият (хасталик кайфияти) билан тамомламайди, балки аксинча тескари ҳолат билан (тузалиш башорати билан) тугаллайди.
Бу мисолнинг ўзидагина Навоий ғазалларининг аксар қисмига хос бўлган бир хислатни буюк ҳурмат билан қайд этишимиз керак. У ҳам бўлса, унинг ғазалларидаги кескин, чуқур, тинимсиз ва гуманистик драматизмдир. Бутун ҳаётнинг, даврнинг, тарихнинг тўхтовсиз тўқнашув ва ўзгаришлардан иборат бўлганини чуқур англаган Навоий юқорида мисол келтирилган ғазалнинг 8-байтида “Чархи мунқалиб давронни истар инқилоб ичра” (яъни: ўзгариб турган коинот (фалак) давроннинг ҳам доимо инқилоб ичида қайнаб туришини талаб қилади) дейиши билан доҳиёна фикрни баён қилган.
* * *
Алишер Навоий сингари буюк сиймонинг юбилей саналари ўзи ҳам юртнинг моддий-маънавий ҳаётида чуқур из қолдирадиган катта ҳодиса каби жаранглайди. 1948 йилда, уруш туфайли анча кечиктирилган бўлса-да, мамлакат бўйлаб ўтган Навоий тўйи меросга бўлган муносабатимизнинг доимий барқарор бўлмоғини таъминлади.
Ҳозир Навоийнинг юксак юбилейи кунларида бизни бўлак нарсалар кўпроқ қизиқтирмоғи лозим. 1. Бизнинг замонавий шеър маҳсулимиз кўп, ҳаддан ошиқ кўп ва сўлғун мисралар китоб бозорини қоплаб ётибди. Ҳолбуки уларга қўйилатурган талабларимиз бўш, ғайри жиддий, адабий малака даражасидан анча пастдир. Навоий даврида битта ғазални баҳолаш учун устозлар унинг 10 — 15 белгисини текшириб кўрар эди. Бизнинг шеършуносларимизга, ноширларимизга, тақризчиларимизга ва лирик шоирларимизнинг ўзларига бу талабчанлик етмайди. 2. Халқимизнинг бадиий эстетик завқини кўтаришда адабиётимиз ҳали қиладиган ишлар кўп. Чунки бизнинг шу соҳадаги имкониятимиз илгари сира ва сира тасаввур ҳам қилинмаган. Ҳозир 5 нусхали (агар котиб арзон кўчирган бўлса) девон эмас, 50000 тиражли тўплам ўртасида қандай муқояса бўлиши мумкин? Аммо қўлимиздаги қудратли воситалардан фойдаланиб яхши шеърни заҳматкаш хонадонларнинг ярашуви қила олдикми? 3. Навоийнинг бутун ҳаёти ва ижоди учун бош масала халқнинг саодати, бахти, эркин истиқболи бўлган. Булар қаторида у она тилининг, туғма туркий (ўзбек) тилининг тақдири, қуд­рати, ҳурмати, обрўйи ҳисобланган. Навоий юбилейи кунларида биз маданий қурилишимизнинг шу томонига, тил маданиятининг ҳал бўлмай ётган муаммоларини ҳал қилмоққа каттароқ аҳамият берсак, буюк шоирнинг руҳи хурсанд бўладиган вазифаларни бажарган бўлурмиз!

Мақсуд ШАЙХЗОДА

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг