ЙЎЛЛАРИМГА ҚАРАЙДИ ОНАМ

451
Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ
МУҚАДДАС ТУПРОҚ 
Отам ётган тупроқ,
Онам севган куй,
Болам боққан шуъла
Сен ёққан чироқ!
Мен соғиниб сени
Ботган ёруғ ўй,
Қонимга жўшқинликни
Уйғотган жала –
Жону танимдирсан,
Муқаддас тупроқ!
Руҳимдаги шафақ
Навоийдан эл,
Яссавийдан мужда,
Машрабга рафиқ,
Ўзбекона бу cел
Ёғмас беҳуда,
Ҳақдан ҳикмат тавфиқ
Ўргатар ҳар чоқ.
Тўртта фасл рози
Набиранг чақмоқ,
Офтоб ўқиб турган
Китобсан-ку  оқ!
Жону танимдирсан,
Муқаддас тупроқ.
Кўнглинг билан
Мен ҳам
Алпомиш бўлдим.
Неча қалмоқларнинг
Босқинидан соғ.
Сенинг енгиб бўлмас
Руҳинг билан ҳей,
Доғ тегмаган номус
Оринг билан дей,
 Эрким  Тангритоғ!
Ҳар чоқ чалиб тургин
Эзгу қўнғироқ,
Жону таним менинг,
Муқаддас тупроқ.
КАРВОН  ЙЎЛЛАРИДА 
Карвон йўлларида учрашдик, жоним,
Сен саҳро қизисан, мен тоғ ўғлони.
Қаро кўзларингда ёниқ армоним,
Иккимиз бир кунга Шошнинг меҳмони.
Орзулар мавжланди, юраклар ёнди,
Оламга афсона тоза ғуссамиз.
Бизга кўнгли очиқ тонглар инонди,
Қисматдош дарахтлар каби ўсамиз.
Кўнглимиз поклайди юртни соғиниш,
Сен  Шарққа, мен Ғарбга йиғлаб қарадик.
Мангу саодатдир ишқ-ла  оғриниш,
Ўзни англаб туриб, Ҳақни англадик.
Карвон йўлларида сачраса қоним
Мен ошиқиб боргум Кўҳак  томонга.
Унутма, бир лаҳза унутма, жоним,
Бир кунга келганмиз Шошга меҳмонга!..
ДЎСТ
Дўст, фақат тўғрига қарагин,
Нигоҳингни бурма четларга.
Кимгадир ёрдамга ярагин,
Салом бер ҳаттоки итларга.
Ҳабибингга ҳақ сўзни сўзла!
Ярасига  шифои малҳам.
Кўзласанг ҳам шафақни кўзла,
Бўлгинг келса бўлолгин шабнам!
Уйғотгин ухлаган тоғларни!
Ғаниминг-да дийдорингга зор.
Эслатгин мунаввар чоғларни,
Қаҳратоннинг ўртасига бор…
Елларнинг шивири кузгача,
Пистоқи япроқда вовайло.
Кўнглинг бўлсин рангин, ўзгача,
Қаршингдадир вафодор Лайло.
Туманларга йиғлаб очдинг дил,
Шафақ бўзини ҳам эркала!
Ёруғликка тута билгин гул,
Ҳақ жилмайгай қайга қарама!..
Дўст, фақат тўғрига қарагин!..
МУСИЧАЛАРИМ
Ўзим хон, кўланкам гўёки майдон,
Қайлардадир унут азиз дардларим.
Бўлдингиз кўз олдимда пайдо ногаҳон,
Деразамга қўнган мусичаларим.
Деразамга қўнган мусичаларим:
Айтинг, мен қандайин нодон бир мезбон?
Тўкис турмушимдан қотибди дилим,
Қанча дамлар бўлди кутмасман меҳмон…
Кутилмаган меҳмон, қўшни, қадрдон,
Уйғотди нигоҳингиз азиз дардларим.
Кўнглимда ҳамон омон экан-ку армон –
Деразамга қўнган мусичаларим.
Келинг, сочаман дон, бергум сутли нон,
Баҳор, ёзни, кузни кўнглимга солинг.
Бу дунёда мен ҳам бир дамли меҳмон,
Фақат унутибман, кечира қолинг!
Деразамга қўнган мусичаларим…
ИЙМОН
Оловланди булутлар орти,
Қалдирғочлар сўйлади достон.
Юрагимга ханжарлар ботди
Сени ўйлаб, сени дилбаржон –
Сенсиз яшаш қандай азобли –
Қайлардасан, кимдасан, иймон?
Ҳолбуки тун, ҳолбуки саҳар,
Ниятларим бўлгандай хароб.
Қасосларим борар дарбадар,
Қамчилайди фақат изтироб.
Орзуларим берганча додин
Ортга суриб чопқилар шайтон.
Шунда ҳам мен уфққа боқдим,
Ниманидир кутдим интизор.
Ёғдуланди бир валий оқим,
Кулиб пешвоз чиққандай нигор.
Каромат қил беғубор ёдим,
Ҳовлиққанча сўрайман имкон!
Оловланди булутлар орти,
Қалдирғочлар сўйлади достон.
Яна мени иймон уйғотди,
Хайрликлар тилайди Раҳмон!
Сен қанчалар, тотлисан, тотли,
Қўнғироғин чалганда карвон…
ҚАЙТАЯПМАН
Дарёларнинг шошқини бошқа,
Оқ булутлар уйғотди мани.
Хазонрезги дала-даштларда
Соғинганча кишнар саманим.
Йўлларимга қарайди онам,
Қайтаяпман, ул кўклам қани?
Хуржунимда бир парча осмон,
Юлдуз тўкди саҳро оралаб.
Бормисиз соғ дўсти қадрдон,
Ишончингиз оқладими қалб?
Оқ шаҳарга бўлгандай меҳмон,
Қайтаяпман, қайда ул кўклам?
Муродига етгандай қасдим,
Бир дунёга ғарқ бўлганим рост.
Узун бўлиб кетгандай дастим,
Қўшиқларим оқ тоғларга хос.
Чўнг чоҳларга боқаман дўстдай…
Қайтаяпман, қайда ул кўклам?
Олқиш бўлсин сенга ҳам, ғаним,
Одамлигим англатдинг такрор.
Йўлга чиқдим бўлганча ғаний
Юрагимда қолмади ғубор!
Оқ лайлакка ишониб дардим,
Дийдорингдан ўлгунча хуррам,
Топингани онажон ўлкам
Қайтаяпман, шафақда кўклам!
                       * * *
Эски дўппичамни топган набирам,
Кийиб олинг, дейди – урмасин офтоб.
Чопиб олиб келди, кулгандай кўклам,
Бу туҳфа нақадар соф, нақадар ноёб.
Боболарим шаъни  порлар бошимда,
Вабодан ҳам қўрқмай ер чопдим тинмай.
Чанглар меҳмон бўлди киприк-қошимга,
Машраб каби мастман, берсангиз-чи най!
 * * *
Ҳаёт – эллик ёшдан кейин нимадир?
Топган дўстларингни йўқотмоқ наҳот?
Орзуларинг даштда қолган кемадир,
Кўнгил луғатингда сўз борми – сабот?
Қуриб ётган кўлдек сезасан ўзни,
Садо берсанг осмон қайтармас жавоб.
Жони-жаҳонингда уфурган кузни
Сариқ рангларига термулмоқ азоб.
Кўзинг қароғида асраган гулнинг
Бедоғ ифорига қўнгандек чанглар.
Ўртасида келиб қайрилган йўлни
Нимасидек бўлиб кўринар ранглар.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг