ЛУҒАТ — ФИКР БОЙЛИГИ

130

Дарҳақиқат, шундай: луғат бойлиги — фикр бойлиги негизидир. Бунга “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Мумтоз асарлар луғати” (Тузувчилар: Эркин Раҳмонов, Ваҳоб Раҳмонов, Мамлакат Латипова) яққол далил бўла олади.
Тузувчилар жамоаси томонидан “Мум­тоз асарлар луғати”га нафақат ўрта мактаб ўқувчилари, балки коллеж, академик лицей талабалари, олий ўқув юртларининг бакалавр, магистрант ва докто­рант­лари ҳам эҳтиёжманд экани ҳисобга олинган. Айниқса, ёш авлод ўрта мактабдан луғат китоби билан шуғулланмаса, ўзбек мумтоз адабиётидан баҳрасиз бўлиб қолади. Ҳолбуки, бизнинг маънавиятимиз тамал тоши мумтоз адабиёт, хусусан, Алишер Навоий асарларидир. Шунинг учун ҳам ушбу луғатда ҳазрат Навоий ишлатган сўзлар асосий ўрин тутади.
Ушбу луғатнинг мактаб ўқувчилари учун қулайлиги қуйидагиларда кузатилади: изоҳлар содда баён қилинган ва сўзларнинг арабча ёзуви берилмаган ҳамда этимологик, грамматик ва бошқа белгилар, ишоралар йўқ. Шунингдек, форсий изофаларнинг тўлиқ берилгани, масалан, ақл сўзи воситасида ҳосил қилинган иборалар ақли дақиқ, ақли кул, ақли мужаррад, ақли нофаржом каби тарзда ифодалангани ҳам луғатдан фойдаланишни осонлаштирган.
Луғатдаги сўзларнинг тўқсон фоизи мактаб дарслик ва мажмуаларидан танлаб олинган. Бошқа китоблар, яъни мактабда ўқитилмайдиган асарлардан олинган сўзлар ҳам ўқувчининг мумтоз адабиётга оид тасаввурини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ушбу луғатга мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларида учрайдиган, асосан, тушунилиши мураккаб туб, ясама ҳамда қўшма сўзлар, баъзи турғун бирикмалар ҳам киритилган. Шунинг­дек, луғатда мумтоз адабиётимизда учрайдиган киши номлари (антропонимлар), жой номлари (топонимлар), этнонимлар ҳам жой олган. Масалан, киши номлари: Алачахон, Али, Арасту, Афридун, Буқрот, Фаридун, Фоний кабилар:
“Алачахон – Султон Аҳмадхон ибн Юнусхон, Мўғулистон хони, Бобурнинг кичик тоғаси.
Қайси дер эрди Алачахонин,
Тушуруб, ерга тўкойин қонин. (“Шайбонийнома”)”.
Жой номлари: Арафот, Афранж, Бухоро, Чин кабилар:
“Арафот – Макка шаҳри атрофидаги тоғ номи”.
Мумтоз ёдгорликлардан олинган ҳар бир сўз – мустақил, қўшма сўз, ёрдамчи сўзлар луғатда алоҳида бош сўз сифатида изоҳланган. Бош сўзларни изоҳлашда кўпинча уларнинг ҳозирги ўзбек адабий тилидаги муқобили, яъни таржимаси берилган. Масалан, менг — хол, нек — яхши, пур — тўла, раъс — бош, ришват — пора кабилар.
Шунингдек, форс тилига оид -афкан, -афзо, -афъзой каби аффиксоидлар ҳам бош сўз сифатида берилган. Улар руҳафзо, новакафкан каби янги сўзлар ясашда фаол иштирок этади. Шунинг учун бу каби бирликларнинг луғатда берилиши ўқувчиларнинг бундай ясама сўзларни тез тушуниб олиш­ларига ёрдам беради.
“Мумтоз асарлар луғати”нинг аннотациясида: “Ушбу луғат бир ярим минг йиллик ўзбек адабиёти намуналарини ўқиб-ўрганиш учун калит вазифасини ўтайди”, дейилган. Демак, луғатга узоқ тарихимизда яратилган туркий тиллар ва ўзбек тилига оид эски ёзма ёдгорлик­лардан сўзлар олинган.
Табиийки, узоқ ўтмишда яратилган асарларни ўқиб-тушуниш қийин. Шунинг учун ҳам шоир даврида қўлланилган иг — касаллик, ирн — лаб, итик — тез, йир — ашула, топуғ — хизмат, эмгак — машаққат, меҳнат, заҳмат каби соф туркийча (ўзбекча) сўзларни ўқувчи луғатсиз тушунмайди. Мазкур луғатга олинган бундай сўзларнинг баъзилари ҳатто Навоий давридаёқ архаиклашган эди. Бундан ташқари, Навоий ва бошқа мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларида шундай сўзлар борки, улар ҳозирги ўзбек адабий тилида бутунлай бошқа маънода қўлланилмоқда. Бундай сўзларга мазкур луғатдан қуйидаги мисолларни келтириш мумкин: “ифлос – қашшоқлик, пулсизлик, маблағсизлик, муҳтожлик.
Бўлуб ифлосдин зарурат ила
Хиссат аҳлиға мадҳхон шуаро. (Мунис)”.
“Меҳнат – азоб-уқубат, машаққат, алам, заҳмат.
Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Тойи миннатин. (“Ҳайрат ул-аброр”)”.
Навоий тили, умуман, эски ўзбек адабий тили қарлуқ лаҳжасига асос­ланган. Аммо мумтоз адибларимиз асарларида, айниқса, шеъриятда ўғуз лаҳжасига хос лексик бирликлар ҳам қўлланилган. Ўғуз тилларига турк, озарбайжон, туркман, гагауз тиллари киради. Ўзбек адабий тилининг шаклланишида ўғуз тиллари ва ўзбек тили таркибига кирувчи ўғуз лаҳжасининг ўрни катта. Маҳмуд Кошғарий “тилларнинг енгили ўғузча” дейди. Шунинг учун ҳам ўғузча сўзлар Навоий ва бош­қа мумтоз шоирларимиз луғат бойлигининг оз қисмини ташкил этса-да, лекин улар услубнинг поэтик кўтаринкилигини таъминлашга, мумтоз шеъриятимизни оҳангдор, жарангдор ва жозибадор бўлишига хизмат қилган. Ўғузча сўзларнинг ана шундай хусусиятларини ҳисобга олган тузувчилар мазкур тил бирликларини имкон даражасида луғатга кўпроқ киритишга интилишган.
Луғатда сўзларнинг маъноларини очишда кўпроқ бош сўзнинг ҳозирги ўзбек адабий тилидаги муқобилини келтириш усулидан фойдаланилади: абр – булут; паланг – йўлбарс, ситора – юлдуз. Шунинг­дек, бош сўзлар синонимлар ёрдамида ҳам изоҳланган: абжар – абгор, хароб, хонавайрон, авн – ёрдам, мадад, кўмак; бедод — зулм, жабр, зўрлик.
Мумтоз адабий ёдгорликлар тилида шундай сўзлар учрайдики, уларнинг ҳозирги ўзбек адабий тилида муқобили, синоними, умуман, мазкур сўз ифодалаган тушунча ёки предметнинг ўзи йўқ. Ундай сўзларни кенгроқ изоҳлаш лозим. Тузувчилар бундай ўринларда кенг изоҳлаш усулидан фойдаланишган. Масалан: “Устурлоб – қуёш ва юлдузлар юксаклиги ва ўрнини ўлчайдиган астрономик асбоб (юнонча астролябия сўзининг арабча шакли). Шакли – қабариқ, ликопсимон. Унда ўлчов сонлар ва кўрсаткич мили бўлади”.
Кўп маъноли сўзларнинг маънолари бир-биридан араб рақамлари билан ажратилган. Агар сўзнинг кўчма, мажозий маъноси бўлса, у “мажозан” сўзи орқали берилади. Масалан, “Алиф – 1… 2. Мажозан: тиклик, хушбичимлик маъноларини ифодалайди.
Етгач алиф қадин қилиб дол,
Мажнунни аёғин ўпти филҳол. (“Лайли ва Мажнун”)”.
Эски ўзбек адабий тилида, айниқса, унинг “олтин даври” ҳисобланган XV — XVI асрларда араб ва форс тилларидан олинган сўзлар талайгина. Ушбу луғатнинг ҳам анчагина қисмини араб­ча, форсча лексик бирликлар ташкил этади. Бундай сўзларга тўғри изоҳ бериш, уларнинг маъно нозикликларини очиш луғатчидан араб ва форс тилларидан хабардор бўлиш, эски ўзбек адабий тилини яхши билиш, умуман, луғат тузиш соҳасида катта таж­рибага эга бўлишни тақазо этади. Ваҳоб Раҳмонов ана шундай билимга, тажрибага эга олим. Буни ушбу луғатдаги бош сўзларга, изофаларга, сўзларнинг араб­ча бирлик ва кўп­лик шакл­ларининг берилишидан, сифатларнинг орттирма даражасига берилган изоҳлардан билса бўлади.
Ёдгорликлар тилида изофалар му­ҳим ўрин тутган ва фаол қўлланган. Луғатда баъзи сўзларга мазкур сўзлар воситасида ҳосил қилинган изофалар изоҳлари билан берилган. Масалан, “аҳл” сўзига аҳли адам, аҳли аъён, аҳли азимат, аҳли азо каби 115 дан ортиқ изофа келтирилган. Бундай изофаларнинг аксарияти янги маъноларда қўлланган. Масалан, “Аҳли аср – замондош­лар”, “Аҳли байъ — даллоллар”, “Аҳли ваҳдат – Аллоҳнинг биру борлигини тан олиб, унга бўйсунганлар”, “Аҳли иродат — муридлар, мухлислар” каби. Буларнинг ҳар бири мўътабар манбалардан олинган мисоллар билан таъминланган.
Луғатда баъзи бир камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Масалан, азм сўзининг (“1. ният, қарор, бел боғламоқ… 2. суяк…”) маънолари тўғри берилган. Бизнингча, бу сўзни Азм I ва Азм II шаклида омоним сўзлар сифатида берилгани маъқул. Чунки мазкур сўзларнинг арабча ёзилиши бир-биридан фарқланади. Абуни бош сўз сифатида Аб тарзида берилса тўғри бўлади.
Аслида, мактаб адабиёт луғатини ҳар тўрт йилда бир марта нашр этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки шу муддатда луғат муаллифлари ўз диққат-эътиборидан четда қолган мактаб дарслик ва мажмуаларидаги сўзлар билан луғатни бойитиб борадилар.
Умуман, бундай жузъий камчилик­лар мазкур луғатнинг савиясига таъсир қилмайди. Яна бир фикр: ушбу луғат атиги 1500 нусхада чоп этилган. Агар “Мумтоз асарлар луғати” мактаб ўқувчилари, талабалар учун мўлжаллангани ҳисобга олинса, бу жуда оз. Уни, албатта, катта тиражда нашр этиш лозим.

Бердак ЮСУФ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
катта илмий ходими, филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг