ОНАМ ЯХШИ КЎРГАН ОҚ АТИРГУЛЛАР

138

Нарпайнинг чанг кўчаcида бир қўлида бола, бир қўлида катта тугунча кўтарган аёл далага, пахта чопиғига кетаяпти. Орқасидан уч ёшли сингилчасини қўлидан ушлаб олган олти ёшли қизалоқ эргашиб боряпти. Дала шийпони жуда узоқ. Қизалоқнинг оёқлари толиқиб кетади. Шундай бўлса-да, хаёли синглисида. Синглисини гоҳ опичлаб олади, гоҳ ерга туширади. Синглиси яёв юришни хоҳламай инжиқлик қилиб йиғлай бошлайди. Қизалоқ уни яна опичлаб олади. Бўйи энгашиб бораётганидан тупроқ кўчадан бошқа ҳеч нарсани кўрмайди. Орқасида сингилчаси, қизалоқ ерга қараб кетаётиб бир нарсани орзу қилади: “Қани энди олдимдаги тупроқ кўчадан икки дона конфет чиқиб қолса эди. Биттасини синглимга берардим, бирини ўзим еяр эдим”.
Йўқ, қизалоқ бу чанг кўчалардан жуда кўп марта ўтди. Унинг олдидан икки дона конфет чиқмади. Ке­йинги йиллар у укаларини кўтариб ўтди. “Қани эди олдимдан икки дона конфет чиқиб қолса эди, биттасини укамга берар эдим. Биттасини ўзим еяр эдим”.
Қизалоқ тўққиз ёшида онасидан айрилди. Бир оилада етти гўдак ярим етим қолди. Энди бу чанг кўчалардан унинг кичкина юраги катта айрилиқни зўрға кўтариб ўтарди… Бу қизалоқ мен эдим. Саккизинчи фарзандини туғиш арафасида, қирқ уч ёшида вафот этган муштипар аёл – менинг онажоним эди. Онажонимни Муқимтош дердилар. Бобом ва момомнинг фарзандлари кетма-кет нобуд бўлавергач, Оллоҳнинг розилигини сўраб, шу қизимиз ўлмасин, тошдек муқим турсин деб Муқимтош дея атаган эканлар. Афсус, ўша бебаҳо тош ҳам бўлакланиб, бир коса сувдек тўкилиб кетди. Биз суяниб турган улкан тоғ қулади. Етти гўдак ерпарчин бўлиб йиқилдик. Қанотларимиз қирқилди. Атрофимизда болалар парвоз айлаб, учиб юришар эди.
Бизнинг парвозимиз кечикиб кетди. Кейинчалик билсам, оналарининг бевақт ўлими туфайли юраклари яра бўлган гўдаклар Ўзбекистонда кўпчилик экан. Уларнинг оналари ҳам менинг онам каби ўша пайтдаги давлатга ҳам, ҳукуматга, раҳбариятга ҳам керак бўлмаган.
Худди шунингдек, биз ўзбек болаларининг фожеаси ҳеч кимни ташвишга солмаган экан. Бизнинг оналаримиз, орзуларимиз, келажагимиз, соғлигимиз пахта деган яккаҳокимдан кейин, учинчи, тўртинчи, бешинчи… ўнинчи ўринларда турар экан.
Биз етти фарзанд ерга қараб ўсдик. Шу гўдаклар ўксимасин деб ҳолимиздан хабар олиб, байрамларда янги кўйлаклар тикиб берадиган холам ҳам орадан уч йил ўтиб вафот этди. Унинг исми Санггул эди. Бу тошгул деганидир. Бечора бобом ва момом бу қизларини ҳам бевақт ўлмасин деб шундай аташган экан. Замоннинг аёл тақдирига бефарқлиги тошгулни ҳам чил-чил синдирди. Холам ҳам онам каби гўзал эди. Қиш­лоқдагилар уни ёшлигидан Паризод деб аташарди. Холамнинг орқасидан ҳам етти фарзанд зор йиғлаб қолаверди. Йўқ! Биз икки опа-сингилнинг ўн тўрт фарзанди қақшаб қолавердик. Юрагининг икки бўлагидан жудо бўлган, ўн тўрт набирасининг кўзларидаги қайғусини кўтаролмаган моможоним – Санобар энам ҳам холажоним вафотидан икки йил ўтиб, адо бўлган омонатини Яратганга топширди.
Ана энди бизнинг ҳаётимизни, оҳ, эссизгина болалигимизни тасаввур этаверинг. “Оталик етим гул етим, онасиз етим шўр етим” деган нақл бор элда. Бу дегани онанг тирик бўлса, отасизлигинг билинмайди, агар онанг йўқ бўлса, пешонангнинг шўри шудир, дегани экан. Биз шўрлик етим бўлиб ўсдик. Ҳали ҳам онасизлигим билинади… Ҳали-ҳамон онаси борларни кўрсам онамни эслайман. Ҳали-ҳамон бировнинг онаси вафот этибди деса, ўшанинг олдига ҳаммадан олдин дод деб борувчи шўрида бағирман, сарғайган сағирман…
Мен сабрман, мен бардошман. Мен умидман, мен орзуман. Истиқлолни, юрт эъзозини кўролмай, хазон бўлиб кетган юзлаб, минглаб Муқимтошларнинг, Санггулларнинг, Тошгулларнинг тилагиман.
Истиқлолгача ўзбек аёли ким эди? Ҳаммаси деҳқон эди. Ҳаммаси пахтакор эди, чўпон эди, кийгани чопон эди. Нимжон бўлса-да, камқон бўлса-да, бола туғавериши керак бўлган, жони борлиги унутилган темир эди. У даладами, уйдами, аравадами, юк машинасидами – туғавериши керак эди. Қон кетишиданми, нафас етишмаслигиданми, қон босимиданми, жигар эзилишиданми, ўпка силиданми, оддий кўричакданми – ўлиб кетаверарди.

* * *
Оиламизнинг еттинчиси Собир­жон укам ҳали икки ёшга тўлмаган эди. Онажоним саккизинчисига ҳомиладор бўлди. Негадир у бу ҳолати учун биздан уялиб юрди. Қандайдир айбдордек. Ўша кезлардаги ҳолати гўё бир ишни рухсатсиз қилиб қўйган гўдакдек, яъни билмай пиёлани синдириб қўйган ёки сутни тўкиб юборган боладек ҳадик билан юрарди. Биз эса яна битта укамиз бўлади деб, бундан хурсанд эдик. Биздан бошқа ҳеч кимни онам­нинг саккизинчи болага ҳомиладорлиги қизиқтирмади. Ҳатто отам ҳам унчалик хурсанд эмасдек эди. Бечора онам чумолидек оғир меҳнат қилишдан тўхтамади. Ҳар икки куннинг бирида хамир қориб, тандир-тандир нон ёпарди. Бизнинг унга раҳмимиз келар, аммо у қилган оғир ишларни қила олмас эдик. Нон ёпса, тандирга ғўзапоя ташиб берар, кир ювса, сиқишиб юборар эдик, холос. Отам кечқурун ишдан келардию овқатдан сўнг тош­дек қотиб ухларди. Бирор марта онамдан, “Аҳволинг қандай?” деб сўрамаган. Онам кундан-кун оғирлашиб борарди. Изғирин қиш кунларида ҳам у нон ёпиб, сигир соғиб, куви пишишдан, етти бола ва эрининг кирини ювишдан озод бўлолмади. Кечқурунлари ҳолсизланиб ўтириб қолса, кичкинтой укам кўксига бош қўйиб оларди. Тўғри, ҳали унинг ҳам она сути оғзидан кетмаган эди. Унинг ҳам онасининг пинжига тиқилишга, ҳидини ҳидлашга ҳақи бор эди. Аммо она сутидан эрта ажратилгани етмагандек, ўзи хоҳлаганча она бағрида бўлолмасди. Гўдакнинг инжиқлигини, аразини онам тоқат билан кўтарарди. Онам­нинг асосий вақти тандирхона ва ошхона, молхонада ўтарди.
Рўзғорнинг ошхонаси ва тандирхонаси билан отамнинг ҳеч ҳам иши бўлмаган.
Қаҳратон қиш кунларининг бирида усти айвон қилиб ёпилмаган тандиримиз ёмғир ва қорда қолиб, қулаб тушди. Энди онам қишлоқнинг нариги томонидаги ота-онасининг уйига бориб нон ёпиб келарди. Ўзимизнинг тандир қуламаганида нон ёпиб бўлгач, тандир чўғини сандалга солиб, бизни иссиқ кулчалар билан сийларди. “Мана оёқларинг ҳам, ичларинг ҳам иссиқ бўлади”, дерди қувониб.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, онам бечора момомнинг тандирида нон ёпиб, чўғини эски пақирга солиб бизга олиб келгани… Ўчоқ бошининг қорларини кураб, ҳўл ўтинни минг бир азобда ёқиб, қорни эритиб кир юварди. “Қорнинг суви яхши, кир тез оқаради”, деб хурсанд бўларди бечорагинам. Аёзли қиш кунларини онам шундай азоб билан ўтказди. Бизнинг қишлоғимизда нов­войхона умуман бўлмаган. Буханка нонни эса одамлар станцияга чиқиб поезднинг проводникларидан сотиб олар эди. У ҳам доимий эмас эди, албатта.
Қиш тугаб, баҳор кириб онам­нинг “ою куни” яқинлаша бошлади. У ўзи хоҳласа ҳам илгаригидек чаққон ҳаракат қилолмас эди. Ўша оғир кун ёдимда. Эрталаб онам ўрнидан турай деб қўзғолувди, кўзи тиниб ўтириб қолди. Анча ўтиргач, ўзига келди ва нонушта тайёрлади. Отам ишга, акам ва опам мактабга кетди. Менинг дарсим тушликдан кейин эди, уйда укаларимга қараб ўтирибман. Молхона томонга кетган онам соат ўнларда уйга кириб ётиб қолди. Менга, “Югур қизим, момонг­ни айтиб кел. Момонг йўл-йўлакай Омоной табибни ҳам ола келсин. Мени тобим йўқ, тез келсинлар”, деди. Мен шамол тезлигида онам­нинг онаси Санобар момомникига югурдим. Момом онам­нинг аҳволидан хабар топгач, Омоной аммамни эргаштириб бизникига етиб келишди. Онамда қон кетиш бошланиб, аҳволи оғир эди. Шунда момом менга: “Укаларингни Санггул холангникига олиб бориб, ўзини бу ерга юбор, уйдан бобонгга ҳам айт, бу ерга келсин!” деди. Мен укаларимни Санг­гул холамникига қўйдиму бобомнинг олдига бордим. Бобом “Оқ йўрға” лақабли отига мени мингаштириб етиб келди. Биз бобом билан уйга кирганимизда Омоной амма: “Бечора туғолмаяпти”, деди. Мен қўрқувдан ташқарига чиқиб йиғлаб, Худога илтижо қилиб ўтирдим. Ичкарида онам гоҳ ҳушидан кетиб, гоҳ ўзига келиб — икки йўл орасига бориб келар эди. Ичкарида нима маслаҳат бўлдию бобом отига миниб уйлари томонга кетди. Ҳаялламай бобом ов милтиғини кўтариб келди. Бобом Омоной аммамнинг маслаҳати билан инс-жинсларни қувдими-ей, онамни ҳушига келсин дедими-ей, уйимиз бурчакларига қарата ўқ узди. Аммо онам кўзини очмади. Қиш­лоқда телефон йўқ, “Тез ёрдам” машинаси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бир кишида енгил машина бор, у ҳам ишга кетган. Уйдаги таҳликали ҳолатдан хабар топгандай бир юк машинасини миниб отам ишдан қайтиб келиб қолди. Улар: отам, бобом, ҳайдовчи ва Санггул холам онамни катта кўрпага солиб, тўрт томонидан кўтариб машинанинг бортига чиқардилар. Улар онамни туман марказидаги туғруқхонага олиб кетишди. Юк машинасида онамнинг ёнида отам, бобом ва момом кетдилар. Мен билан уйда қолган холам йиғлаб қип-қизил қон бўлиб ётган кўрпа-тўшак­ларни совуқ сувда чайиб сўрига ёйиб қўйди. Кечқурун эшитишимча, онамни операция қилишиб, ичидаги нобуд бўлган болани олиб ташлашибди. Ўлик туғилган чақалоқни отам қандай дафн этганини айтиш оғир… Операциядан бир кун ўтиб онам кўзини очган. Шифохонага бизни олиб боришмади. Фақат катталар бориб келар, аммо ҳеч бирининг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Онам бир ҳафта шифохонада ўлим билан олишди…
1970 йил 9 март. Кечаси билан “Қоплон” лақабли итимиз бехосият увлаб чиқди. Эрта тонгда мудҳиш хабардан юракчаларимиз бўлак-бўлак бўлди. Уйимизга қариндош­лар келиб, дод-фарёд билан онам­ни сўнгги бор ўз уйига “меҳмон” бўлиб келишига тайёргарлик қилишди, кейин тумонат одам йиғилганини эслайман. Кўз ёшимиз дарёдек оқди, аммо фойдаси йўқ. Онам билан бирга уйимиздан қут-барака кетди. У ўзи топган даромадига қурилган янги ҳовлида яйраб яшамади. Онамдан кейин ҳовлимизда йигирматалаб сигиру новвос, юзлаб парранда, сон-саноқсиз қўй-эчки боқилмади. Онамнинг вафотидан сўнг ундан қарз олган қишлоғимиз аёллари қарзларини бирин-кетин бизга бериб кетишди. Биттаси 11 сўм (ўша пайтда 4 килограмм гўштнинг пули), бири 25 сўм, бири иккита қўйнинг пулини ташлаб кетганини эслайман.
Мен бу инсонларда ҳақиқий муслималик эътиқодини кўриб, қойил қолганман.

* * *
Онам оқ атиргулларни яхши кўрар эди. Ҳовлимизда эрта баҳордан совуқ кузгача атиргуллар очилиб турарди. Ўша йили қиш қаттиқ келиб атиргулларни ҳам совуқ уриб кетди. Ёзи билан ҳовли файзсиз турди. Бу йили баҳорда отам билан опам кўчат бозорига бориб, оқ атиргул кўчатини олиб келмоқчи бўлишди. Афсуски, кўчатчи ўзида оқ атиргул кўчати йўқлигини, фақат қизил атиргул кўчати борлигини айтибди. Қуруқ қўл билан қайтмайлик, деб бор кўчатларни олиб қайтишибди. Кўчатларни ҳафсала билан парваришладик. Ёзнинг иссиқ кунларида атиргуллар ғунчалай бош­лади. Ажойиб кунларнинг бирида чаппар уриб очилган атиргулларнинг тенг ярми оқ атиргуллар эканини кўриб ҳайратда қолдик. Онам яхши кўрган оқ атиргуллар. Биз бу мўъжизанинг сир-синоатига етолмадик.
Отам атайлаб таниш кўчатчиникига бориб, “Холбой ака, атиргул кўчатларингизнинг орасида оқ атиргуллар ҳам бор эдими?” деб сўрабди. Холбой тоға эса: “Йўқ, ўша келганингизда ҳам оқлари йўқлигини айтувдим, мана ҳовлимни қаранг, ишонмасангиз”, дея қизил атиргулларини кўрсатибди.
Не бўлганда ҳам ҳовлимизда онам яхши кўрган оқ атиргуллар очилиб ётибди. Тонгда туриб уларнинг ёнида дуо ўқилса, шундай хушбўй таратадики, ҳатто йўлдан ўтаётган одамлар ҳам ҳовлиларингдан атиргул ҳиди келади, деб ҳавас қилишади.
Ҳа, бу оламда оқ атиргулдек бир аёл бор эди. У атиргулдек назокатли, нафосатли эди. Уни қисматнинг совуқ изғирини хазон қилди. Уни замонининг шафқатсиз бўрони ҳалок этди. Уни лоқайдлик суғуриб отди.
Аммо у кучли эди. У барибир кўкариб яшил япроқ ёзди, ғунча очди. У илдизини чуқур олган экан. Унинг ифори оламни тутди. У ғарқи латофат, пайванди муҳаббат, соҳибаи жасорат эди. У йўқолиб кетмади. У йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Ҳар баҳор унга қараб: “Бу оламда оқ атиргулдек бир аёл бор эди. У менинг онам эди”, дейман.

Зулфия МЎМИНОВА

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг