СЕН ОЛИС ЭМАССАН, ЖУДА ЯҚИНСАН!

130

— Яхши. Антология яратамиз.
— Беларусь томондан ўзингиз бош-қош бўлмасангиз, бу иш осон кўчмайди, — дейман гапнинг лўндасини айтиб.
Таниқли адиб, “Звязда” нашриёти Бош директори (у ўша пайт Беларусь ахборот вазири ҳам эди) Алесь Карлюкевич “Менга ишонмаяпсанми”, дегандай қарайди:
— Яхши, бу ишни ўз зиммамга оламан. Ўзбек шоир ва ёзувчилари асарларини сиз менга йиғиб бера оласизми?
— Бўлмаса-чи!
Вазир жиддий тортади.
— Биласизми, мен бу ишни шунчаки ҳисобот учун қилмоқчи эмасман.
— Икки халқнинг адабий яқинлигини янаям яхшилаш учун-да! — дейман унга далда бериб.
— Эҳтимол, бу ҳам тўғридир. Лекин мен билан сиз ҳозир ижодкор оталаримиз олдидаги қарз юкини кўтариб юрибмиз.
— Александр Николаевич, ниманидир тушунгандай бўлаяпман. Фақат “елкадаги юк” деганингиз нимаси?
— Бу адабий юк. Ҳа, адабий юк. Бизнинг Якуб Колас ва Янка Купаламиз, сизларнинг Ҳамид Олимжону Зулфия, Ғафур Ғуломингиз, қанчалаб уруш даври шоирлари руҳи олдидаги қарздорлик ҳисси. Биласиз-ку, улар бир-бири билан жуда яқин, илиқ ва қадрдон бўлишган. Шундай улкан ижодкорлар, бир-бирига қора кунларда таянч ва суянч бўлган инсонларнинг бир-биридан олислашиши асло мумкин эмас. Улуғ устозларимиз олдидаги қарз деганда, мен шуни назарда тутдим.
— Энг оғир давр — уруш йилларида Якуб Колас Тошкентда бўлган пайт унинг қишлоғини фашистлар ёқиб култепага айлантирган экан-а? Мен шу қишлоқни бориб кўрмоқчиман.
Алесь ака менга янада илиқ бир самимият билан боқади, сўнгра қиёфасида изтироб кўланкаси кўринди:
— Берёзанка қишлоғини айтаяпсизми? Якуб Колас туғилиб ўсган қишлоқ аслида бошқа. Берёзанкани эса у жуда яхши кўрган, ўрмон ўртаси, дарё соҳилидаги бу қишлоқда шоир 1933 йилдан то уруш бошлангунгача ҳар йили оиласи билан келиб дам олган, балиқ овлаб, қўзиқорин териб, ҳордиқ чиқарган, Берёзанкани Беларуснинг энг гўзал ва кўркам, оромбахш мас­кани деб билган Якуб Колас бу жойдан ўзига ер сотиб олган. Энди уй тиклайман деб турган пайти уруш бошланиб қолган.
— Шоир ўзи жуда яхши кўрган қишлоқ ўт ичида қолганини эшитиб қай аҳволга тушди экан?
— У бу пайтда ўзингиз айтганингиздай, Тошкентда бўлган. Айтишларича, шоир оғир изтироб исканжасида қолади. Унга Тошкентдаги дўстлари – ўзбек шоирлари далда беришган, кўнглини кўтаришган, энг оғир, қайғули чоғда улуғ шоирнинг дардига шерик бўлишган.
— Мен ўша Берёзанка томонларга боришни хоҳлаяпман.
— Албатта, барча шароитни ўзим қилиб бераман. Бугун-эрта Минскни айланинг. Музейларимизга боринг. Индинга меҳмонхонага машина юбораман. Сизни Марьина Горкага олиб боришади. У ерда кутиб олишади, сўнг ўша ёқдаги қишлоқларни, Берёзанкани ҳам кўрасиз. Агар бирор асар ёзсангиз, албатта, уни Беларусда чоп этамиз. Ўзим ёрдам бераман.
Арбоб адиб ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдим.
— Аломат одам-да, шу ўртоғингиз! — дейман ҳамроҳим, элчихонамиз маслаҳатчиси, сиёсатчи, арбоб ва олим Дониёр ака Обидовга.
— Э-ей, бу инсон билан тил топишсангиз адабий ва маънавий алоқалар борасида жуда катта ишлар қилсак бўлади, энг муҳими, Ўзбекистон, ўзбекларни жуда ишончли, ҳалол ҳамкор деб билади. Буларда шундай тушунча бор: ўзбекларми, бемалол, улар билан ҳамкорлик қилиш мумкин.
Индинига айтилган вақтда меҳмонхонага машина келди. Шофёр Анатолий Николаевич мени йўл-йўлакай туман ва қишлоқлар, дарёлар билан таништириб борди. Марьина Горка деган шаҳарчада бизни шу ердаги ўлкашунослик музейи раҳбари Александр Александрович кутиб олди. Озғин ва қотма бу қария ўз юрти тарихини миридан-сиригача билади.
Ўрмон бошланади. Йўл торайиб боради.
— Бу ерлар партизанларнинг уяси бўлган. Улар фашистларнинг додини беришган. Ҳозир Берёзанкага чиқамиз. У ерда ўрмон сийраклашади. Дарвоқе, партизанлар ичида сенинг ўзбек боболаринг ҳам кўп бўлишган. Фашистлар Минскни босиб олишгач, у ердаги ҳарбий қисмлардаги жангчилар ўрмонга кириб беркиниб жанг қилишган.
Ўрмон сийраклашиб, атроф кенгаяди. Машина кенг-мўл яссиликда тўхтайди.
— Етиб келдик.
— Қишлоқ қани? Текислик-ку, бу?!, — дейман ҳайрон бўлиб. — Берёзанкага бормоқчи эдик-ку?!
— Мана шу Берёзанка! — дейди Александр Александрович. — Берёзанка шу ерда бўлган, ана дарё, ана ўрмон. Фашистлар бутун бошли қишлоқни ёқиб юборишган. Қара, анавингга қара, шу ерда отхона бўлган, газандалар одамларни тўплаб, қамаб, отхонани ёқиб юборишган.
Мен қаршимдаги теп-текис жойда атрофи панжара билан ўралган қора мармар лавҳга қарайман. Лавҳ ўртасида тириклайин ёқиб юборилган одамларнинг исм-фамилиясини ўқий бошлайман. Кўз олдим хиралашиб, кўнглим беҳузур бўлади, вужудим музлаб, ич-ичимдан қалтироқ тутади; гуриллаб ёнаётган отхона ичидаги одамларнинг дод-войи қулоқларимни қоматга келтиради. Мен ҳолсизланиб панжарага суянаман, фашистлар икки, уч, тўрт, беш ёшдаги норасидалар, олти, етти, саккиз, ўн, ўн икки, ўн тўрт ёшли болакайларни ҳам катталарга қўшиб ёқиб юборишган. Шерикларимнинг ҳам нигоҳида ёш қалқийди.
1943 йилнинг 6 сентябрь куни фашистларнинг жазо отряди қишлоққа кириб келади. Бир кун олдин шу қишлоқдаги кимнингдир хонадонидан партизанларга тегишли бир дона ўқ ва момиқ пахта топилади. Бундан ғазабланган фашистлар шу кичик қишлоқ аҳлига қасд қилишади. Одамларни йиғилиш ўтказамиз, деб отхонага ҳайдаб келишади. Уларнинг нияти аҳолига маълум эди. Сўқмоқ йўл орқали ўрмонга қочиб кирганлар жонини сақлаб қолишади, улгуролмаганларни эса шу ерга қамашиб эшикларга қулф уришади. Кимлардир жон ҳолатда отхонанинг том қисми ёки деразалардан чиқиб қочишни уддалайди. Бироқ кўпчилик ўт ичида қолади, эшик ёниб сингач, ўзини ташқарига урганлар эса ўққа учишади, отиб ташлайверадилар. Эртасига… Эртасига.. Ўрмон ичига қочиб кириб жони омон қолган айрим кишилар бутун қишлоқ кулга айланиб, одамларнинг жасадлари жизғанак бўлиб ку­йиб ётганини кўришади.
— Уруш халқингизнинг кўкайини қуритиб, кўк томирини чиритган экан, бунчалар ҳам шўрпешона халқ бўладими-а? — дейман иҳраб.
— Нимасини айтасан, ҳар учта Беларусдан биттаси шу урушнинг қурбони бўлган, — дейди Александр Александрович.
…Ўрмон ичида, дарё соҳилидаги қишлоқ кўз ўнгимда гавдаланади. Айни тонг чоғи ёғоч уйлардан фашистлар енгил-елпи кийимдаги одамларни қувиб чиқариб, олдига солиб, худди пода каби отхона томон ҳайдаб келаверишади. Қизалоқлар, бўй етган қизлар, ёш болалар, кўксига гўдагини босган жувонлар, қари-қартанглар тўдасини кўраман. Ёш болалар ҳеч нарсадан бехабар, атрофга олазарак боқишиб, оналарининг этакларига ёпишадилар, айримлари ўз жигарбандларидан паноҳ истаб момиқ қўлчалари билан уларнинг қалтироқ ва тер босган кафтларини сиқадилар. “Она, бизни қаёққа олиб кетишаяпти?..”
Бошимда чақмоқ чақиб, миям тирқираб кетади. Кўзларимни чирт юмаман. Чеккаларим лўқиллаб оғрийди.
— Энди кета қолайлик, — дейман шерикларимга.
Улар аҳволимни тушунишади. Чурқ этмай қоламиз. Лабидан сут сизиб турган икки-уч яшар гўдакларнинг устидан ўт қўйишга юраги дош берган лаънати фашистнинг инсон эканлигини тасаввуримга сиғдира олмайман. Тасаввуримга оғриқ чўкади, тилимга сўз келмайди — тилим айланмайди.
— Фашистлар тўрт юздан кўп шундай қишлоқларни ёқиб, кулини кўкка совурган. Оловда ёниб-куйган одам жасади гўштининг ҳидига чидай олмай ҳатто отлар ҳам ақлдан озар даражага келиб қутуриб кетишаркан, — дейди қария ўзига ўзи надомат қилгандай. — Пуховичида бир жой бор. Саҳар пайти газандалар минглаб одамларни қатор қилиб отиб ташлашган, ўлик ва ярадорларни бирга кўмиб юборишган. Ўша жойда бир ҳафтадирки ер ҳансираб нафас олаётган каби кўтарилиб тушиб, тупроқ остидан одамларнинг иҳрагани эшитилиб турган. Ҳанузгача Беларуснинг ҳар бир қарич ери шу лаънати уруш туфайли оҳ-фарёд чекади. Оҳ-нола авжига чиққан ана шундай жойларда қайтадан уй қуриб, қишлоқ барпо этишга эса одамларнинг юраги дош бермаган… Берёзанка қишлоғи ва берёзанкаликларнинг ёзиғида ҳам шундай битик муҳрланган эди.
Машина орқа ўриндиғида ўз ўйига ғарқ Александр Александровичнинг кўзларига термуламан, кўз қирғоғида қайноқ ёшлар айланади. Мен унинг қоқсуяк қўлига кафт босаман, томирида уруш изтироби оқаётган озғин қўл бармоқларида титроқ туяман.
— Раҳмат сенга, биродар. Ҳаммаси учун раҳмат, — дейди у.
Нега, нима учун чол менга раҳмат айтаётганини унчалик англамайман. Фақат олисдаги яқинларимни топганимни, бу дунёда ҳамма бир-бирига биродар эканлигини ҳис қиламан ва шундай бўлишини жуда-жуда истайман. Машина ўрмонни қоқ ёриб, ўрмон йўлида шитоб билан олға интилади.

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг