БИР ОЛИМ ДУНЁДАН ЎТДИ

213

Инсон умрини шамнинг ёниб ўчишига қиёслайдилар. Аллоҳнинг қудрати билан оилада бир фарзанд туғилди, ота-она унга ҳаёт шамини бағишлади. Шамнинг умри тугаб, ўчгунга қадар ундан ёруғлик тарқалиб, атрофни ёритади, шу шамни не умидда ёққанларга ҳам, бошқаларга ҳам зиё таратади. Зиёли инсонлар ҳаётини ҳам шундай баҳолайдилар. У умри борича ҳаёт шамини ёқиб, бошқаларга ёруғлик улашади, ундан ўз вақтида баҳраманд бўлганлар бу зиёдан нур олиб, бошқалар учун “шам ёқиб” ёруғ нур қолдиришга ҳаракат қиладилар…

Бир олим дунёдан ўтди, у нималар ёзиб, қандай мерос қолдиргани унинг иккинчи умрини белгилайди. Филология фанлари доктори, профессор, “Сўз санъати” электрон журналининг асосчиси Муҳаммаджон Холбеков дунёдан ўтганини қайғу билан қабул қилган бўлсак-да, беихтиёр у ўзидан илм аҳли учун нималар қолдирганини эсга оламиз.
Олимнинг “Ўзбек адабиёти Францияда” (1999), “XX аср модерн адабиёти” (2012), “Ўзбек мумтоз адабиёти XVII-XX аср француз маданиятида” (2016), “Структур адабиётшунослик” (2016), “XX аср Ғарб модерн драмаси” (2017), “Марло ва Шекспир”, “ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари” (2020) тадқиқот ва китоб­лари ҳамда ўнлаб мақолаларини кўз олдимизга келтирамиз. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин, бироқ айни салмоқли асарларнинг ўзиёқ олимнинг умри бекор кетмаганини, миллий адабиётшунослигимизнинг муайян бир соҳасини бойитиб турганини ёдда тутамиз.
Сўнгги ўн йил ичида профессор М.Холбеков билан илмий-адабий ҳамкорлигимиз анча фаоллашди. Олимнинг тўрт китоби “Mumtoz so’z” нашриётида чоп этилди, бу нашрларни амалга ошириш давомида бир неча марталаб суҳбатлашдик, баҳслашдик, ҳозирги ўқувчига нималарни тезроқ етказиш керагу қайси масалаларни мавриди билан ўрганиш мумкинлиги ҳақида, французлар ўзбек адабиётининг қайси жиҳатларини ўрганишади, ўзбек олимлари француз адабиётшунослигидан нималар олгану яна нималарни “ундириш” мумкинлиги ва бошқа ҳам илмий, ҳам ҳаётий мавзулар ҳақида…
Эслатиш жоиз бўлса, М.Холбеков Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган, Самарқанд давлат университетининг роман-герман факультетини тамомлаган, “Француз адабиёти ўзбек тилида (таржима тарихи ва амалиёти масалалари” мавзусида номзодлик, “Ўзбек-француз адабий алоқалари (таржима, талқин ва танқид муаммолари” мавзусида докторлик диссертация­сини ёқлаган, 1993 йилда профессор унвонини олган. СамДУда, Жиззах педагогика институти ва Самарқанд давлат чет тиллар университетида кафедра мудири, профессор бўлиб фаолият юритган. Ўнлаб шогирдлари унинг раҳбарлигида докторлик ва номзодлик диссертацияларини ёқлаганлар.
Илк тадқиқотларида ўзбек адабиётининг Францияга кириб бориши, француз олим ва таржимонларининг ўзбек адабиётига қизиқиши тарихи масалаларини ўрганган, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абулғози Баҳодирхон асарларининг Франциядаги тақдирини ёритган. Д’Eрбело, Антуан Галан, Страленберг, Демезон, Дюперрон, Жобер, Флюгел, Катремер, Гамби, Паве де Куртейл, Бакье-Граммон каби француз тадқиқотчи ва таржимонлари асарларини ўрганиб, уларда ўзбек адабиёти масалалари қандай акс этганини аниқлаган.
Адабий алоқалар тарихи ва ҳолатини ўрганишда икки жиҳат бор, бири чет эл адабиёт илмида бизнинг миллий адабиётимизга бўлган муносабат, иккинчиси, биз уларга жавобан француз адабиётининг қайси жиҳатларини ўрганишимиз жоиз, деган масала. М.Холбеков ишларида масаланинг ҳар икки жиҳати ҳам тенглик асосида ўз аксини топган. Сўнгги йигирма йилда олимнинг тадқиқот ва мақолалар кўлами ўзбек-француз маданий мулоқоти масалалари доирасидан ташқарига чиқди, олим аввалига бутун Европа, кейинроқ, умуман, Ғарб адабиётининг етук намояндалари хусусида китоблар ёзди. Мана шу сўнгги асарлари билан Ғарб адабиётига доир илмий асарлар ва қўлланмалар масаласида биздаги етишмовчиликларни тўлдиришга ҳаракат қилди.
М.Холбековнинг “XX аср модерн адабиёти манзаралари” китобида жаҳон адабиётида модерн ва модернизм тушунчаси, Ғарб насрида модернизм, Марсел Пруст, Франц Кафка, Жеймс Жойс, Виржиния Вулф, Уилям Фолкнер, Габриэл Маркес, Луис Борхес ва бошқаларнинг ижодига хос муҳим жиҳатлар ёритилган. Олим XX аср модерн адабиётига хос фазилатлар ва камчиликлар ҳақида фикр юритар экан, унинг мазмуни, ранглар спектри, диапазони жуда кенглигини, турли муаллифларнинг модерн асарларида антик давр, ўрта асрлар, Уйғониш даври, маърифатчилик, романтизм, танқидий реализм, символизм, экспрессионизм, неореализм, сюрреализм оқимларига хос услубларнинг аралашуви мавжудлигини эътироф қилади. Парадоксал ҳолат шунда яққол кўринадики, модерн ёзувчилар ўз асарларининг услубини нечоғли “янги” деб ўйласалар-да, бу услубларда антик даврдан ҳозиргача бўлган барча ижодий услубларнинг гоҳ синтези, кўпроқ эклектикаси кўзга ташланганини олим кузатган. Модерн ёзувчилар гоҳ Библия­нинг “Таврот” (“Қадимги аҳд”) қисмига тақлид қилиб, гоҳ антик давр юнон ва Рим адабиёти асарларидаги сюжетларни қайта ишлаганликлари (масалан, Ж.Жойс “Улисс” романида Гомер “Одиссея”сига мурожаат қилгани каби) ҳам кўрсатиб берган. Муаллиф тўғри кузатганидай, модерн адабиёти фақат бадиий асарлардан иборат бўлмай, у бадиа, эртак, тадқиқот, мактубларни ва турли мумтоз бадиий асарларнинг парчаларини ҳам ўз ичига олади. Масалан, Луис Борхес ижодида теран поэтик, психологик ҳикоялар билан айни вақтда, бадиа, мақола, кичик илмий тадқиқотлар ҳам кўп учрайди.
Муҳаммаджон Холбековнинг талқинида, Эрнест Хемингуэй ва Уильям Фолкнер ижоди ҳақида жўшқин ва теран фикрларни ўқиймиз. Э.Хемунгуэй ва У.Фолкнерни қайноқ ҳаёт воқеалари, одамларнинг ички кечинмаларини, инсонлардаги энг қимматбаҳо бойлик – инсонийликни, жамият ҳаётидаги зиддиятларни бўяб-бежамай, ҳаётий, жонли, табиий тасвирлаш фазилати яқинлаштириб туради. Муаллиф бу икки буюк санъаткорнинг қалбидаги самимиятни, ҳаёт муаммоларини, одамларнинг ички дунёсини, мақсад ва қилмишларини ҳаққоний тасвирлашда бир-бирига “рақобатчи” эканлигини, худди шу ҳақгўйлик, инсонийликка бўлган теран ишонч сабабли бир-бирини ҳурматлашини ҳам тўғри кўрсатади.
Жеймс Жойс ижодий услубида турли услуб­ларнинг тартибсиз аралашиб, қоришиб кетишини олим француз шоири Гийом Аполлинер кашф этган симультанеизм тамойили билан боғлайди. Жойс романида ҳар бир эпизоднинг стилистик кўриниши ўзгаради. “Улисс”да бу ўзгаришлар асарнинг олдинги планига чиқади.
ХХ аср Ғарб модерн драмасига бағишланган рисоласида М.Холбеков Европада фашизмга “Қаршилик кўрсатиш ҳаракати” тарафдорлари бўлган драматурглар Гарсиа Лорка, Бертольд Брехт, Луиджи Пиранделло, Самюэл Беккет, Жан Кокто, Альбер Камю, Жан-Поль Сартр, Жан Ануй, Жан Жироду, Морис Метерлинк, Бернард Шоу, Б.Штраус, Георг Койзер, Юджин О’Нил, Торнтон Уайлдер ижодида драматургияни, театр санъатини янгилаш, антик драмага хос мифологик мавзуларни замонага мослаштириб қайта талқин этиш кучли эканини таъкидлайди.
Ушбу тадқиқотида олим Ғарб театршунослари изидан бориб, модерн драма муаллифларининг асарларини асосан янгиликлар, фалсафийликнинг кучайиши сифатида талқин қилади.
Таниқли адабиётшунос олим, Ғарб адабиёти билимдони, профессор Муҳаммаджон Холбеков тадқиқотлари, адабий-танқидий мақолаларида ХХ аср адабиётидаги турли йўналишларни чуқур тадқиқ этди, модернизм, модерн романи ва драмаси фазилатларини ҳам, нуқсонларини ҳам ёритишга интилди. Олимнинг “Лотин Америкаси сеҳрли реализми” тадқиқоти ҳам бу қитъа адабиёти ҳақида ўқувчига тўлиқ маълумот бера олади.
Ниҳоят, олимнинг жаҳон адабиёти бўйича олиб борган тадқиқот ва кузатишларини умумлаштирган етти юз саҳифалик “ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари” сайланма китоби нашр этилди. Унда нафақат ХХ аср жаҳон адабиётининг етук вакиллари ижодига оид кузатишлар, балки XXI аср адабиёти қаёққа қараб кетаётгани, ундаги янгиланиш ва ўзгаришлар нимада, деган саволларга ҳам муаллиф жавоб излайди. Олим шу сўнгги китобини тезлаштиришга ҳаракат қилди, унга алоҳида меҳр бағишлади. Шукрки, айни асар ҳам китобхонларга ўз вақтида етиб борди, олим ҳам китоб нашридан қаноат ҳосил қилгандай бўлди…
Ҳозирги XXI аср – электрон нашрлар асри. Буни теран англаган олим кейинги 3-4 йил ичида “Сўз санъати” электрон журналини нашр эта бошлади, атрофига соҳа мутахассислари, малакали ҳамкасбларини тўплади. Бу нашр, айниқса, илмга эндигина кириб келаётган тадқиқотчилар учун фикр айтиш минбарига айланди. Ушбу журнал муассислари ва таҳрир жамоасига ниятимиз шуки, профессор М.Холбеков бошлаган бу илмий нашр тўхтаб қолмаслиги керак.
Сўзимизнинг бошида зиёли инсон умрини шамга қиёс қилдик. Профессор Муҳаммаджон Холбеков ўз асарлари ва илмий фаолияти билан ёққан зиё машъаласи адабиётшунослигимизнинг муайян бир соҳасида бўлсин унинг йўлини ёритиб, шогирдлари ва яқинлари қалбида алангаланиб туради.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ,
филология фанлари доктори, профессор.
Маҳкам МАҲМУДОВ,
филология фанлари номзоди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг