БИТИГ ВА ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАР

122

Тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор
Қосимжон СОДИҚОВ билан суҳбат

— Она тилимизнинг жамиятимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсда обрў-эътибори ортиб бормоқда. Тилимиз нуфузи ва мавқеини янада ошириш мақсадида қабул қилинган фармон ва қарорлар, 21 октябрь санасининг Ўзбек тили байрами куни, деб белгилангани халқимиз, айниқса, ижодкорлар, илм-фан аҳли томонидан улкан мамнуният билан эътироф этилди. Президентимиз шу йил 20 октябрда яна бир тарихий ҳужжат — “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти, тарихий аҳамияти ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

— Бу фармоннинг эълон қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, қолаверса, ўзбек тили тарихида улуғ ҳодиса бўлди. Бу ҳам бўлса, асрлар оша бойиб, ривожланиб келган она тилимизга бўлган юксак эътибордир. Шу ўринда мен эътиборингизни давлат ҳужжатида тилга олинган икки масалага қаратмоқчиман.
Фармонда давлат тилини ривожлантириш, янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Демак, тилни ривожлантиришга, луғатимиз янги сўз ва атамалар билан бойишига кенг йўл очилаётир. Бу нарса ўқимишли кишиларга, айниқса, тилшуносларга катта вазифаларни юклайди. Шунингдек, фармонда давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, интернет жаҳон ахборот тизимида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш ­лозимлиги таъкидланган.

Айни йўналишда қилинадиган ишлар жуда кўп. Биз аввал компьютер технологиясида ишлатиладиган сўз ва атамаларни жой-жойига қўйиб, шундан кейин компьютер дас­турларини ўзбекчалаштиришимиз керак бўлади. Бир дастурнинг ўзида кўрсатма ва вазифаларни бир неча шаклда қўллаш мумкин: буйруқ шаклида, “-иш” қўшимчали масдар, бош ва жўналиш келишигидаги от шаклларида ва бошқа… Энг муҳими, ишлатадиган сўз ва атамаларимиз, уларнинг ифода шакли ўзбекча лутф, ҳурмат доирасида бўлгани яхши. Ҳар бир сўз ва атамада ўзбек тилининг бойлиги, услубий имкониятлари кенглиги кўриниб турсин. Кўрсатмалар “ёз”, “ўчир”, “ёқ” деб эмас, “ёзинг”, “ўчиринг”, “ёқинг”, “бир оз кутинг”, “ўнг қўлга кўчинг”, “сўл қўлга кўчинг” сингари. Бундай ўринларда соф ўзбекча, ҳамма англайдиган сўзларни излаб топмоғимиз лозим. Тилимиз тарихига эътибор қаратсак, сўз луғатимиз бой эканини биламиз. Тинимсиз изланиш ва меҳнат ҳамда вақт талаб этилади. Ташқи тиллардан оқиб келаётган сўзларга ружу қўявермайлик, имкониятларни кўпроқ ўз тилимиздан топайлик.
Ўзбек тилимиз томири мозийларга бориб туташади. Сўз ўрнини маънодош сўзларимиз тўлдириб келаверади. Сўзларимиз ҳам сермаъно хусусият ва мазмунга эга.
— Айтганингиздек, она тилимизнинг тарихий илдизлари жуда ҳам теран. Тарихий манбалар, кўҳна битиглар, халқ оғзаки ижоди намуналари бунга далил. Сизни жамоатчилик туркий ёзувлар тарихи, битиглар тили бўйича мутахассис сифатида танийди. Шу ўринда ўзбек тилининг тарихи тўғрисида мулоҳазаларингизни билдирсангиз.
— Ўзбек тили узоқ асрли ёзув анъанасига эга бўлган энг қадимги тиллар таркибига киради. Унинг тарихи аслида милоддан бурунги даврларга илдиз отган. Биз тилимиз ўтмиши билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Тил тарихи тўғрисида сўз кетганда, аввало, умумхалқ тили ва адабий тил тушунчаларини фарқламоқ керак. Бундан ташқари, жонли тилнинг оғзаки ва ёзма кўринишлари бор. Ўтмишда ҳар иккисининг ўз атамаси ҳам бўлган. Улуғ шоир ва олим Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида ёзма тилни битиг сўз деб атаган эди. Қадимги туркий тилда битиг – “битиг, ёзув; китоб; хат; ҳужжат” англамларига эга. У “ёзмоқ, битмак” маъносидаги -бити феълидан ясалган. Битиг сўз атамаси “битилган сўз; китобий сўз; матн”, тилшунослик тушунчаси билан айтганда, “ёзма тил, адабий тил” маъносини беради. Бунинг акси бўлмиш “оғзаки тил”ни, “нутқ”ни Юсуф Хос Ҳожиб тилин сўз, Адиб Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий сингари ижодкорлар эса ўз асарларида ағиз тил деганлар.
Муҳими шундаки, умумхалқ тилининг ҳам, адабий тилнинг ҳам ўз тарихи бор. Жумладан, ўзбек умумхалқ тилининг тарихи олтой давридан бошланади. Ёзма адабий тилининг тарихи эса туркий матн тузиш анъанасининг бош­ланиши, ёзма тил ўлчовларининг юзага келиши ва уларнинг қатъийлашуви билан боғлиқ. Шунга кўра, ўзбек адабий тилининг тарихи ёзма ёдгорликлари маълум бўлган қадимги турк давридан (V–VIII юзйилликларда яратилган битиглар тилидан) бошланади.
Туркий халқларнинг булардан-да эски, ҳатто милоддан бурунги даврларга тегишли ёзув ёдгорликлари ҳам топилган. Бироқ улар йирик матнлар эмас, турли буюмлар сиртидаги бир-икки сўз ва қисқа жумлали битиглардир. Улар ёзма тил тарихини ўрганиш учун озлик қилади. Шунинг учун, ҳозирча, адабий тил тарихини туркий халқларда ёзув маданияти ва матн тузиш анъанаси юксалган, саводхонлик даражаси юқори бўлган Биринчи ва иккинчи турк (кўк турк) хоқонликлари давридан бош­лангани маъқул. Кейинчалик, яна йирикроқ битиглар топилса, адабий тил тарихини нарироққа суришнинг имкони бўлар.
Ўзбек тили ўзининг узоқ асрли тарихий такомили даврида бир қанча босқични ўтган. Тил тарихи, ўз нав­батида, бир неча манбалар асосида ўрганилади. Таъкидламоқ ўринлики, тил тарихини ўрганишда энг ишончли манба бугунгача етиб келган ёзув ёдгорликларидир. Ўтмишда туркий тилда яратилган диний-фалсафий асарлар, бадиий адабиёт намуналари, тарих китоблари, эпиграфик матнлар, қабртош ёзувлари, ҳуқуқ, хўжалик ишларига тегишли ҳужжатлар ва бошқа ёзма обидалар ўзбек тили тарихини ўрганишда энг муҳим манбалар саналади. Муҳими, илк ва ўрта асрларда туркий тилдагина эмас, хитой, суғд, араб ва форс тилларида ҳам туркий тиллар тўғрисида маълумот берувчи луғат ва грамматик асарлар яратилган. Улар ҳам туркий тиллар тарихини ўрганишда ишончли манба бўла олади.
Яна халқ оғзаки ижоди намуналари ҳам тил тарихининг асосий манбалари саналади. Қадимги халқларнинг афсонаю достонлари, эртаклари, қўшиқлари, мақол ва иборалари жуда кадимги замонларга илдиз отган ва муштарак боғланади. Фольклор бадиий тафаккурга, тил анъаналарига таянади; юзйиллик­лар оша шаклланган ушбу ижод намуналари эски тилни ўзида яхши сақлайди. Эски жойлар, шаҳар ва қишлоқларнинг оти, тоғ ва сувларнинг оти ва бошқа географик отлар, халқ ва уруғларнинг оти тилнинг эски қолдиқларини сақлаб келмоқда. Улар ҳам тил тарихини ўрганиш учун муҳим манба вазифасини ўтайди. Тил тарихини юқорида тилга олинган ана шу манбаларга таянган ҳолда ўрганамиз. Бу тарих билан шуғулланувчи мутахассис ўша манбаларни ўқий олмоғи керак.
— Эски қўлёзмалар, тарихий манба­лар ўтмишдан сўзлайди. Уларда аниқ далиллар кўп, гоҳида чалкаш маълумотлар ҳам учраб қолади. Фанда таҳлил, қиёслаш ва талқин деган тушунчалар бор: буларга қандай қарайсиз?
— Қўлёзма матндаги бир сўзни хато ўқиш ва нотўғри тушуниш баъзан талқинни ҳам чигаллаштириб юбориши мумкин. Ёзма манбани нашрга тайёрлаш иши анча қийин. Шу ўринда эски васиқаларни ўқиш ва уларнинг талқини билан боғлиқ бир-икки мисол келтираман. Бугунга қадар илк ўрта асрларда яратилган васиқалар сақланиб қолган.
Васиқа – кишилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқийлигини таъминловчи, яъни олди-бердини, гаровга қўйилган буюмни, сотилган ёки ижарага олинган мулкни, меросни, шунингдек, қулларга берилган эркинликни, сотилган қулнинг бундан буёнги эгасини, асраб олинган боланинг эндиги ота-онасини тасдиқловчи, далилловчи расмий ҳужжат.
Россия ФА Шарқ қўлёзмалари институтида ФВ 277/1, О.2 кўрсаткичи остида сақланаётган ҳужжатда кичик буддавий жамоанинг битими берилган. Васиқа эски уйғур ёзувида. Унда шундай жумла бор: Ким қайу бу ўн кичиг қурда кетайин тесар, балиқ бегика башлиғ эт берсун, қамaғ кичиг қурқа бир семиз қўйн, бир қап эдгу бўр, Tсў-сў бурханқа бир йивак тўн берсун.
Ушбу жумладаги бaшлиғ эт сўзини олима Л.Ю.Тугушева ҳужжатнинг бир нашрида бaшлағ ат деб ўқиб, русчага “лошадь вольного выпаса” деб ўгирган, кейинги нашрида эса бaшлиғ эт деб ўқиб, русчага “туша (букв.: мясо) с головой” деб ўгирган. Бирикманинг бaшлағ ат деб ўқилиб, “лошадь вольного выпаса” дея талқин қилинуви тўғри эмас. Ундай бўлганида, бўшлағ ат (яъни “эркинликда юрган от”) деб ёзилган бўларди; ваҳоланки, матнда у <а> ҳарфи билан бaшлиғ шаклида ёзилган.
Яна кейинги сўз ат эмас, эт ўқилади. Чунки қўлёзмада эт сўзи, уйғур ёзувининг принципига кўра, битта “алиф” ҳарфи билан ёзилган, агар ат бўлганида қўшалоқ “aлиф” билан ёзилган бўларди. Шунинг учун ушбу бирикма бaшлиғ эт деб ўқилгани тўғри. Бироқ юқоридаги талқинда озгина чалғиш бор, назаримизда. Чунки ҳозирги ўзбек тилида тўш деганда “қўй ё молнинг тўши; гўштининг бир бўлаги” тушунилади. Чалларда ёки бешик тўйида қуда тарафга тўш, яъни тирик мол эмас, балки гўштининг бир бўлаги жўнатилади. Буни кўп ўйладим. Негадир, васиқанинг шартига кўра, шаҳар бегига тўш берилиб, қолган кичик лавозимдагиларга семиз қўй берилиши мантиқдан эмас. Ўйлаб-ўйлаб, эсимга тана деган сўз келди: “қорамол; йирик ҳайвон”, кўпинча “буқа” англашилади бунда; ўғил тўйида ёки йирик маросимда тана сўйилади. Вилоятларда, кўпинча, чорва билан шуғулланувчи жойларда куёв томон қиз томонга тана (қорамол) беради. Қиз томон куёв яқинлари билан келганда тананинг тўшини пишириб дастурхонга қўяди. Ҳозир ҳам бу урф-одат мавжуд.
Шунинг учун, ушбу васиқадаги бaшлиғ этни “бошли тўш”, яъни “хом гўшт” (“туша с головой”) эмас, “тана” (яъни “қорамол”) деб олингани маъқул. Шунга мувофиқ ҳолда, унинг сифатловчисини башлағ эмас, башлиғ (яъни “бош­ли”) деб ўқиймиз. Тана деганда тирик қорамол (яъни буқа ёки ғунажин, баъзан туя) тушунилади. Ҳозирги ўзбек тилидаги тана тушунчаси қадимги туркий тилдаги башлиғ эт билан бир нарсадир.
Шундай деб олинганда, матндан англашилган фикр ҳам изига тушади: шаҳар бекига тана берилади, қолганларга эса ундан кичикроқ бўлган қўй ва бошқа нарсалар берилади. Мана юқорида келтирилган жумланинг тўлиқ ўгирмаси: “Kимда-ким бу ўн кичик қурдан чиқаман деса, шаҳар бекига бошли эт [яъни тана] берсин, барча кичик қурга [яъни жамоага] бир семиз қўй, бир меш тоза май, Тсў-сў роҳибга бир ипаклик кийим берсин”.
Матн талқини билан боғлиқ бошқа бир мисол. Берлин қўлёзмалар фондида T.M.95 (U 5235) кўрсаткичи остида сақланаётган эллик тош бўз эвазига қулни алмаштирилганлик тўғрисидаги ҳужжат сақланмоқда. У шундай бошланган: Tўнғуз йил, икинти ай, уч йангиқа менга, Қуғдамуни Tамуйқа йунглақлиғ бўз кергак бўлуп, Aлпиштин элик таш бўз элигта алип, ўзумнинг Йунчи атлиғ ўн уч йашар эр уланни Aлпишқа турғу-тўмлиту сатдим.
Бу жумладаги эр улан сўзини нашрларда “ўғлимни” дея талқин этганлар. Бундай талқин қилинганда “ота ўз ўғлини бўз эвазига сотиб юборган” деган маъно келиб чиқади. Бизнингча, бундай эмас. Чунки бу ўринда эр улан – “ўғул” эмас, “қул”ни англатади. Юқоридаги жумладан “бўзнинг эвазига ўн уч яшар ўғлимни” эмас, “ўн уч яшар қулимни сотдим”, деган мазмун келиб чиқади. Тасаввур қилинг, бир сўз маъносини хато тушуниш билан ўтмишимизни қораотлиқ қилиб қўйишимиз мумкин. Халқимиз қийин чоғда ҳам боласини сотиб юборган эмас, қийналса ҳам ўзи боққан. Шунга кўра, матнни қуйидагича талқин қилиш мумкин: “Tўнғиз йили, иккинчи ойнинг учинчи куни менга, Қуғдамуни Taмуйга ишлатиш учун бўз керак бўлиб, Aлпишдан эллик тош бўзни қўлимга олиб, (эвазига) ўзимнинг Юнгчи отли ўн уч яшар қулимни Aлпишга узил-кесил сотдим”.
Шунинг учун ҳам матнни ўқиш ва уни талқин қилишда синчковлик билан ёндашмоғимиз керак бўлади.
Ёзма ёдгорликларнинг илмий нашрларини яратиш ҳам ўта керакли ва фойдали иш. Чет эллардаги йирик туркологик марказларда туркий ёзма ёдгорликлар, хусусан, энг кўҳна битиглардан тортиб эски ўзбек тили ёдгорликларига қадар, бари илмий транскрипцияда берилади. Ҳатто Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг илмий нашрлари ё асл ёзувида, ёки транскрипцияда. Негадир биздаги илмий нашрларда транскрипцияга эътибор қаратилмаяпти. Ҳатто докторлик диссертацияларида ҳам мумтоз ижодкорлар асарларидан келтирилган ўрнаклар ҳозир ишлатаётган ёзувимизда. Охир-оқибат ўзбек олимлари тайёрлаган нашрлар чет элларда тан олинмаётир. Биздаги илмий нашрларнинг дунё шарқшунослиги, чет эл туркологиясига тенглаша олмаётганлигининг бош сабаби ҳам ана шунда.
Нашрлар икки хил бўлади: бири кенг жамоатчиликка аталган, бошқа бири – илмий нашрлар. Кўпга аталган нашрларнинг жорий ёзувда берилиши табиий. Чунки мактаб ўқувчисидан тортиб ўқимишли кишилару китобсеварлар классик шоирларнинг асарларини ўқиб ўрганмоғи, фикри озуқланмоғи керак. Лекин филолог-мутахассислар учун мўлжалланган илмий китоблар транскрипцияда берилгани маъқул. Бу нақадар жиддий масала. Жўнгина бир мисол. Алишер Навоий асарларида келган ўт сўзидаги унли товуш икки хил талаффуз қилинади: агар йўғон талаффуз қилинса, “ўт, олов” маъносини, ингичка талаффуз қилинса, “ўтмак (буйруқ)” ёки “ўт қопчаси”ни билдиради. Улар мазмунига кўра бошқа-бошқа сўзлардир. Шунга яраша, ушбу сўзларга қўшимчалар ҳам икки хил қўшилади: биринчисига қўшимчанинг йўғон эши (варианти) қўшилиб, ўтқа, кейингисига эса қўшимчанинг ингичка эши қўшилиб, ўтмак бўлади.
Бу сўзлардаги унлиларнинг йўғон ёки ингичка эканини уларга қўшилаётган қўшимчаларга қараб ҳам ажратиш мумкин. Ёки: туздаги у товуши йўғон талаффуз қилинса, “ош тузи, намак”, ингичка айтилса, “тўғри (киши); текис (ер)” ёки “созни созлашга буйруқ” анг­ламларида келади. Яна ўлтурдаги унлилар йўғон айтилса, “(курсига) ўтирмоқ”; ингичка талаффуз қилинса, “(кишини) ўлдирмак” маъноси англашилади. Шунинг учун ҳам, биринчисига қўшимча қўшилганда, ўлтурғуси, кейингиси эса ўлтургуси бўлади. Бирининг ўрнида бошқасини қўллаб бўлмайди, сўзнинг маъноси буткул ўзгариб кетади. Ҳозирги нашрларда эса буларнинг иккаласи ҳам бир хил ёзилмоқда. Ушбу нашр асосида Навоий асарлари сўзлигини яратмоқчи бўлган изланувчи ҳам ўз-ўзидан саноқда янглишади, уларни қориштириб юборади. Бунинг сингари мисоллар талай. Илмий транскрипция эса бундай чигалликларнинг олдини олади. Яна бир жиҳати, мумтоз асарларимиз тилида ўзига яраша уйғунлик бор: айтилиши йўғон ўзакли сўзларга, қўшимчаларнинг ҳам йўғон эшлари, ингичка ўзакли сўзларга қўшимчаларнинг ҳам ингичка эшлари қўшилган: айламак, билмак, кетмак, тузмак; қарамақ, ўқимақ каби. Ҳатто сўздаги унлининг лабланган-лабланмаганлигига қараб, қўшимчаларнинг қўшилишида ҳам уйғунлик бўлади: кўзум, сўзум ёки элим, тилагим сингари. Туркий унлилар тизимидаги бундай уйғунлик, ўз ўрнида, матн жозибасини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
— Тилимизнинг қайси тарихий даврлари сизни кўпроқ қизиқтиради? Илмий изланиш олиб бораётган йўналишингиз ҳақида билмоқчимиз.
— Илк ўрта асрлардан қолган ёзма обидалар, қадимги ёзувлар, уларнинг тарихи мени кўпроқ қизиқтиради. Мен бор билимимни, кучимни ана шу ёдгорлик­ларни ўрганиш, уларнинг илмий нашрларини яратишга сарфлашни истардим.
Биз ўзбек ёзуви тарихини араб алифбосидан бошлайдиган бўлсак, катта бир методологик хатога йўл қўйган бўламиз: гўё исломга қадар халқимизнинг ёзуви ҳам, ёзма адабиёти ҳам бўлмагандай. Шунинг учун ҳам ўзбек ёзув маданияти тарихини икки катта даврга: биринчиси, араб ёзуви кириб келгунга қадар бўлган давр, иккинчиси эса араб ёзуви ва унда яратилган ёдгорликларга бўлиб ўрганмоқ керак. Ваҳоланки, араб ёзуви кириб келгунга қадар, боболаримиз бир эмас, бир қанча такомиллашган алифболардан фойдаланган. Кўк турк, суғд, уйғур, моний, браҳма, сурёний ёзувлари шулар жумласидан.
“Туркий-рун, ўрхун-енисей, кўк турк ёзуви” деб аталаётган қадимги туркий хат аждодларимизнинг йирик кашфиётларидан бири эди. Ўз даврида бу ёзув доираси Узоқ Шарқдан бошлаб, Олтой ўлкалари, Марказий Осиё бўйлаб Шарқий Европага қадар ёйилган. Кўк турк ёзувида битилган тарихий-бадиий асарлар адабиётимиз тарихининг тенги йўқ нодир ёдгорликлари бўлиб, улардаги инжудай тизилган шоҳ сатрлар ўқиган кишининг кўнглини тўлқинлантириб юборади, ёшларга она-юртни севмоқни, қутлуғ ер-сув, тиниқ кўкни кўз қорачиғидек сақламоқни ўргатади. Ватанга нисбатан кучли меҳр-муҳаббат туйғуси уйғонади.
Суғд ёзуви милоддан аввал юзага келиб, араб истилосига қадар кенг ишлатилган. Суғдларнинг Буюк ипак йўлида олиб борган савдо-сотиқ ишлари, буддизм ва монийликни ёйиш мақсадидаги уринишлари ҳамда маданий таъсирлар туфайли суғд тили билан бирга, ёзуви ҳам узоқ ўлкаларга ёйилди. Шунинг учун ҳам суғдча битиглар суғдларнинг ўз тупроқларидан ташқари, Марказий Осиёнинг узоқ ўлкаларидан ҳам топилган. Яна бир жиҳати, суғдча ёзувдан туркий халқлар ҳам фойдаланган. Туркий битиглар орасида суғдча алифбода ёзилганлари ҳам бор. Яна суғдча алифбо негизида туркий халқлар уйғур алифбосини ҳам яратганлар.
Ҳозир фанда “уйғур ёзуви” дея аталаётган қадимги алифбони Маҳмуд Кош­ғарий “турк ёзуви”, Алишер Навоий “туркча хат” деб атаган. Ушбу ёзув оромий тизимидан ўсиб чиққан бўлиб, исломга қадар ҳам, ислом даврида ҳам кенг қўлланган. Муҳими, бу ёзув XI–XV юзйилликларда турк-ислом дунёсида араб хати билан ёнма-ён ишлатилган. Ота-боболардан қолган ушбу ёзувдан Темурийлар ҳам кенг фойдаланди. Уйғур хати шарқий уйғурлар орасида ҳатто XVIII юзйилликда ҳам амал қилган эди. Шунинг учун бўлса керак, уйғур хатида битилган туркий ёдгорликлар ниҳоятда кўп. Айни чоғда улар дунёнинг йирик қўлёзма фондларида сақланиб турибди.
Ўзбек ёзуви маданияти тарихини, ўзбек адабиёти ва адабий тили тарихини, ота-боболаримиз меросини ўша битиглар ва уларда яратилган ёдгорлик­ларсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Тарихимиз ўша обидалардан бошланган. Халқ тарихи, адабиёт тарихига ана шундай кенг қарашимиз, миллат илдизларини теранликдан изламоғимиз лозим.
Энг муҳими, Марказий Осиёнинг қадим халқлари ишлатган ёзувларда битилган илмий ва маънавий мерос жуда бой. Илк ва ўрта асрлардан терига, қоғозга ёзилган ёдгорликлар, тошлардаги битиглар, сопол, металл буюмлар, ёғочга битилган эпиграфик матнлар, ёзувли тангалар ва тамғалар сақланиб қолган. Шунингдек, эски қабртошлар, қояларга ўйиб ёзилган битиглар ҳам анчагина. Қадимги ёзувлардаги китоблар, расмий ҳужжатлар, турли битиглар ҳозирги пайтда дунёнинг йирик кутубхоналари, қўлёзма хазиналари, тарих музейларида сақланмоқда.
Исломдан бурунги пайтлардан сақланган ёзма меросни ўрганиш, улар устида илмий тадқиқот олиб бориш ўта жиддий масала ва иш. Бунинг ўзига яраша қийинчилиги ҳамда ечими бор: бири – ёзувнинг мураккаблигида. Қачонлардир кенг қўлланган, ҳозирда унутилган ёзувларни ўқиб, уни тадқиқ этиш; иккинчиси – ёдгорликларнинг тили. Уларнинг тили ҳозирги жонли тиллардан тубдан фарқ қилади, айримлари буткул унутилиб, ҳозир ўлик тилларга айланган.
Яқин ўтмишда ҳам ўзбек олимлари Марказий Осиё халқларининг энг эски ёзма обидаларини, хусусан, исломдан бурунги даврларда битилган асарларни рус ёки ғарб олимларининг ишлари, уларнинг транскрипцион нашрлари ва таржималаридан олиб ўрганар эдилар. Энг эски битигларни биладиган, асл манба билан ишловчи мутахассисларимиз йўқ эди. Ҳозир бу тугун ҳам ўз ечимини топа бошлади.
Ўзбек шарқшунослигида, саноқли эса-да, кўҳна суғд, қадимги туркий битигларни (туркий рун, эски уйғур ёзувларини) асл манбалардан, уларнинг қўлёзмалари ва битиг тошлардан ўқиб ўрганувчи мутахассислар етишиб чиқа бошлади. Эндиги вазифа, уларнинг билимини ёшларга ўргатиш, мутахассисларнинг ёш авлодини етиштириб, бу соҳаларда ғарб илми даражасига интилишдан иборат.
— Улуғ инсон, академик, зукко олим Алибек Рустамов билан кўп суҳбатда бўлганман. Домладан кўп нарса эшитиб билганман. У киши бир суҳбатимизда олис мозийдан, кўк турк ёдгорликлари: Тўнюқуқ, Кул тигин, Билга хоқон, Унгин битиглари, “Олтун тусли ёруғ” отли будда сутрасининг узиндиси, уларнинг ўзбекча талқини ҳамда илмий изоҳлари, тилимиз тарихининг нақадар бой эканлиги тўғрисида тўлқинланиб гапиргани хотирамда муҳрланиб қолган. Сиз домладан нималарни ўргандингиз?
— Мен устозларимиз Ғанижон Абдураҳмонов ва Алибек Рустамовнинг “Қадимги туркий тил” китобини ўқиб, тил тарихига кириб келганман. Кейинчалик уларнинг “Навоий тилининг морфологик хусусиятлари” номли китоби ҳам чиқди; ўзбек тилшунослиги учун ниҳоятда қадр­ли асарларга айланди булар.
Алибек Рустамов оғир, босиқ киши эди, кўп гапирмасди. Оз сўзлардию маънили гапирарди. Айниқса, сўз ва унинг маъносига, сўзни ўз жойида ишлатишга катта эътибор қиларди домла. Газетада бўладими ё илмий мақоладами, хато ишлатилган сўзни, ғализ жумлани ўқиб қолгудек бўлса, аччиғланиб кетарди. Менга кўп ёққани, ўзбекча фикрлаб, ўзбекча ёзарди; ноёб истеъдод эгаси эди. Унинг асарларини роҳатланиб ўқийди киши: лўнда, аниқ, тушунарли; илмий мақолалари ҳам, оммабоп ишлари ҳам. Ўқувчини толиқтирмайди. Алибек Рус­тамовнинг ўзига хос услуби бор эди.
Яна домла чуқур, маъноли фикрларди. Унинг “Сўз ҳақида сўз” ёки ўлимидан кейин нашрдан чиққан “Ҳазрати Навоийнинг маънавий олами” китобларини ўқинг, ҳайратга солади кишини.
Домла эски туркий тилни ҳам, араб­чани ҳам, форсчани ҳам яхши биларди. Навоий асарларини яхши шарҳлаб берди ўзбек адабиётшунослигига. “Қадимги туркий тил” китобида ва бошқа бир неча илмий мақоласида Тўнюқуқ, Кул тигин, Билга хоқон, Унгин битигларини, “Олтун тусли ёруғ” отли будда сут­расининг бир бўлагини кучли талқин қилган. Матнларнинг ўқилиши ҳам бош­­қа туркологларнинг ишидан тубдан фарқланиб туради.
Яна у донишманд Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” асари устида ҳам узоқ ишлади: уни рус тилига таржима қилди. Бурунги таржималардаги хато ва камчиликлар тузатилди унинг ишида. Асарнинг биринчи китоби, домланинг кўзи тириклигида, Москвада нашр этилди.
Тошкент давлат шарқшунослик инс­титутида бир бўлимда, Туркиёт кафедраси аталарди у пайтларда, домла билан анча йил бирга ишладик. Алибек Рустамовдек олим билан бирга ишлаганимдан бахтиёрман.
— Тилимизни асраш, бойитиш, уни қадрлаш, ўрганиш учун яна нималар қилишимиз керак деб ўйлайсиз?
— Ота-боболардан мерос қолган ёзма ёдгорликлар ва ўзбек халқ шевалари ўзбек адабий тилининг бойиши учун битмас-туганмас манбадир. Тилимизни бо­йитиш учун, аввало, ёзма ёдгорликларга, халқ шеваларига мурожаат этмоғимиз лозим. Ўтмишдан қолган бадиий адабиёт намуналарида, шеваларимизда биз ҳали эшитмаган қанчадан-қанча сўзлар бор. Бу сўзлар юзйилликлар оша ишлатилиб, синовлардан ўтиб, тугалликка эришган. Уларнинг ясалишида ҳам, маъносида ҳам кемтиклик йўқ: ихчам, содда ва аниқ, қолаверса, жуда чиройли, қулоққа ёқимли.
Ўзбек шеваларида балдиз деган сўз бор. Ихчам, чиройли атама. Бу сўз Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” асарида ҳам келтирилган. Муаллифнинг таъкидлашича, балдиз – хотиннинг синглиси. Эрнинг синглиси балдиз дейилмайди, сингил дейилади.
Маҳмуд Кошғарийнинг луғатида қирғил эр деган сўз бор, “ўрта ёшли киши”ни билдиради. Ёки бўктал эр дейди, бу “ўрта бўйли киши”ни билдиради. Қадимги туркий тилда сандувач сўзи бор, “булбул” дегани. Қаранг, ниҳоятда чиройли сўз. Ёки “саъва”ни сундулач, “бедана”ни бўдурсун деган боболаримиз; “қалдирғоч”ни эса қарғилач аташган, унинг қарлиғач шаклидаги талаффузи ҳам бор.
Қадимги халқ қўшиқларидан бирида ёз билан қишнинг тортишуви кечади. Қўшиқнинг бир бандини Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғати-т-турк” асарида келтирган, унда қушларнинг таърифи чиройли берилган. Ёзнинг қишга қарата айтаётган сўзи:

Сенда қачар сундилач,
Менда тинар қарғилач.

Татлиғ ўтар сандувач,
Эркак-тиши учрашур.

Маъноси: Саъва сендан қочади, менда қалдирғоч тин олади, роҳатланади. Булбуллар ёқимли сайрайди, (қушларнинг) нари билан модаси топишади.
Шундай чиройли сўзларимизни нега ишлатмаслигимиз керак? Ёзма ёдгор­лик­ларда учраган, лекин ҳозир унутилган айрим сўзларни адабий тилда тиклаш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Мен булбул ёки саъва сўзларини чиқариб ташлаб, ўрнига фақат сандувач, сундулач сўзларини ишлатайлик демоқчимасман. Уни ҳам, буни ҳам ёнма-ён ишлатаверайлик; бадиий матнга ортиқча юк тушмайди. Ютганда, она тилимиз ютади.
Адабиётимизнинг забардаст устунларидан Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий сингари улуғ классик ижодкорлар она тилимиз ривожига улкан ҳисса қўшдилар; ўзбек ёзма адабий тилини юксак даражага олиб чиқдилар. Улар ўз асарларида қўллаган сўзларни ҳозирги ўзбек адабий тилида ҳам ишлатаверишимиз керак.
— Ҳозир ўзбек тилига эътибор катта: кўплаб илм масканларида ўзбек тили кафедраси бўлими очилиб, уни ўрганишга иштиёқ кучаймоқда; ўзбек тили чет элларда ҳам ўрганилмоқда. Сиз, ҳойнаҳой, булардан хабардор бўлсангиз керак.
— Европанинг етакчи университетларида лотин тили кенг ўқитилишини эшитганмиз. Бунинг сабаби, лотин тилида системалиликнинг кучлилиги бўлиб, талаба онгида системалиликни шакллантиришнинг энг ўнғай йўли тил ўргатиш экан. Тил қонунларини яхши эгаллаган талабанинг фикрлаши ҳам юқори бўлади. Келгусида уни яхши билган олим, математик бўладими, физик бўладими ёки тарихчи олимми, қатъи назар, унда фикрлаш, янгиликлар яратишга мойиллик кучли бўлар экан. Табиийки, бундай олим фанда кўп янгиликлар яратади, кашфиётлар қилади.
Сўнгги кезларда немис олимлари яна бир янгилик қилди. Улар лотин тилига қараганда туркий тилларда системалилик кучли эканлигини аниқлашди. Шунинг учун ҳам Германияда туркий тилларни ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг тажрибаси бошқа илғор мамлакатларга ҳам ёйилмоқда. Ўзбек тили ҳозир чет элларда ҳам ўргатилмоқда: бу фан қатор мамлакатлардаги йирик университетларнинг ўқув режасига киритилган. Шу жумладан, дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш ҳам йўлга қўйилгани маълум.
Ўзбек тили ва адабиётига қизиқиш чет элларда йил сайин ортиб бормоқда. Манбаларга қаралганда ҳозирги пайт дунёда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони эллик миллиондан ортиқроқ инсонни ташкил қилиши қайд қилингани ҳамда жаҳоннинг 65та олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитилиши ва ўрганилаётгани нафақат олимларимизда, қолаверса, кенг жамоатчиликда ҳам улкан қизиқиш уйғотиб келмоқда. Бу эса, она тилимизнинг нуфузи ва мавқеининг юксалишидан далолат беради.

Мамадали ЭРОНОВ
суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг