ОТАМ АЙТГАН ЎЗБЕКИСТОН ШУ

222

Алишер БОЙМУРОДОВ

Таъриф
Бобом эккан чарос узум боғ,
Момом тиккан қадимий қуроқ,
Бахтин кутиб яшаган узоқ,
Отам айтган Ўзбекистон шу,
Онам айтган Ўзбекистон шу.

Чўлпони бор, отса ўлмаган,
Усмони бор, қирққа тўлмаган,
Фарзанди йўқ шоир бўлмаган,
Отам айтган Ўзбекистон шу,
Онам айтган Ўзбекистон шу.

Қанча дардни чеккан бу Турон,
Қанча сирни кўрган Хуросон,
Болалигим ўтган Зарафшон,
Отам айтган Ўзбекистон шу,
Онам айтган Ўзбекистон шу.

Беллашмагин билганинг билан,
Юрак бағрим тилганинг билан,
Фисқу фасод қилганинг билан,
Отам айтган Ўзбекистон шу,
Онам айтган Ўзбекистон шу!

Она тилим
Уч дарёдан сув ичган денгиз,
Дунё сатҳи бўйида бир из,
Ўхшаши йўқ беназир, тенгсиз,
Сўзлашамиз ўзбекчада, кел,
Ўз тилига эга бўлган эл.

Деҳқонинг ҳам шоирдир, ҳассос,
Кетмон — қалам, шудгоринг — қоғоз,
Чўпонларинг бирдай тилшунос,
Сўзин тинглаб сел бўласан, сел,
Ўз тилига эга бўлган эл.

“Ярал” деди: биринчи калом,
Минг забонда айтилди салом,
Қуш тилида байт битмиш бобом,
Энди маҳкам боғлагайсан бел,
Ўз тилига эга бўлган эл.

Тарихинг бой, келажак ёрқин,
Болаларинг — Алишер, халқим,
Ўзбекистон, уммонсан сокин,
Кам эмас-ку, ахир ўттиз йил,
Ўз тилига эга бўлган эл.

Бола эдик…
Бола эдик биринчи синф,
Хотирлайман бари-барини.
Алишардик сурат тушганда,
Абдулланинг кийимларини.

Ортимиздан қувлатар эдик,
Инларини бузиб арини.
Ортда қолиб сақлардик чангдан,
Абдулланинг кийимларини.

Вақт судралди илонга ўхшаб,
Кўрдик бирга ўндан нарини.
Билмас эдик қоққанин ҳаёт,
Абдулланинг кийимларини.

Ёш эди деб, ёшланди қишлоқ,
Аза тутди ёшу қарини.
Синфдошлар бўлишиб олдик,
Абдулланинг кийимларини.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг