БУҒДОЙГИНА СЎЗИМ БОР

73

… Илк шеърларидаги шабнам ҳали гуллар бағрига сингиб улгурмасдан, ­Ойдин Ҳожиева “Мен севган қўшиқ”, “Заркокил қиз ва қуёш”, “Манзиллар”, “Наво”, “Тароват” сингари йигирмадан зиёд шеърий тўпламларини эълон қилди. Бу тўпламларнинг ҳар бири шоира ижодий йўлининг муҳим бекатлари, уни шеърий камолот манзиллари сари элтувчи муҳим довонлардир. Одатда, йиллар ўтиши, ҳаёт ва шеърият шоир ва шоиралар кучини симириши билан шеърият чаманзоридаги баҳорий ифор кузги шамолларга ўрин бўшатади. Аммо шоир ва шоиралар қалбида ҳаётга муҳаббат, келажакка ишонч, ишқий туйғуларнинг ҳидоят йўллари билан туташиб, ибодат масканини бунёд этишига умид завол кўрмай яшаса, бундай шеърият чаманзорларидан баҳор аримайди.
Ойдин Ҳожиева шеърияти шундай баҳор тароватига ошно шеърият.

Наим КАРИМОВ,
академик

 

Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири

* * *

Ватанни соғиниб турналар қайтди,
Қирларда лолалар салавот айтди,
Олча, ўрик гуллаб, бол тугар пайти
Соғинчлар бош урган остона бўлдим.

Мажнунтоллар ёйди чилвир сочини,
Иссиқ инлар қучди қалдирғочини,
Наврўз кийди яна кўклам тожини,
Вулқон кўчган тоғдек ларзона бўлдим!

Яшил сўқмоқларда ҳилпирар шамол,
Тоғлар елкасида пистоқи рўмол,
Қартайган Ер янги келинчак мисол,
Ҳутнинг ёмғирлари дурдона бўлди.

Қайғурма, дил,
гуллаш фаслинг қайдадир? —
Чўбонлар сайратган қамиш найдадир,
Гулла, гул хирманинг тил-кўкайдадир,
Найнинг пардасида тарона бўлдим.

Онажоним

Онажоним,
Кўзларингизда
Куннинг нафаслари бор эди.
Онажоним, юзларингизга
Ойнинг ҳаваслари бор эди.
Онажоним, сиз билан жаҳон
Беҳигулдай ифорли эди.
Тунлар ойдин, кунлар шодмон,
Шабадалар дуторли эди.
Тушларимга кириб чиқасиз,
Сочларимни ўриб чиқасиз.
Фариштадай бошим узра гоҳ
Оромимни кўриб чиқасиз.
Талпинаман, қучсайдим қани?
Соғинчлардан қочсайдим қани?
Кўз ёшларим гулга айланса,
Пойингизга сочсайдим қани?
Онажоним!
Жонажоним!
* * *

Буғдой ноним бўлмаса,
Буғдойгина сўзим бор.
Ҳар сўзимда чийлаган
Ям-яшил илдизим бор.

Меҳр кўрган одамдан
Элга қайтар муҳаббат,
Ҳар дилда юз ҳарорат,
Ҳар кўзда юлдузим бор.

Молим етмаганига
Жонимни қилдим нисор,
Дўстга очиқ остонам,
Келса ёруғ юзим бор.

Туз баҳона ким келди,
Қарз баҳона ким келди,
Ғарибона ким келди —
Ўртада нон-тузим бор.

Ғойибона, юзма-юз
Эл тутинган жонимсиз.
Шоирам деб сийлаган
Ҳур Ўзбекистонимсиз.

* * *

Юрагимнинг кунгай адирларида
Лалми буғдой каби унар севинчлар.
Қай душманим тошдай бағирларида
Ҳар тун қайраб чиқар туҳмат-қиличлар.
Майса-севинчимга ўт тушиб бот-бот.
Ини ёнган қушдай қалб чекар фарёд.

* * *

Мен сизни жон ичра жон деб суйибман,
Сизга — ёлғизимга бино қўйибман.
Мен Сизни аябман ёмғирдан, қордан,
Бемаҳал шамолдан, ранжу озордан.
Осмонни яшартиб янги ой чиқса,
Сизга омад тилаб дуо қилдим мен.
Қай сўзда эзгулик, азизлик уқсам,
Таърифингиз учун раво кўрдим мен.

Ўзимдан ортина олмаган кезда
Бўлолмасам гоҳ-гоҳ Сизга меҳрибон,
Қор ёғмасми шунда қовоғингиздан,
Тушмасмикан ерга узилиб осмон!

Мен Сизни жон ичра жон деб суйибман,
Сиздек ёлғизимга бино қўйибман…

* * *

Онам, сизни шивирлаб айтсам,
Кўксимда минг булоқ қайнайди.
Шивалайди руҳимга найсон,
Дилимда булбуллар сайрайди.

Ул булоқ сувлари жаннатий,
Ул қушнинг сайроғи жаннатий,
Илоҳий хаёллар чақнайди,
Шодлигим сиёғи жаннатий.

Мен довул ё бўрон эмасман,
Сибизға мисли бир созим бор.
Мен ҳам эл қатори тўкисман,
Менинг-да камим бор, озим бор.

Мен Сизни шивирлаб куйлайман,
Бақироқ, пуч сўзга ҳушим йўқ.
Ўзимдан адашсам дафъатан
Дилимда Ватандай қушим йўқ…

* * *

Менинг дил сўзларим — осудаларим,
Талотўп дунёда маъсудаларим,
Кўзимни ўйса-да, минг битта нокас,
Биргина дўстимга қасидаларим.

Юрагим қонидан кўклаган гулим,
Жаннат чашмаларин йўқлаган гулим,
Оқ сут бериб боққан фарзандим каби
Нону тузларимни оқлаган гулим.

Умр боғимдаги латиф ифорсан,
Гўдак кулгусидай соф, беғуборсан.
Фаришта бўлиб сен очдинг эшикни
Қай даргоҳга элчи-шеърим юборсам.

Иссиқ юзларимга пешвоз бир меҳр,
Сўзимга ярашиқ тансиқ бир калом.
Шу элим, шу Ватан кўзларидадир
Абадий севинчим, туганмас илҳом.

* * *

Эй Ватан, қадрингни мен
Ҳазрат Навоийдан сўрай.
“Минг бир кеча”лар элчиси
Қирқ мингта ровийдан сўрай.
Ғозию шаҳидларинг
Ҳадди-ҳисобидан сўрай.
Нажмиддин Куброларинг
Хоки туробидан сўрай.
Машрабингни ошиғи
Дорнинг жавобидан сўрай,
Нодира кўксидаги
Қонли рубобидан сўрай.
Қодирийдек нолавор
Бағри кабобидан сўрай.
Кеча-кундуз Фитратинг
Тортган азобидан сўрай.
Зулфия фахридану
Ҳижрон китобидан сўрай.
Зор Саида бўзлаган
Йиллар азобидан сўрай.
Тан руҳинда титраган
Кимё-симобидан сўрай,
Қадрингу Эркингга эш
Дил Инқилобидан сўрай.

ДЕҲҚОН

Товшинг турналарнинг
“қур-қур”лашидай
Қирга бойчечаклар экиб ўтади.
Биллур булоқларнинг шилдирашидай
Майсаларга шудринг тақиб кетади.

Ғорда калавадай чигал бир сукут,
Калаванинг учин топар қаҳқаҳанг.
Тошларнинг бағрида уйғонар умид,
Сўқмоқлар тоғларга чиқар қисталанг.

Боғларни жаннатнинг ислари босиб,
Ҳаёт неъматидан баҳраманд инсон.
Ларзон олмаларга исириқ осиб,
Шохларига тиргак қўяди деҳқон.

Яшил байроқлардай ҳилпирар ғўза,
Илдизи шамчироқ пиликларидай.
Унга қўл урасан — меҳринг андоза,
Ҳар шона — меҳнатинг битикларидай.

Милёнлаб ғўзанинг нозик илдизи —
Улаб қўйилганми томирларингга,
Эгат оралайсан дилдан нур сизиб,
Бир зум кетолмайсан адирларингдан…

Туркистон
йўлларида

Бу ерларнинг ҳаволари —
Етмиш дарднинг даволари.
Минг бир гиёҳ ҳидли, дейсиз,
Асалари сутли, дейсиз.

Тўрғайлари дорбоз экан,
Қизғалдоқлар танноз экан.
Қирларининг “ёқа”сига
Чучмомалар пардоз экан.

Оқбош, такасоқоллари,
Анқийди жийда боллари,
Қўбизчими шамоллари,
Аломат нағмасоз экан.

Бўйнида қўнғироқчалар
Дикирлайди улоқчалар.
Юлғунлар илдизин “тишлаб”,
Қиқирлайди булоқчалар.

Бияларнинг биқинида
Тойчалари кишнаб юрар.
Шафақларнинг яғринида
Булутлар ирғишлаб юрар.

Йўл бетида юмрон турар,
Дейсиз: ноғорабон турар.
Тошбақа тарозбон турар…
Тулкилари раққос экан.

Яшил дарё — яшма дарё,
Баҳорий карашма дунё.
Миртемирнинг сочмасидай
Нафосатга чашма дунё!

Минг турфа қуш “Ёсин” ўқир,
“Алҳамдулилло”син ўқир.
Сен ҳам намозингга ўтир,
Ям-яшил жойнамоз экан!

* * *

Ой боқади бир сокин,
Сокингина боқар тун.
Борлиққа тамом ҳоким
Ён-веридан оқар тун.

Ой сузади жимгина,
Елпийди уни шамол.
Юлдузлар зина-зина,
Липиллаб кетар хиёл.

Фонус мисол сузар ой
Ёритгани тун ҳуснин.
Учраганда телба сой,
Унга отади ўзин.

У тўлқину бу тўлқин,
Ой учади арғимчоқ.
Нурланади сиёҳ тун,
Ёришиб борар қирғоқ.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг