КЎЧАЛАРДАГИ «ДОҒ»ЛАР

188

Ҳар бир манзил ҳақидаги илк таассуротни кўча белгилари, ташқи ёзувлар, пешлавҳаю эълонлар беради, десак хато қилмаган бўламиз. Уларни ҳижжалаб ўқиб, шу ҳудуд аҳлининг савияси ва тафаккури ҳақида билиб оласиз. Нега ҳижжалаб демоқдаман, чунки бугунги кўча ёзувларини обдон уриниб ўқима­сангиз, анг­лаш-тушуниш амри маҳол. Алмойи-алжойи, Абдулла Авлоний айтгани каби “… зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш… “масаллиғ” дилингизни ҳуфтон қилади. Пештоқдаги ёзув­нинг маъносини шу дўкон эгаси ҳам айтиб бера олмаслиги – ачинарли.
– Нима десам экан, жаранглироқ эшитилади деб, шу номни қўйгандик, – дейди Қарши шаҳридаги “LA ROSE” келинлик либослари дўкони соҳиби. – Майли, алмаштирамиз. Энди, бу жуда муаммо қиладиган масала эмасдир? Ҳамма алмаштираверсин-чи, мен ҳам янгиларман…
Бугун давлат тилига эътиборни кучайтириш ва бу ишга ҳисса қўшиш – давр талаби, ватанпарварлик иши.
– Тафаккури юксак, маданиятли киши бундай ишларда хато қилмайди, аксинча, намуна бўлади. Чиройли ва соф ўзбек тилидаги ёзуви орқали кимлигини, қандай инсонларнинг фарзанди экани кўрсатиб бера олади, – дейди профессор Нафас Шодмонов. – Ўзи ҳам тушунмаган ёзувни пешонасига илиб қўйиб, яна уни кўз-кўз қилиб фаолият юритиш, билиб-билмай кимларгадир эргашишнинг оқибати.
Бу каби эргашувчанлик ва тақлидларни, афсус­ки, ҳар қадамда учратмоқдамиз. “Қоришма”, тушунарсиз ёзувлар бунёдкорлик ишлари туфайли чирой очаётган кўчалар, манзиллар ҳуснига доғ бўлиб тушмоқда. Хира кўзгу киши кўнглига ёруғлик бермайди.
Бугун кўчалардаги ана шундай “доғ”лар бартараф этиляпти. Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан бир кунда 38 та ана шундай ёт ёзувлар, пешлавҳа ва эълонлар олиб ташланди. Ўз нав­батида давлат тили бўйича маслаҳатчи ва ишчи гуруҳ вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда жорий этилаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.
Тафаккур – бисот. Унда меҳнат самараси намоён бўлади. Тафаккури тиниқ инсонлар келган меҳмонни “мы открылись” деб эмас, “Қадамингизга ҳасанот” деб кутиб олишлари бор гап.

Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилояти
ҳокимининг давлат тили
масалалари бўйича маслаҳатчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг