ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ – ВАТАН ТИМСОЛИ

143

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакат суверенитети ва мус­тақиллигини ифодаловчи тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Жонажон Ўзбекистонимиз мус­тақиллиги ва суверенитетининг асоси сифатида 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, давлат ва миллат рамзларининг конституционал асоси яратилди.
Истиқлол йилларида орттирилган тажриба давлат рамзларига оид қонунларимизни янада такомиллаштиришни тақазо этди. Шу нуқтаи назардан 2010 йил 24 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Респуб­ликасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни мустақил давлатчилигимизнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлган давлат рамзлари тўғрисидаги қонунларни халқаро тажрибаларга мослаштириш, бугунги воқелик талабларидан келиб чиқиб, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, давлат рамзларининг аҳамияти янада юқори даражага кўтарилишига асос яратди.
Мазкур қонунга мувофиқ “Ўзбе­кис­тон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг Давлат байроғини кўтаришга оид қоидаларни белгиловчи 5-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг Давлат герби тасвирини акс эттиришга оид 4-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Уларда Давлат байроғини доимий равишда, байрам, сайлов ёки референдум кунларида, спорт майдонларида ва бошқа жойларда кўтариш, шунинг­дек, Давлат гербини давлат органларининг биноларида, хизмат хоналарида, қонун ҳужжатлари бланкаларида, давлат органлари ва ташкилотларнинг муҳрлари, ҳужжат бланкаларида, бошқа объект ва предметларда акс эттириш ҳолатлари кенгайтирилди ва аниқлаштирилди.
Қонунга асосан “Ўзбекистон Рес­публикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга янги 51-модда киритилиб, Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мустаҳкамланди.
Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкинлиги назарда тутилди. Айнан шундай қоида, “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда баён этилган 4-моддасида Ўзбе­кистон Республикаси Давлат гербининг тасвиридан фойдаланишга нисбатан ҳам белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга 52-модда киритилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилиши, шунинг­дек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар белгиланди. Шундай қоидалар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунга киритилган 51-моддада ҳам акс эттирилди.
Давлат рамзлари ҳақидаги қонунларни такомиллаштириш заруратига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ушбу қонуннинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилишини назарда тутувчи 3-моддаси янги таҳрирда баён этилган.
Давлат рамзларидан фойдаланишда ўзига хос меъёрлар яратилган. Бу эса, юртдошларимизнинг давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга хизмат қилади.

Раҳматилла ҒОЙИБНАЗАРОВ,
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти “Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази” бошлиғи

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг