ИШҚ ҚАСРИГА ЙЎЛ

113

Шарқ адабиётида “Лайли ва Мажнун” достони ишқ-муҳаббат мавзусидаги энг гўзал ва мароқли асарлардан бири сифатида эътироф этилади. Ҳазрат ­Навоий бу достонини “фироқнома”, “мотамнома” деб атаб, асарда нафақат ишқнинг завқ-шавқи гўзал тасвир этилгани, балки у бениҳоя дард ва изтироб билан бойитилганини ҳам билдиради. Мазкур ишқ достони, тартиб жиҳатидан олганда, “Хамса” туркумида учинчи бўлиб, унинг чўққиси ва ҳадди аълосидир.
Юксак тафаккур ва теран мушоҳада маҳсули сифатида дунёга келган бу дурдона асарни тушуниб олиш ҳам, тадқиқ этиш ҳам анча мураккаб ва осон эмаслигини ўтган аср навоийшунослиги исботлаб берди. Асар устида олиб борилган кўп­лаб тадқиқот ишлари чинакам меҳр-муҳаббат ва иштиёқ билан амалга оширилди, бироқ лирик қаҳрамонлар Лайли ва Мажнун ўртасидаги севги сабабини тўлиғича очиб бериш ўрнига, асарнинг бадиий-ғоявий мазмунини тушунтиришга берилиб кетишлар ҳам бўлди. Мисол учун, юксак маҳорат билан битилган асар моҳиятини очиб беришда шоир яшаган давр ва муҳитни айблаб, эркин севги-муҳаббатга тўсиқ бўлиш ва бидъат-хурофотга асосланган қолоқ феодал муносабатлар оқибатида икки ёшнинг севгиси фожеали якун топиши айрим тадқиқотларда ечим-хулоса сифатида тақдим этилди.
“Лайли ва Мажнун” достони таҳлили билан боғлиқ илмий тадқиқотларни кузатганда диний-тасаввуфий таълимот ва ғоя билан боғлиқ боблар нашрлардан тушириб қолдирилганига, зарур ўринларда мухтасар ва номигагина маълумотлар бериш билан чекланилганига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: унда нима сабабдан Навоий бу каби бобларни ўз асарига киритишни маъқул кўрди?
“Лайли ва Мажнун” достони муқаддима бобларида мутафаккир шоир Парвардигори оламга ҳамд ва пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга наът бағишлайди. Ўз даврида хоҳ илмий, хоҳ бадиий асар бўлсин, ҳар бир муаллиф китоб битишда ана шу анъанага биноан ҳамд ва наът бағишлаши шарт бўлган. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳамд ва наътлар шунчаки номига келтириб ўтилмай, асарнинг мазмун-моҳияти ва ғоявий мақсадини аниқлаб олишда катта ёрдам берган. Ҳамд Аллоҳ таолони улуғлаш ва бандага ўзининг ожизлиги ва заифлигини билдириш руҳида, наът Пайғамбар алайҳиссалом шаънини улуғлаш ва охиратда шафоатларига мушарраф этишларини хоҳлаб битилади. Муаллиф ҳамд ва наътларни келтириш баробарида ўз асаридан кўзда тутилган мақсади ва режаларини ҳам изҳор этади. Бу асарнинг муқаддима бобида келтирилган ҳамд қисмида олам, борлиқ ва улардаги воқеа-ҳодисалар “бир ҳикмати илоҳий” туфайли яратилгани ва уларнинг ҳаракат ҳамда итоатларидан биронтаси ҳикматдан холи эмаслиги баён этилади. Яна уқтириладики, дунёдаги ҳеч бир воқеа-ҳодиса Аллоҳнинг изн-ихтиёри ва ижозатидан ташқарида рўй бермайди. Ўхшатиш жоиз бўлса, шоир қўлига тавҳид ойнасини олиб, бу дунёнинг ишларига назар ташлаётгандек, улардаги “ҳикмати илоҳий”нинг мағзини чақишга ва уларни кўриб ўз ҳайратини яшира олмаётгандек таассурот қолдиради. Бунда, албатта, ижодкорнинг аниқ мақсади ва тасвир маҳоратидан етарли даражада хабардор бўлиш, уни тушуниб етиш зарур. Айни муқаддима бобларидаги ҳамд ва наътларни кузатсак, шоирнинг ўзи асар моҳиятига кириб боришга йўл очиб бераётгани ёки унга ишоралар қилаётгани ва қайсидир маънода очқични ўқувчи қўлига тутқазаётганини билиб олиш қийин эмас. Агарда тадқиқотчими ёки ўқувчими шоирнинг теран мулоҳазаларини, тавсия ва кўрсатмаларини инобатга олмасдан асар мутолааси билан машғул бўлса, бу гўё қайиқни денгизга эшкаксиз олиб чиқиш билан баробар бўлади.
Шундай экан, севги-муҳаббатга бағишланган бу гўзал асар моҳиятига кириш учун қандай йўл тутиш керак? Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ишқни авом, хослар ва сиддиқлар ишқи деб уч турга ажратади. Хослар ишқи бошқа ишқ турларидан мажозий маъно касб этиши ва “бир маҳбуб” – мазҳар бўлишини талаб этади ва шу жиҳати билан улардан фарқланади. Шу кунгача мумтоз адабиётимиздаги айни ўринда “маҳбуб” бўлиши шартидан чекинилиб хослар ишқида мажозий маъно касб этган “маҳбуба”ни авом ишқидаги маҳбуб билан аралаштириб юборилиб, бир хил маънода қабул қилиб келинди. Айнан “Лайли ва Мажнун” достони таҳлилида ҳам худди шундай хатога йўл қўйилди. Аммо Лайли ва Мажнун муҳаббатини тавсифлашда фақат зоҳирий маъноси билан чекланиб қолишларини олдиндан билгандек донишманд шоир ўқувчига муқаддима бобида ҳуснни яратиб, кўнгилни унга асир қилгани, ишқ ўти оламни куйдириши ва хонумоннигина эмас, жисму жонларни ўрташини, бирини париваш қилса, яна бирини унга мажнун ва телба қилиб қўйишини келтириб, Яратган Зотга хитоб қилади:
Эй ҳар сориким қилиб тажалли,
Ул мазҳар ўлуб жаҳонда Лайли.
Лайлининг “мазҳар” деб аталиши ва буни икки ёш муҳаббати тасвири ва баёнига киришишдан олдин келтирилаётганини ўйлаб кўрайлик. “Навоий асарлари луғати”да “мазҳар” сўзи кўриниш, зоҳирлик, тўсатдан дуч келиб қолиш, учрашиб қолиш, деган маъноларда келиши айтилган. Лайлини “мазҳар” дейиш билан шоир мазкур достоннинг мазмун-моҳиятига кириб боришда адашмаслик ва чалғимасликка йўналиш бераётгандек ва ўзининг асл мақсадига ҳам ишора қилиб ўтаётгандек. Ҳазрат Навоий Лайлини нега “мазҳар” деб атаганини “Маҳбуб ул-қулуб”да: “Мажозий ишққа бир маҳбуб бўлғай, анинг ишқида бехуд ва мағлуб бўлғай”, деган фикри ҳам тасдиқлайди.
Навоий “Лайли ва Мажнун” достонини тушуниш ва бу масалада тўғри йўлдан боришни достоннинг охирги 38-бобида очиқроқ ва батафсил тушунтириб беради. Шоир ўз достонини хитта, яъни ишқ кишварига ўхшатиб, ундаги ҳозирланган шароит ва имкониятларни маълум қилади:
Ишқ аҳли учун мадорис онда,
Дард аҳли тутуб мажолис онда.
Ҳар кимдаки бор эса хаёле
Касб этмак ишқ аро камоле.
Бу мадрасада ясай висоқин,
Ҳужра аро соз этай яроқин.
Шоир айтмоқчики, бу мадрасага келган ошиқ талаба ғам ва балолар дарсини ўқийди, жигарни куйдирадиган ғамларни ғизо ўрнида қабул қилади, сув ўрнига қон қатраларини нўш этади, оладиган сабоқлари бало ва ишқ йўлида юз мубталолик ҳадисларини эшитишдан иборат. Бу мадрасада уларнинг кечки насибалари чироқ, андуҳ ва бағир доғи тутунларидир. Қайси бир ошиқ талабанинг омади чопиб, ишқ аҳли орасида шуҳрат тутса, овозидан бало хўруши чиқса, вужудини муҳаббат ўти тутиб, тутунларидан қуёш бекилса, оҳининг шамоли куйган вужудининг тупроғини учириб, кўз ёшлари унинг ўтини ўчирса, жисмидан асар қолмай кўнглини ҳам йўқотган бўлса, ана шундай кишилар бу ишқ қасри – иморатига киришга йўл топади, дейди.
Яна бир ўринда унга ишқдан ёт нопоклар, ёлғончи ошиқлар номини олганларнинг мақсад ва муддаоси нафс бўлса, ундай ёлғончи ошиқларни бу обидага яқинлаштирма, дейди:
Ишқ ичра тутуб ўзини номи,
Мақсуд анга бўлса нафс коми.
Ул ком ила кўнглини овутма,
Бу равза сори ани ёвутма.
Ҳазрат Навоий зукколик ва нафис дид билан иш тутиб, мажозий ишқ, яъни хослар ишқининг ҳикматини очиб беришни ва уни ўқувчиларга етказишни мақсад қилган бўлса ҳам, асар зоҳирида авомий ишқ билан боғлиқ тасвирлар ва кечинмалардан кенг фойдаланади. Жалолиддин Румий айтганидек, дастлаб соф асалнинг бир ўзини еёлмаган киши уни бошқа егуликлар билан аралаштириб ейди. Кейинчалик кўникма ҳосил қилиб кишининг қуввати ортаркан, асални ҳеч қандай воситасиз ея бошлайди.
Ҳа, шундай. Ҳазрат Навоийнинг маҳорати шундаки, у ўқувчиларига асални беришни ният қилган бўлса ҳам, аммо бунга ўқувчилар ҳали ўрганмагани ва кўникма ҳосил қилишмагани учун мажозий ишқни авомий ишқ суратида тасвирлаш йўлидан бордики, асални нонга қўшиб ейишни бошлаган ўқувчилар бора-бора асалнинг мазасини ҳис этиб, унга нон қўшиб ейишдан ўзлари воз кечадилар. Шу йўсинда “Лайли ва Мажнун” мутолаасига берилган ўқувчи асарни ўқиётиб Лайли ва Мажнун муҳаббати, садоқати ва вафосига маҳлиё бўлиб матн қатига моҳирона жойланган хослар ишқи билан боғлиқ ҳолатларни илғаб оладилар ва унга эътиборлари тортилаётганини сезмай қоладилар. Ҳазрат Навоийнинг ўзи айтганидек, ишқ бобида авомий ишқдан юқорига кўтарилиш – камолот касб этиш довонини забт этиш оғир ва мушкул эканини, бу йўлда ошиқни катта синов ва имтиҳонлар кутиб турганини, ҳеч бир мақом, даражага осонгина эришиб бўлмаслигини англаб етади. Қолаверса, шоир аслида ҳақиқий ишқ мажозий ишқ қобиғидан униб чиқиб, ундан кейин ўзининг асл меваларидан баҳраманд этишини билиб олишини назарда тутгандир.

Бобомурод ЭРАЛИ,
Алишер Навоий номидаги
давлат адабиёт музейи
мустақил тадқиқотчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг