ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР ЗАВҚИ

124

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, жойлардаги бунёдкорлик жараёнларини, беш муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ўтаётган тарғибот тадбирлари юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш. Бундай эзгу мақсад мактаб остонасидан бошланади, десак муболаға бўлмайди. Бугунги кунда пойтахтимиздаги Сергели тумани батамом янгича қиёфа касб этган. Бунинг бир намунасини ҳудуддаги 330-умумтаълим мактабида кўриш мумкин. Тарғибот тадбири ушбу таълим масканида ҳам таассуротларга бой тарзда ўтди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қурилган ушбу мактаб шу йилнинг 2 март куни ўқувчиларга эшигини очди. 1680 ўринга мўлжалланган таълим даргоҳида ҳозирда 1429 нафар ёшга 94 нафар ўқитувчи-педагог сабоқ бериб келмоқда. Мактабда Аҳмаджон Баҳромов, Иззатилла Абдуқаҳҳоров, Муҳаммадамин Учқунов, Севинч Курманалиева, Мадина Аҳмаджонова каби спорт, рақс, кулолчилик, рассомлик каби санъат йўналишлари бўйича республика ва халқаро танловлар ғолиблари саналган иқтидорли ўқувчилар таҳсил олмоқда.
Тарғибот тадбирида сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова ўз ижод намуналаридан ўқиб берди, ўқитувчи Малика Иномжонова ижросида чанқовуз садоси янг­ради. Ўқувчи Мадина Аҳмаджонованинг рақси йиғилганларга завқ улашди. Мулоқот давомида бугунги омон-омон замонамизга шукроналик билан яшашга ундовчи видеоролик намойиш этилди.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 295-умумтаълим мактабида давом этган тадбирда “Халқ маорифи аълочиси” Покиза Мирсовурова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойгул Убайдулла қизи, Тошкент давлат кимё-технология институти доценти Гулбаҳор Нишонова, “Ёш томошабинлар” театрининг актёрлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шамсиқамар Мансурова, актёр Раҳматилла Қурбонов, “Янги­йўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдувоҳид Исомуҳаммедов, Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича маҳалла раиси ўринбосари Санобар Шарафматова иштирок этди.

Қорақалпоғистон аҳли ҳам тарғибот тадбирларига фаол ёндашмоқда. Хусусан, шу йилнинг 10 ноябридан 23 ноябригача Амударё туманининг “Қиличбой” фуқаролар йиғинидаги маданият марказида ва бир қатор ўрта таълим мусиқа ва санъат мактабларида элликдан зиёд тадбирлар ташкил этилди. Уларда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев, ҳоким ўринбосари Алишер Йўлдошев, Ёшлар институти масъул ходими Тоҳир Шодиев, Қорақалпоғистон давлат университети профессори Қўшназар Худойбердиев, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Ринат Ражабов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминова ва туман маданият ходимлари қатнашди. Юзма-юз мулоқот завқи куннинг совуқ нафасини сездирмади, кўнгилларга илиқлик бағишлади.
Қашқадарё аҳли ҳам тарғибот тадбирларида кўтаринки руҳда қатнашмоқда. Учрашувларда юридик фанлари номзоди Маҳмуд Утемуратов йиғилганларга бугунги янгиланишлар, бунёдкорлик­ларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўзлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров ижро этган саҳна асарларидан парчалар, эл севган санъаткор Маҳмуд Намозовнинг бахшиёна қўшиқлари кексаю ёшни бирдек даврага чорлади. Китоб туманининг олис чўққиси Хазрати Султонга яқин Матмон, Жавс ва Ҳазрати Башир қишлоқларида жойлашган мактаблардаги учрашувлар ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлди.
– Китоб тумани маънавият бўлими раҳбари Гуландом Сатторованинг ғайрати бизни шошириб қўйди, – шоира Зебо Мирзаева. – Ахир, икки соатлик масофадаги тоғ қишлоғидан тушиб, яна кеч бўлганда Китоб шаҳар болалар уйида тадбир ўтказиш учун айрича куч, иштиёқ керак! Тадбирда иқтидорли ўқувчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар совға қилингани чинакам туҳфа бўлди, деб ўйлайман.
Фарғона вилояти Фурқат туманидаги «Мус­тақиллик» ва «Болтақўл», Ўзбекистон туманидаги «Қўрғонча» маҳалла фуқаролари йиғинларида учрашувлар, Қўқон шаҳридаги адабий суҳбатлар, Бешариқ туманининг Файзобод ва «Андижон» маҳаллаларидаги оддий ишчилар, ўқитувчи ва ўқувчилар билан дийдорлашувлар жуда файзли кечди. Тадбир давомида адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков, ёзувчи Муҳайё Тўлаганованинг ижодий гурунглари барчага манзур бўлди.
Лойиҳа доирасидаги тарғибот тадбирлари Хоразм вилояти Шовот туманидаги маҳаллаларда ҳам юқори савияда ўтди. Туманнинг Арбек маҳалласидаги 17-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкиллаштирилган тадбирда Урганч давлат университети кафедра мудири Расулбек Шарипов сўзга чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида батафсил сўзлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси, шоир Болтабой Бекматовнинг ватанпарварлик, тинчлик, инсонийлик мавзусидаги шеърлари, Ўзбекистон халқ артистлари ака-ука Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар ижросидаги шўх қўшиқлар, вилоят Қўғирчоқ театри намойиш қилган саҳна кўринишлари йиғилганлар эътиборини тортди.
“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. Уларда, айниқса, ёш ижодкорлар фаол. Хусусан, Жиззах шаҳрининг Ўратепалик маҳалласида давом этган маънавий-маърифий тадбир зиёлилар, спортчилар, маҳалла фаоллари, санъаткорлар иштирокида байрамона руҳда ўтди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳри Абдураҳмонова, ёзувчи ­Салим Комилов иштирок этиб, ижод намуналаридан ўқиб беришди.
– Бундай тадбирлар халқимизга кўтаринки руҳ, куч-ғайрат бағишлайди, – дейди маҳалла раиси ўринбосари Саъдулла Шукуров. – Бунда биз мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишлари, барча жабҳалардаги янгиланишлар ҳақида кўп маълумотларга эга бўламиз. Албатта, буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган одилона сиёсати ва жамиятимизда қонун устуворлиги таъминланаётгани туфайлидир.
Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган учрашувлар, маданий тадбирларда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазбек Мараҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нуриддин Аминжон, Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, санъаткорлар Эркин Комилов, Муножот Тешабоева, спортчи ёшлар, профессор-ўқитувчилар, вилоятдаги ижодкорлар, фахрийлардан таркиб топган тарғибот гуруҳи ­аъзолари иштирок этмоқдалар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ушбу учрашувларда фаол қатнашиб, китобсеварларга 2500 та бадиий китоб тақдим этди.

Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг