МАҚОМ ТАДРИЖИДА САРОЙ УДУМЛАРИ

104

Мақомларнинг асрлар мобайнидаги узлуксиз тадрижида бир неча объектив омиллар ҳам муҳим ўрин тутган. Шулардан устувори бу санъатнинг расмий мафкурага мувофиқлиги. Яна бир қанча хусусийлари эса ҳукмдорларнинг савияси асосида саройда қарор топган мумтоз эстетик мезонлардир. Тарихий илдизлари теран қадимий бу омилларнинг мақом тизимига оид асосий мезонлари, назаримизда, соҳибқирон Амир Темур саройида узил-кесил шаклланган.
Тарихдан маълумки, улуғ бобомиз ва унинг ворислари бўлган Темурийлар даврида сўфийлик тариқатлари ва уларнинг йўлбошчилари ҳукмдору мардум орасида мўътабар зотлар ўлароқ эъзоз­ланган. Айни вақтда, сулук асосчилари, пиру машойихларининг фаолияти ила шаклланган тасаввуф таълимоти ва унда илгари сурилган инсонпарварлик, бағрикенглик, комиллик сари маънавий юксалиш ғоялари аксарият олиму фузало, ҳунарманду ижодкорларнинг дастуриламали бўлган. Ҳукмдорлар саройида қарийб расмий мафкура нуфузига эга бўлган бу таълимот негизида мумтоз шеърият, меъморлик, амалий ва тасвирий санъат турлари қаторида мумтоз мусиқа ҳам янги сифат босқичига юксалди. Зеро, беназир Абдулқодир Мароғий бошчилигидаги олим ва мусиқа устозларининг самарали илмий-ижодий изланишлари пировардида комил инсон ғояларини яхлит таълимот тарзида мусиқада ифодалаш вазифаси “Ўн икки мақом” тимсолида муваффақиятли ечимини топган. Шу аснода мақом санъати соҳибқирон Амир Темур асос солган буюк салтанатнинг устувор маънавий-мафкуравий тизимлари қаторида сарой маданиятидан муносиб ўрин олган эди.
Айни вақтда, сарой мумтоз мусиқасининг юксак намунаси бўлган мақомлар ҳукмдорларнинг мусиқий диди, савияси, самоъни идроклаш қобилияти, ижодкорлик салоҳияти каби фазилатларининг ҳам ўзига хос “кўрсатгичи” (ифодаси) бўлган. Шу боис, бежиз эмас­ки, Темурий шаҳзодалар болалигидан мусиқа устозларидан алоҳида сабоқ олганлар, Шарқ мумтоз шеърияти ва унинг пойдевори бўлган аруз илмини ўрганиш асносида форс тилини ҳам пухта ўзлаштирганлар.
Зеро, аввалдан келаётган сарой маданий удумига кўра, туркий ҳукмдорлардан она тили билан бирга форс тилини ҳам мукаммал билишлари талаб этилган. Бунга Амир Темур ва унинг ворислари бўлган Темурий шаҳзодаларнинг лисон бойлиги, шунингдек, уларнинг аксарияти аруз вазни билан форсийда, гоҳо эса арабийда ҳам шеър­лар битгани ёрқин мисолдир. Шунинг­дек, кўплаб тарихий, илмий, адабий ва бошқа ёзма асарлар ҳам ҳукмдорларнинг топшириғи билан форсийда ёзилган. Табиийки, сарой удумлари бу даргоҳда шаклланган мумтоз санъатнинг эстетик мезонларида ҳам ўз аксини топган эди. Инчунин, сарой мусиқачилари ишқ фалсафаси ила йўғрилган туркий ва форсийда битилган кўплаб шеърларни ёд билишлари ва, яна ҳам муҳими, вазият тақозоси билан у ёки бу ғазални мақом йўлларига уйғун боғлаган ҳолда санъатларини намойиш эта олишлари лозим бўлган.
Бу каби мумтоз талаблар 16-17 асрлар давомида бирин-кетин алмашган янги ҳукмдор сулолалар даврида ҳам давом этган. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, дастлаб шайбонийлар, кейин эса аштархоний сулола ҳукмдорлари учун буюк Амир Темур ва Темурийлар саройи бадиий анъаналари бегона бўлмаган, аксинча, азалий ва қадрдон санъатлар ўлароқ эъзозланган. Ҳар ҳолда уларнинг ҳар бири муносиб авлод бўлиш иштиёқида улуғ аждоднинг шаҳарсозлик, меъморий бунёдкорлик, илм-маърифат ва санъат жабҳаларида кўрсатган намунали фаолиятини давом эттиришга астойдил интилган. Бу ўринда, айниқса, Шайбонийлардан Убайдуллахон ва Абдуллахон II, аштархонийлардан эса Имомқулихон Бухоро хони бўлган давр­ларда кўплаб диққатга сазовор ишлар амалга оширилган эди. Шу жумладан, маҳаллий аҳоли орасида ҳам катта обрў-эътибор қозонган бу халқпарвар ва санъатсевар ҳукмдорлар ҳомийлигида замонасининг илғор олиму адиблари, меъмору наққошлари, мусаввиру мусиқачилари баракали меҳнат қилганлар.
Сарой мусиқа маданиятида эса устувор аҳамияти ва нуфузи тушмаган мақомларни форсий ва туркий ғазаллари билан “ўқиш” анъанаси ҳам изчил давом этган. Бу ўринда турли сулола ҳукмдорларининг икки тиллилик ижоди ҳам бунга “изн” берган. Алалхусус, Шайбонийхон, Абдуллахон ва Имомқулихонлар ўзбек ва форс тилларида шеър­лар битган бўлса, Убайдуллахон ўзбек, форс ва араб тилларида рубоийлар, ғазаллар ва маснавийлар ижод қилган.
Хуллас, юқорида номлари зикр этилган Бухоро хонларининг мусиқа устозларига кўрсатган ғамхўрлиги ва, айни вақтда, аруз вазнида зуллисонайн қалам тебратгани ҳам уларнинг Амир Темур ва Темурийлар даври мақом санъатини руҳан қабул қилиш маданиятидан бегона эмаслигини, бинобарин, бу санъат билан боғлиқ сарой удумларининг ҳаққоний меросхўри ва давомчилари эканлигини кўрсатиш учун кифоядир. Уларнинг даврасида замонасининг номдор ва юксак истеъдодли мусиқачи ва мусиқашуносларининг фаолият кўрсатгани ҳам бу фикрни бир қадар тасдиқлайди.
Яна шуниси эътиборлики, тарих саҳнасида ҳукмдорлар сулоласи тез-тез ўзгариб турган ҳамда сиёсий-ижтимоий ҳаётда таназзул ҳолатлари кузатилган бўлса-да, бу ҳол сарой мумтоз анъаналарига салбий таъсир кўрсатмаган, инчунин, мақом илмий-ижодий анъ­аналари ривожланишда изчил давом этган. Сарой мусиқачиси, чангчи-созанда, ҳофиз, бастакор, мусиқашунос олим ва шоир Дарвиш Али Чангий фаолияти фикримизга яққол мисолдир. Ўз даврида шайбоний ҳукмдорлардан Абдуллахондан кўп эҳтиромлар кўрган Дарвиш Али аштархонийлардан Имомқулихон саройида мусиқачи мақомида хизмат қилган ва “Хоқон чангчиси” (“Чангий хоқоний”) деган юксак унвонга сазовор бўлган. Унинг шу хонга бағишланган “Рисолаи мусиқий”си (иккинчи нусхасининг номи “Туҳфат ус-сурур” — “Шодлик армуғони”) нафақат мақомлар тарихи ва назарияси, балки Соҳибқирон ва Темурийлар давридан бошлаб 17 аср биринчи чорагига қадар давр мусиқа маданиятини ўрганишда ҳам қимматли манба ҳисобланади. Зеро, бу илмий асар рисола жанридан анча кенг бўлиб, маълум даражада тарих ва тазкира хусусиятларини ҳам ўзида мужассам этган. Шу жиҳатлари билан салафларининг рисолаларидан фарқ қилади. Айни пайтда, асарнинг умумий тарҳини 12 боб тарзида тузишда Абдулқодир Мароғий ва Нажмиддин Кавкабий рисолаларида қайд этилган намунага эргашади. Бу рақам, эҳтимол, Ўн икки мақом рамзи бўлгандир. Асар мазмунида мусиқанинг назарияси ва амалиёти, мақом, усул ва мусиқа чолғуларига оид масалалар мубоҳаса қилинади. Шунингдек, мусиқага лаёқатли ҳукмдорлар, машҳур мусиқачилар — созанда, хонанда ва бастакорлар ижоди тилга олинади. Бу қадар кўп маълумотни йиғишда муаллиф Мавлоно Ҳусайн Охун, Имом Қулий Удий, Зайтун Ғижжакий, Хожа Абдулла Марворид, Зайнулобиддин Чангий, Абдулқодир Мароғий, Сафиуддин Урмавий каби мусиқа устодларининг асарлари ҳамда “устоздан-шогирдга” оғзаки равишда ўтиб келган маълумотларга таянганини маълум қилади. Рисоланинг 3-бобида Ўн икки мақом ва унинг келиб чиқиши хусусида сўз юритилади. Бунда муаллиф дастлаб Етти мақом бўлгани ва улар етти пайғамбардан мерос қолганини ривоятлар асосида баён қилади. Қолган мақомлар эса устоз санъаткорларнинг ижоди экани кўрсатиб ўтилади.
Муаллиф ўша давр чолғулари, жумладан, бизнинг давримизгача етиб келмаган чолғуларнинг ҳам номларини (масалан, барбат, шаммома, руд, руҳафзо, чанг-арфа ва бошқа) қайд этиб, уларнинг амалий истеъмолда тутган ўрни ва мавқеини устозлар орасида машҳур иборалар асосида тавсифлайди (5-6 боблар). Масалан, Дарвиш Али уд чолғусини “созлар султони”, чанг­(арфа)ни эса “созлар келинчаги”, дея таърифлайди. Ўтмишдаги подшоҳлар хусусида қисқа ва лўнда таърифларни келтираркан, Амир Соҳибқироннинг мусиқа идрокига юқори баҳо беради ва бу борада ривоят ҳам келтириб ўтади. Муаллиф 15-17 асрларда яшаб фаолият кўрсатган машҳур мусиқачи устозларини номма-ном таъкидлаш билан чекланмасдан, уларнинг ҳар бири қаламига мансуб муҳим асарларини қайд этади.
Масалан, шоир, назариётчи ва буюк мусиқачи Мавлоно Нажмиддин Кавкабий Бухорийнинг мусиқа илми ва амалиётидаги самарали фаолиятини ҳар жиҳатдан эътироф қилади, унинг “Ироқ” мақоми ва чорзарб усулидаги куйи ҳамда “Рост” мақомида ижод қилган “Куллиёт” асарлари, айниқса, бадиий юксаклигини таъкидлайди.
Аслида, мақомларни илмий тасниф этишда Дарвиш Али Чангий Нажмиддин Кавкабийнинг энг яқин издоши бўлган. Бу ҳол шайбоний ва аштархоний ҳукмдорларнинг мақом санъатига меросхўрларча муносабатини ҳам кўрсатади. Шу билан бирга, бу ҳар икки улуғ зотнинг мусиқага оид илмий асарлари ҳозирга қадар мақом санъатининг 16-17 асрлардаги тадрижини ўрганишда энг ишончли ва қимматли манбалардир. Хусусан, ЎзР ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонасида сақланаётган Нажмиддин Кавкабийнинг “Рисолаи мусиқий” ва Дарвиш Али Чангийнинг ҳам шу номли илмий асари асосида тадқиқотчилар бир қатор ишларни амалга оширишди. Жумладан, 1946 йили профессор А.Семенов томонидан ёзилган “Среднеазиатский трактат по музыке Дервиша Али (XVII в.)” номли нашрда Дарвиш Али рисоласининг мазмуни рус тилида мухтасар баён этилган бўлса, санъатшунос Дилбар Рашидова ушбу рисолани 70-йиллари тўлиқ ҳолда рус тилига таржима қилган. Мавлоно Нажмиддин Кавкабийнинг мусиқа рисоласи А.Ражабов тадқиқоти ва шарҳлари билан 1985 йили Тожикистонда чоп этилди (Наж­миддин Кавкабий. Рисолаи мусиқий. Рисола дар баёни Дувоздаҳмақом. Душанбе, 1985). Ўзбекистонлик мусиқашунос А.Жумаев 2016 йили Нажмиддин Кавкабий ҳаёти ва ижодига оид йирик тадқиқотини рус тилида эълон қилди. Ёш тадқиқотчиларимиздан Бахтиёр Ашуров Нажмиддин Кавкабий ва Дарвиш Али Чангий рисолалари асосидаги докторлик (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди (2020). Келгусида бу каби илмий изланишлар давом этади, деган умиддамиз.

Оқилхон ИБРОҲИМОВ,
санъатшунослик фанлари
доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг