ЮЛДУЗЛАР ЭЛАТИ ОЛТИН БЎСАҒАМ

12160

Ширин ХОЛМУРОДОВА

Юлдузлар элати
Юлдузлар элати олтин бўсағам,
Тилак олқишларим тўхтамас сенга.
Феълингнинг кенглиги она ер янглиғ,
Ҳам она кўнглига уйқаш, ўхшаган.

Ў, донгдор элатим — юлдузлар эли,
Мудом чин кўнглимдан севаман сени.
Муз эрир халқимнинг қайноқ феълидан,
Тенгсиз гўзаллигинг беқиёс сенинг.

Тўмарис онамиз ўтган бояги,
Сенга шеърлар ёзсам бўлмас адоғи.
Чин юракдан сени севаман, элим,
Аслида бу қувонч кўнглим ардоғи.

Сен ҳақингда шеърим ўтирсам бошлаб,
Ажиниёзни ўқиб, кўзларим ёшлаб.
Онажон халқимни ризо қиларман,
Бир умр шеърларим унга бағишлаб!

Азизим,меірибоним
Азизим, меҳрибоним,
Сен менга керак эдинг.
Дунёда сен бўлганда
Шодланиб юрар эдим.

Яшабман мен онасиз,
Қанча йил бу ҳаётни.
Хатолик, билмасликда
Босибман ҳар қадамни.

Оламда қувончлар бор,
Қайғу ҳам етиб ортар.
Мен сени қўмсасам зор,
Хаёлим кетиб қолар.

Одамлар яшаб ётир,
Кунлар ҳам ўтаётир.
Йилларни йиллар қувиб
Манзилга етаётир.
Биламан, сени тақдир
Кўп эрта олиб кетган.
Мен эса бир умрга
Онасиз қолиб кетган.

Кетарман мен ҳам бир кун
Хумор бўп дийдорингга,
Ҳолларинг қандай кечди
Билмадим, у ёқларда.

Ризоман, бир нарсага,
Бу ҳаёт оққанига.
Ризоман, онажоним,
Сен мени туққанингга!

Тошкентим
Киндик қоним томган элатим,
Бутун шарққа довруқли отинг.
Қайга борсам ўзбекистонлик дер,
Қорақалпоқ бўлса-да зотим.

Юрагимга яқин ерларим,
Учиб борсам “келавер” дерим.
“Тошкент сенинг киминг?”, дер бўлса,
“Қадрдоним — онам”, дер эдим.

Боиси, ахир мен сенда туғилдим,
Чимбой тупроғида ўйнаб югурдим.
Сен менинг жонимсан — демак сен орим,
Сен турган тарафдан отади тонгим.

Тошкент дер улуғлар, боболар суйиб,
Инсон юрагига муҳаббат қуйиб,
Сен яшайсан ҳали минглаб асрлар,
Янги замонларни соғиниб, суйиб.

Мен сенга эҳтимол бир наф берарман,
Қалбимнинг тўрида олиб юрарман,
Дунёга келтирган шу азиз қалам,
Сенинг ҳурматингга гуллар терарман.

Осмонда булутлар бемазгил кўчар,
Дард чексам сенга-да сояси тушар,
Менга обрўй келса шериксан сен-да,
Омад юз ўгирса сен мени кечир.

Бир кун сен ёқларга йўлим очилиб,
Қанот қоқсам агар сенга ошиқиб,
Ярашиғинг бўлсам мангу розиман,
Боғларингда турсам гулдай очилиб.

Қорақалпоқ тилидан
Абдумажид Азим таржимаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг