КУЗ АЙТАДИ ЮЗ САЛОМ

273

Кумуш АБДУСАЛОМОВА

Билмадим, кимга не берса, берар у,
Менга тўкилишдан сабоқ берар куз.

Гарчи тинмай тилла танга сочар у,
Менга кўз ёш оққан қабоқ берар куз.

Ҳаммасини ўлчаб-ўлчаб берса-да,
Соғинч, кутишни беадоғ берар куз.
Сўзга зор бўлиб турганимни кўриб
Янги шеърлар ёз деб,
варақ берар куз!
Тоштан ота

Тоштан ота анжирни кўмди,
Совуқ урмасин деди.
Тоштан ота узумни кўмди,
Совуқ урмасин деди.
Тоштан ота анорни кўмди,
Совуқ урмасин деди.
Тоштан отани ҳам кўмиб келди эл,
Тоштан отани!

Ростгўй

Куз – уддабурон бўёқчи,
Турли ранглар киритар боғга.
Куз ҳар нарсани бўяйди,
Одамларнинг кўзидан бошқа.
* * *

Аёл териб келди кийик ўт,
Қон босими қийнайди уни.
Босиб-босиб аччиқ чой ичди,
Боши қаттиқ оғриган куни.

Чолга айтган эмиш шифокор,
Қуюқлашиб кетганмиш қони.
Чол наъматак теришга тушди.
“Бизнинг тоғлар – наъматак кони!”

Жийдазорда кўрдим кампирни,
Териб келди тўлгунча қопи.
Даво эмиш минг битта дардга,
Бу, албатта, одамлар гапи.

Эй сахий куз, саховатли куз,
Неъматлари шифойим мани!
Куз ўзи хаста бўлса ҳам,
Куз ўзи хаста бўлса ҳам,
Аммо тузатади ҳаммани.
Куз салом

Куз салом, куз салом,
Куз айтади юз салом.
Келин бўлгиси келиб,
Айтар қари қиз салом.

Бу кеча ёзай десам,
Столда лампа куйган.
Бу дунёда мен каби,
Мен каби ҳамма куйган!

Куз салом, куз салом,
Куз айтади юз салом.
Осмон жим тургани йўқ,
У айтар юлдуз салом.

Илҳом пари дегани
Асли шу кузга яқин.
Кузга тўлаши керак
Шоирлар қалам ҳақин.

Куз салом, куз салом,
Куз айтади юз салом.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг