ҲАССОС МИРТЕМИР

153

ҲАЁТ ВА ИЖОД ФАЛСАФАСИ

Борлиқ ва яшайиш маъноси, унинг инсон ҳаёти ва тақдирида зуҳурланишини экзистенциализм деб тушунтиришади. Хайдеггер, Сартр, Гуссерл сингари европалик машҳур файласуфлар унга асос солишган ва асосларини ишлаб чиқишган. Азал, ҳаёт ва муҳаббат, ўлим, айрилиқлар экзистенция асосларини суғориб туради.

Яшайишда одам тамомила орзули зот. Орзуларнинг ушалиб бориши инсон учун қувончлар, бахтнинг ранго-ранг товланишлари, чексиз қувонч­­ларнинг манбалари. Лекин инсон худди табиатнинг ўзи каби бутунлай зиддиятли сиймо. Орзуларнинг ушалишларидан кўра ушалмаслиги бисёрроқ. Ўта аламлироқ. Ушалмаган орзулар армон деб аталади. Ушалган орзулар, ушалмаган армонлар инсонни ҳаракатга келтиради. Инсон шу ҳаракатларда ўзини ўзи бино қилади. Экзистенциализм асосчиларидан бири Жан-Пол Сартр бунинг жозибадор концепциясини яратган: Сартр инсон ўзини ўзи қуради, дейди. ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Миртемир: “Армонли йўлчиман, Армонли куйчиман, Жаҳонга ёруғлик тилайман тонгдан” деб ёзади. Мана шу армон Миртемирнинг ҳам шоир, ҳам инсон сифатидаги экзистенциал моҳиятини тушунтиради ва белгилайди. Миртемирнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир шеъри, ҳар бир асарида шу армон у ёки бу шаклда теран бадиий тарзда зуҳурланади. Агар Миртемирга, унинг босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўлига “инсон ўзини ўзи қуради” деган Сартрнинг улуғ фикрини қўлласак, унинг бутун борлиғи кўз ўнгимизда тўлалигича яхлит намоён бўлади.
Армон Миртемир ижодининг ҳаёт фалсафасини ташкил этади. Миртемир чексиз армонлар ичида куйлайди. Армонлари дардли. Барча мафтункор қўшиқларини ўз бағрига қамраб олади. Армонларида унинг умуминсоний дарди ва ғоялари аксу садо топади. Ажойиб томони шундаки, Миртемир ҳали беш-олти яшар маъсум болалик чоғлариданоқ ўз-ўзини қурган. Миртемир беш-олти ёшида Иқондаги бобосининг мактабида алифбо ҳарфларини ўргана бошлагандаёқ унинг қарчиғай юрагига ўт тушди… Кейин бу маърифат ўти, ҳар қандай ҳаёт қийинчиликлари, синовлари бўлмасин, ҳеч қачон ўчмади. Иқон Туркис­тон билан Чимкент ўртасида катта карвон йўлидаги қалъа, Ўтрор, Ясси, Сиғноқ, Сарём каби жуда қадим қалъа. Иқон қалъасининг Қоровултепасидан Яссининг зангори қуббалари элас-элас кўзга чалиниб туради, жанубда Чимкент хаюлосини ҳам илғаш мумкин. Миртемирнинг аждодлари, боболари мана шу Қоровултепада қўриқчилик қилганлар. Улар ўзларини Амир Темур ва ҳатто ундан нарироқларга боғлаганлар. Шоирнинг гувоҳлик беришича, алп, дов, паҳлавон одам бўлганлар. Олтой, Чин-Мочин, Хўтан, Турфон, Қашқар, Сибир, Ўрол, Турон, Каспий, то Дунайгача ва Ироққача бўлган маконларни талончи яжуж-мажужлардан қўриқлаганлар, Бухоро, Урганч, Самарқанд, Шош, Фарғона ёқларга ўткизмасликка ҳаракат қилганлар. Миртемир деб от қўйилгани бежиз эмас ва бу поёнсиз маконларда туркий тиллар ва айниқса хоқоний лаҳжалари ёвшан, райҳон ислари каби кенг таралган. Тилнинг ранг-баранг гўзал лаҳжалари Туркис­тон, Ясси ва Иқон ва атрофдаги улуғ тарихий қишлоқларнинг барчасида ҳам жонли амалда бўлган.
Миртемир шеъриятининг ўқувчиларини ҳайратга соладиган тил шу ўлмас ёвшан туркий тил. Туркий тиллар девонида у ўзининг буюк ифодасини топган. Мард сўзи жасоратдан нишон бериб туради, аммо дов дейилганда бояги ёвшан ҳиди бор ва дов марддан кўра кўпроқ маъно нозикликларини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Миртемир Турсунов дов дейди ва сўзга жуда улуғ туркиёна маъно юклайди. Қанчадан-қанча Миртемир ижодида бундай дов туркиёна сўзлар бор ва улар ҳаммавақт Миртемир армонларига йўлдош ва эш. Миртемир орзу ва армонларини ўша биз санаган маконларга туташ баён қилади. Ўша маконларни ўз азал тили билан қамраб олмоқчи бўлади. Катта йўлларда улуғ карвонларгина эмас, улар билан бирга улуғ хабарлар ҳам доим ҳаммадан олдин тарқалиб туради. Иқонликлар Тошкентга, Чимкентга, Қозонга, Оренбургга, Қизилўрдага, Хоразмга динг қулоқ тутадилар. Россиядан тарқалади хабарлар, Тошкенти азимдан хабарлар пайдарпай келади, Европадан, Туркиядан, татар диёрлари, уйғур диёрларидан ошиб келади хабарлар, чопарлар, даракчилар. Йигирманчи йилда Тошкентдан шундай хабар тарқалиб, айниқса, ёшларни қаттиқ ҳаяжонга солди. Тошкенти азимда дорилфунун очилармиш, деб эшитган қулоқ борки, Тошкентга бориш, шу дорилфунунда ўқиш орзусига тушди. Ўн яшар Миртемирнинг ҳам юрагига ўт тушди. У саводхон амакиларидан эшитган эди Тошкентни, улардан дорилфунун очилишини ҳам билди. Энди у бир зум ҳам Иқонда ўтиролмай қолди. Амакилари, бувилари билан яширин келишиб, бир амакисининг ўғли билан тун қоронғисида Тошкентга йўлга тушди. Боболари эса уни асло ўз ёнларидан нарига қўйиб юборишни исташмасди. Миртемир тўққиз-ўн ёшида ўз тақдирини ўзи қуришга киришди.
Доимий ўқиш-ўрганиш унинг ҳаёт фалсафасида шу пайтдан эътиборан бошланди. “Алмаий” мактабида, Ўлка эрлар билим юртида ўқиди. Бу даргоҳларда у ўша даврнинг ўзи тенги энг ёрқин талант эгалари билан танишди. Етимларга, очликдан хору зор бўлиб қолганларга бу интернатлар ҳақиқий маънода паноҳ бўлди. Кунда бир бўлак нон, бир чўмич бўтқа илмга ташна мурғак жонларни совуқлардан, яланғочликлардан, дайдилик, тентирашлардан қутқарди. Олим Шарафиддинов, Олтой каби буюк домлалар буларга миллатнинг келажаги деб қарадилар ва уларни миллатнинг келажаги деб етиштирдилар. Меҳнат, ижод, кураш оламларига олиб кирдилар. Олим Шарафиддинов улуғ олим ва элпарвар инсон эди. Миртемирни қалбининг қўрини бериб тарбиялади, ижодга рағбатлантирди, ҳар бир ёзганларини ўқиб, бирга таҳлил қилиб борди. Худди сеҳргар каби Миртемирга саодатли ижод калитини тутқазди. Миртемирнинг ўн икки-ўн олти ёшида ёзган оташин сочмалари у ўн саккизга кирганда Олим Шарафиддиновнинг рағбати, илҳомлантириши соясида 1928 йилда “Шуълалар қўйнида” деган номда китоб бўлиб чиқди. Яна бир домласи Сотти Ҳусайн унга кўпириб-тошиб сўзбоши ёзди. Миртемир тинмай ўқир, тинмай билим юртининг боғзор, далазорларида дўстлари билан ишлар, ўқув даргоҳини озиқ-овқатлар билан таъминлашда қатнашар, у жўш урар, ҳаёт қайнаш­ларига шўнғирди. Ўқиш-ўрганиш ҳаёт фалсафасини бир зум ҳам ёдидан чиқармасди. Бу шу қадар унинг шахсиятига сингиб кетдики, 1963 йилда бир шеърий китобига таржимаи ҳолини ёзиб, ёзув столига ҳали ўтирганим йўқ, деб қайд этди. Бу пайтда у эллик уч ёшда, гўзал қўшиқлари, “Сурат” каби ҳассос достонлари, “Биби Марям”, “Онагинам”, “Қоғозда қолсин, майли…”ларни ёзиб улгурганди. Унга ўқиш-ўрганишнинг охири кўринмасди. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Ойбек, Нозим Ҳикмат сингари улкан намояндалар билан яқиндан танишиб, сафдош бўлиб, адабий жабҳаларда ҳамкорлик қилиб, дунё маърифатгоҳ экан, деган хулоса чиқарди.
Маърифатнинг охири бўлмайди. Бу инсониятнинг туганмас йўли. Шу ҳаётий фалсафага келгач, у дунё маърифатхонасига йўл олди. Дунё миллий адабиётларининг муқаддас эшикларидан бирма-бир кириб борди. Ҳомернинг “Одиссея”си таржимасига қўл урди. Таржимани теран маданий савияда, юксак бадиият билан адо этди. Буюк эпос “Манас”дан ўзбек тилига беш юз минг мисрадан ортиқ мисрани табиий оҳангдорликларини сақлаган ҳолда ўгирди. Титанлар меҳнатини қилди. Ҳатто Чингиз Айтматовдай буюк инсон бу ўзбекча таржима олдида лол қолди, унутилмас миннатдорлик сўзларини айтди. Пушкин, Лермонтов, Некрасовдан эҳтиросли, саодатли таржималар… Шота Руставелининг қаҳрамонлик дос­тони, Самад Вурғуннинг “Озарбойжон”и… Шу каби бадиий таржималарнинг тенгсиз ҳайбатларидан туриб шоирнинг йигирманчи йиллардаги сочмаларига назар солайлик. Иқон қўриқчи қалъаси устида туриб не-не туркий қавмларнинг бепоён азимуш-шон ерларига боққан масъум шоирнинг адабий ижодкорликнинг Жомолунгмадай сарбаланд чўққиларига ўшанда масъуд нигоҳи илғанмадимикин? Чақириқлар, ҳайқириқлар мабодо ҳар қанча юзаки кўринмасин, ўз-ўзига далда бериш, ўз-ўзига жасорат касб этиш ҳаракатлари бўлиб туюлса ажабланарлимикин! Жуда юксак маънодаги она юртнинг ҳар бир ҳолига дахлдорлик йигирманчи-ўттизинчи йиллар шоирларида беҳад эътиқод даражасида шаклланган эди. Чўлпон, Қодирийда дахлдорлик!.. Ойбек, Фит­рат, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфияда дахлдорлик! Миртемир, Шайх­зода, Уйғунда дахлдорлик! Дахл­дор­лик уларнинг барчаларида миллий маърифат даражасига кўтарилди. Ва охир-оқибат озодлик тонги отди. Шуларни ўйлаганда, инсон ҳамма вақт ўзини ўзи қуради ва яратади деган улуғ фалсафа қанчалар ҳаётий ва инсоний бўлиб англанади. Бу оламшумул дахлдорлик, ўқиш-ўрганишга бўлган чексиз иштиёқни босқинчи кучлар кўролмади. Барча дахлдорларни қонга ботирди, қирғин офатни солди, шимолга сургун қилаверди… Аммо оқимга айланган ҳассос дахлдорликни йўқотолмади.
Халқимиз йўлсиз эмас. Йўқолиб, нобуд бўлиб кетмаслик фалсафасини алп ўғлонлари кашф этган. ­Навоий азалий нажот йўлимизнинг олти нуқтасига тамал тоши қўйган. Бу олти нуқта: инсон, ислом, имон, сабр, шукр, ҳаё. Буларнинг ҳар бири ўзаро тирик ва ўзаро тараққийда. Борлиқ олам ҳақиқатини белгилайди. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, агар биронтаси бош­қаларидан ажралса, олам ҳақиқати барбод бўлади, йўқлик зулматига қайтади ва сўнг қайта бино бўлади. Сартр ифодалаган ҳақиқат ва Навоий далолат қилган азалият қонунияти ана шунда. Ҳассос шоир Миртемир ҳам йўллар боса-боса шу ҳақиқат ва қонуниятларга етиб келди. Қасидаларида кўзида ёш билан халқни қувонч яратишга чорлади. Фақат деди, фақат… дорларга осилганлар эсда турсин! Кўзларга чўғ босилганлар эсда турсин! Қулоқларига қўрғошин қуйилганлар эсда турсин! Кўкракларига юлдуз ўйилганлар эсда турсин! Беомон сўйилганлар эсда турсин! Шу ерда Навоий халқига таълим берган олти нажот неча замонлар бузилиб, яна бир эврилиб азал йўлини топгандай бўлади. Бу бардавомлик Миртемирнинг ҳассос бадиий, ҳаё­тий, инсоний ҳақиқатидир.
1970 йилда давлат бадиий адабиёт нашриётида ишлаб Миртемир, Миркарим Осимнинг этагидан маҳкам ушлаб юрардик. Миртемирни ўқиб, Миркарим Осимнинг “Тилсиз гувоҳ”ини қўлдан қўймай қаттиқ таъсирланардим. Бир куни бўлим мудири Лолахоним Тожиевага илтимос билан кирдим. “Опа, ижодий ходимларни йиғиб беринг. Мен уларга Миртемир домланинг “Сурат” достонини ўқиб бераман”. Опа жилмайиб ўйланиб ўтирди. Сўнг, одатдагидек, шўх қаҳ-қаҳ уриб кулди. Сўнг: “Хўп, укажон, мен директордан рухсат олиб бераман”, деди. Шундай қилиб, муҳаррирлар ва мудирлар йиғилди. Уларга “Сурат”ни тўла ўқидим. “Тош­лон, Тош­лон!.. Исён!” дейману томоғим ғип бўғилади. Редакторлар раҳмат айтиб индамай тарқалишди. Фақат шоир Ғулом Шоди: “Э-ҳа-ей! Мақсад нима ўзи? Н-да…”, деди “Памир”ни қуюқ тутатиб. “Домла олтмишга кирдилар…”, дедим. “Э-ҳа. Шундайми-ей… Ахир, шундай демайсизми, шоир…”. “Сурат” қанчалар ҳассос эҳтиросли бўлмасин, уни ҳамма ҳам суюб қабул қилавермасди. Аммо ҳассос Миртемирнинг сабри, шукри, ҳаёси доимгидай ғолиб эди. “Жаҳон кенг, бибижон, кўзлар илғамас” шоҳ сатрлари ғолиб эди. Миртемир сўнгги шеърларидан бирида: “Халқим нима бўлса, мен ўша бўлдим”, деди. Унинг эътиқоди, ҳаёти, ижодининг фалсафаси шу эди.
У чексиз армонли, алп шоир.

Иброҳим ҒАФУРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг