«САБР ТОFИ БИРЛА…»

173

Жаҳдим андоқдур етишгайменму деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир деб чиқса эгнимдин қанот.

Сабр тоғи бирла қилмоқ пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак истасанг васлиға бот.

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми сабот.

Кўп Масиҳодин дам урма, қил ҳаётингни Туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ онинг туфайлидин ҳаёт.

Меҳр юз кўрмай ўчашди пардадин чиққач юзунг,
Олғали қўймас сариғ юзин қора ердин уёт.

Чун юди кўзлар саводин ашк ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой эл фарздур бермак закот.

Эй Навоий, хоки пойи васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда солғандек набот.

 

Бу – “Ғаройиб ус-сиғар”нинг 73-ғазали бўлиб, етти байтдан таркиб топган. Ғазал юқори тахайюл ва бетакрор ботиний ишқ туйғуларни ўзида мужассам этгани билан ажралиб туради.
Энди байтлар шарҳига ўтайлик.
Жаҳдим андоқдур етишгайменму
    деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир
        деб чиқса эгнимдин қанот.
Ушбу матлаънинг мухтасар мазмуни қуйидагича: эй маҳбубам, ҳозир шундай бир ҳолатдаман, яъни илоҳий ишқ ичра  васлингга етишиш орзусида шу қадар ҳам ғайратли, ҳам бехудманки, бордию эгнимдан қанот ўсиб чиқса, уни оғир деб  қабул қила олмайман.  Аниқроғи, на нафимни, на зараримни биламан. Зеро, бу кайфиятни ботинан англаш учун ўзимда қурб топа олмаяпман.
Сабр тоғи бирла қилмоқ
         пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак
         истасанг васлиға бот.
Ушбу байтда шундай бадиий тафаккур бор: сабр тоғи, яъни ботиний сабрнинг юки шундай оғирки, аслида у билан ҳеч вақт юксак орзуларга, айниқса, ёр васлига етиб бўлмайди. Чунки ботиний сабр юки билан маънавий жиҳатдан елиб-югуриб бўлмайди. Шунинг учун, эй кўнгил, агар маҳбуба васлига етишишни чиндан истасанг, аввало, бу юкни ташла,  яъни ундан халос бўл! Бу байтдаги мавҳумлик ёки тугал маъно кейинги байт­да ойдинлашади:
Шаҳсуворимнинг буроқи
         пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш,
мунунг расми сабот.
Бунда шаҳсувор сўзи чавандоз ёки гўзал маҳбуба эмас, балки сўнгги мурсал маъносида келаяпти. Зеро, бу сўзнинг қаратқичи буроқ  – диний эътиқодга кўра,  учар от бўлиб, Муҳаммад (с.а.в.) меърож туни унга миниб Маккадан Байт ул-муқаддасга, у ердан самога кўтарилганлар. Меърож тунида сўнгги мурсалдаги шитоб, яъни маъшуқ васли кўйидаги суръат шу даражада тез эдики, то ҳатто ётган ўрни совимасдан яна тунги тўшагига қайтиб тушди. Бунинг акси улароқ, улуғ шоир ишқ йўлида гўё ўзидаги суст ҳаракатни таҳқирлайди. Кейинги байтлардаги ташбиҳлар ана шу бадиий тафаккурни тўлдиришга хизмат қилади.
Кўп Масиҳодин дам урма,
       қил ҳаётингни Туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ
       онинг туфайлидин ҳаёт.
Дастлаб мазкур байтдаги энг характерли сўзга эътибор қаратайлик. Бу – арабча туфайл сўзидир. Зеро, унинг замирида улуғ шоир назарда тутган ажиб бир тимсол мужассам. Туфайл Алишер Навоий асарларида “чақирилмаган меҳмон”, “Ўзи чақирилмаган бўлса ҳам, чақирилган кишилар қаторида, уларга эргашиб, тўй-маъракаларга борувчи“; “сабаб”, “боис”, “баҳона”, “важ-корсон”, “восита” сингари маъноларда қўлланилади. Умуман, диний адабиётларда бу тимсол араблар қабиласига мансуб Умайя авлодидан бўлган Туфайл исмли шахсдир. У жуда камбағал, фақир бўлганлиги туфайли, ҳатто бировларникига меҳмондорчиликка ҳам  бора олмаган. Демак, шоир бунда қайсидир маънода камбағаллик айрим кишилар назарида фазилат бўлмаслиги мумкин, лекин бу айб ҳам эмас, деган бадиий фикрни илгари суради. У камбағал, фақирдир, лекин ботинида  ажиб меҳрга ташна садоқатли кўнгил яширин.  Ахир, азалдан тақдир, аниқроғи, илоҳий ҳукм унга шу фақирликни ихтиёр этган бўлса, не ажаб. Ҳолбуки, шоир Туфайл шахсида қандайдир бир илоҳий ҳикмат борлигини кўради. Энг муҳими, унинг ўз шахсий олами мавжуд. Шунингдек, у ҳаётда доимо ўз жодасини яхши билади. Айни шу жиҳатлари билан бошқалардан фарқланиб туради. Яна унда Худо берган шундай табиий булоқ сувидай жиҳат мавжуд: у кимсалар меҳмондорчилигига бориш учун бойиш у ёқда турсин, ҳатто буни хаёлига ҳам келтиролмайди. Улуғ шоир ушбу байтда гўзал ташбиҳ орқали айни шу ҳолатга рамз-ишора қилганининг эҳтимоли кўпдир. Чунки давр аҳли унинг сўзини анг­лаши қийин. Айни маънода байтнинг қисқача мазмуни қуйидагича шарҳланади: Масиҳнинг кишига  ҳаёт бағишловчи нафаси ҳақида кўп гапириш  айни дамда унчалик жоиз эмас, балки  кишига худди Туфайлдай оддий, табиий ҳаётингни бахшида эт! Зеро, бундан  ҳатто Масиҳнинг ўзи ҳам жон топган бўларди.
Меҳр юз кўрмай ўчашди
       пардадин чиққач юзунг,
Олғали қўймас сариғ
юзин қора ердин уёт.
Меҳр, яъни қуёш ҳали юзланмай туриб, яъни намоён бўлмасдан парда ортидаги юзунг­ни кўриши биланоқ ўчакишди-қўйди. Бу худди қуёш гўё касалманд юзини ердан кўтаролмаётганидан хижолат чекаётган тарзга  менгзаш эди.
Чун юди кўзлар саводин
    ашк ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой
       эл фарздур бермак закот.
Шоир  байтда шундай элсеварлик кайфиятини очиқ баён этади: дирамсиз, яъни ҳеч вақоси йўқ элга бойлар фарз деб закот бериши –  бу  худди кўз косаси ичидаги кўзга кўринмас модданинг вақти-вақти билан кўз қорачиғини ювиб туришига ўхшайди. Албатта, буни ҳеч ким пайқамайди. Зеро, закот ҳам мискинга, аслида ошкора эмас, балки пинҳона берилгани дурустдир. Шоир фикрича, тариқдай беминнат қилинган саховат киши кўнглини тоғдай сарбаланд қилади, унга кўзга кўринмас куч-қудрат ато этади. Демак, бунда улуғ шоир элни кўз қорачиғига менгзайди. Нақадар ғаройиб ташбиҳ! Лекин бу ўринда яна бир сирли ишора бор. Зеро, шоир фикрича, кишидаги иймон, эътиқодталаблик биргина исломнинг закот ёки диний ақоидларини адо этиш билан амалга ошиб қолмайди. У жуда кенг тушунча… Дарҳақиқат, шоирнинг иймонга нисбатан кенг қараш ва асрий даъватлари  кейинчалик ҳам ўз ифодасини топди. Одамият буни турли кўринишларда бўлса-да, англаб етди: “Иймон – фақат муайян диний таълимотларнинг маҳрига тушган фавқулодда бойлик эмас. Энг яхши иймон – бўлиб ўтган, ҳозир мавжуд ва энди бўладиган нарсаларнинг ҳаммасида Камолотга интилувчи бир ирода мужассам эканига қатъий ишонч. Кимда-ким шу эътиқодга эга бўлса, у мукаммаллашиш жараёнида иштирок этади” (Жон Голсуорси). Энг муҳими, бунда инсон ботиний хотиржамлик ва ростликка эришади.
Эй Навоий, хоки пойи
          васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда
      солғандек набот.
Мақтаънинг мухтасар мазмуни: эй Навоий, лирик маъшуқанинг хоки пойи – оёқ ости туп­роғи йўлидаги фидоийлик ва қурбонлик борасидаги таърифинг нақадар шириндирки, гўё тўтиё (кўз дориси), яъни оч кўк рангли, кумуш каби ялтироқ модданинг оксиди ёки купорос –  қандайдир сулфат кислотаси ичида ётган нов­вот ёки бир обакидандонга менгзашдир. Эҳтимол бу модда ичида наввотнинг шакли ёки мазаси аллақандай ўзгаришларга учрар?!  Муҳими, агар сўзда амал бўлмаса, у зоҳиран ҳар қанча фасиҳ, гўзал, ширин бўлмасин, аслида зоҳиран шундай, лекин ботинан эса, юқорида шоир айтган модда ичидаги шаклсиз, маънисиз бир нарсадирки, уни таърифлашга тил ожиздир… Навоий ушбу ташбиҳ мисолида кишидаги сўз, ҳар қанча сўзамоллик, аслида, ботиний ҳодисалигини назарда тутмоқда.
Ушбу ғазал зоҳиран Шарқ шеъриятига хос лирик маъшуқа васлига етишиш йўлидаги саъй-­ҳаракат,  ботинан эса илоҳий ишқ сари яна бир руҳий қадам қўйиш; шу билан бирга, комиллик сирлари ва орифлик тарзини англаш йўлида қиёсийликни ўзида жо этган бадиий тафаккур маҳсули сифатида Навоий шеъриятида муҳим ўрин тутади. Зотан, бунда улуғ шоир нафақат бадиий тафаккур ёки жўшқин туйғулар соҳиби, балки  илми ҳайъат, кимё сингари зоҳирий билимларни  чуқур эгаллаган зоҳирбин уламо сифатида ҳам намоён бўлади. Бу ғазал ўзбек миллий поэтик тафаккур тарзида янгича бир тавр уйғотади, киши  кўнглида эса  илоҳий ишқ сари интилиш туйғусини пайдо қилади.
Манзар АБДУЛХАЙРОВ,  
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг