ТОҒДА  ЯШНАЁТГАН  БОҒЛАРИМ

250

Бу ёруғ оламда инсондан қоладигани – яратган боғларидир. Ўзбек бобом билан отамнинг умри чўққилар бағрида сўлим боғлар бунёд этиш билан ўтди. ­Бобом ҳар гал ниҳолларни ерга қадаётганида кафтидаги ­тупроқни сиқимлаб-сиқимлаб ер билан диллашарди. Бобомнинг хатти-ҳаракатларига ҳайрон қолиб у кишидан сўрардим:

— Бобо, тупроқнинг қулоғига нималар деб пичирлаяпсиз?

Бобом куларди:

 — Эй жўра, сенингча бу боғлар ўз-ўзидан бунёд бўлганми? Тупроқни эъзозламасанг,  у сенинг меҳнатингни қадрламай қўяди.

  Ушбу ҳолатни ёши тўқсондан ошган кекса  боғбон Носирхон ота Тўрақуловнинг боғларида ҳам кузатганман. Кекса боғбон умрини  Сариосиё туманидаги Тоқчи қишлоғининг қирларига бахш этди. Отахоннинг  лалми боғларини кезганингизда хаёлингизда эртаклардаги афсонавий  манзаралар пайдо бўлади.  Бир пайтлар отахонга бағишлаб  шеър ёзгандим:

Пешвоз чиқди бизларга

Оппоқ либос кийган чол.

Ўхшар эди Хизрга

Бизни кутган оқсоқол.

Мен у чолнинг кафтида,

Кўрдим қадоқ борлигин.

Боғ яратиш дунёда

Қанчалар душворлигин.

1991 йилнинг баҳорида раҳматли  Чўпонқул тоғамиз  билан  бирга Носирхон отанинг дуоларини олиб, у кишига ҳавас қилган ҳолда Пиряхтоғ этакларида жойлашган Шотирўд қишлоғимизда   боғ бунёд этишни ният қилдик. Сўнг  оқсоқолдан  ҳар биримиз  бир қучоқдан  ниҳолни  олиб қирга кўтарилдик…  Мана,  ҳаш-паш дегунча ўша воқеадан бери йигирма тўққиз йил ўтди.Чўпонқул тоғам ўзи яратган  боғларига ҳадсиз меҳр қўйиб деганди:

– Инсон ўз қўли билан яратган боғидан фарзандлари каби ҳузур-ҳаловат топаркан.

Тоғамнинг умрлари қисқа экан,  аммо у кишининг  сўлим  боғлари тоғлар бағрида ҳанузгача  яшнаб турибди. Баҳорда қушлар чуғурлашиб, боғнинг балхи тутларини тераётганида тоғамнинг ҳам дуойи жонларини қилишса, ажабмас…

Сўзимнинг давомида устоз боғбонларнинг изни билан қирларда қурган ўз боғим ҳақида ҳам ҳикоя қилмоқчиман. Боғ қилиш ҳақида кўнглимда иштиёқ пайдо бўлганида  негадир дилимдагини отамга айтишга иймандим. Сабаби отамнинг умри Фарҳоддек  тоғларда тош қазиш билан ўтди. У киши бизлар учун кўп боғлар барпо қилган эди. Тоғларда боғ қилиш истагим борлигини, уни отамга ётиғи билан тушунтиришини онамдан илтимос қилдим. Онам бу масалани отамга етказиш қийинлигини сезса-да, раъйимни қайтармади.

Мен яратмоқчи боғнинг ташвиши ҳам отам зиммасига тушиши аниқ эди. Хуллас, шунга қарамай онамиз бир амаллаб отамни кўндирибди.

Отамдан: «Эртага қиёмат келишини билсангизлар ҳам қўлингизда турган ниҳолни ерга қадаб қўйинг!» деган ҳадис борлигини эшитгандим. Шунинг учун ҳам боғ қилишга иштиёқим борган сайин ортиб борарди. Кейин Искандар тоғнинг этагида боғ қилишга бел боғладим. Юзлаб ниҳолларни ерга қададик. Истиқлол тенгдоши бўлган у боғларга бормаганимга йигирма йилдан ошди. Сабаби, бир пайтлар Сариосиё тоғларига чиққан қора ниятли кишилар эл тинчини бузиб, уларни олти юз йиллик нурли оламидан мосуво қилган эди…

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан адолат қарор топди. Бугун юртимизнинг ҳар қарич тупроғи гуллаб-яшнаяпти. Беихтиёр бузрукворимизнинг сўровли сўзлари ёдимга тушиб кўзларим ёшланади. Отам умрининг охирида тоғларда бунёд қилган боғларини яна бир бор чиқиб кўришини кўп бора орзу қилганди. У киши ҳар борганимда:

— Болам, тоғлар бағрида юрагимнинг бир парчаси бўлган ватаним қолди. Тоғдаги боғларимни бориб кўргим келаяпти, – дея армон қиларди. Отамнинг юрагига таскин бериш учун мен нодон у кишига қараб:

— Ота, тоққа чиқиш учун икки кун пиёда йўл юриш керак, кекса одамга йўл азоби оғирлик қилади, – дердим.

У киши кулиб: “Сен қизиқ экансан, тоғлар, менинг киндик қоним тўкилган ота маконим, керак бўлса, унга эмаклаб чиқиб бораман”, деганди.

Жонажон Ўзбекистонимиз жаҳон аҳли наздида бугун ўзгача бир янги оламга айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилаётган адолатли қарорлар замирида инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Бир қанча захирадаги ерлар обод қилиш учун ёшларга бўлиб берилди. Айниқса, Орол бўйида олиб борилаётган эзгу ишларни ифодалашга сўз тополмаймиз. Жаннатмонанд ўлкамизда Носирхон отанинг қирларига ўхшаган минг гектарлаб қўриқ ерлар ўзлаштирилмай ётибди. Яқинда ўғлим Ҳожиакбар тоғларга чиқиб, биз барпо қилган боғларни кўриб қайтди. Тоғларга омонат қилиб топширган у боғларимизнинг бир қисми йигирма йилдан зиёд вақт давомида ҳам бирдек яшнаб турганига гувоҳ бўлибди. Бир пайтлар боғларимни соғиниб ёзган ­шеърларим ёдимга тушди:

Искандартоғ, кўксинг тик тут, Искандартоғ,

Омонатдир бағрингда мен яратган боғ.

Кўнглим сенда, ўзим эса сендан йироқ,

Боғларимга паноҳ бўлгин, Искандартоғ.

Лолаларинг олов каби ёнса агар,

Булбулларинг нола қилса ҳар тонг-саҳар.

У боғларга боролмасдан қолсам агар,

Болаларим борар бир кун, Искандартоғ…

Қилинган яхши ният, албатта, ижобат бўлишига ишондим. Ўғлим менга тоғдаги боғларимизни сув билан таъминлаб турадиган Обиҳаёт дарёсининг сувидан келтирди. Уни ичганимда кўнглим ёришиб, кўзларим ёшга тўлди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин ­Саййиднинг «Ватан қолар экан, Ватан абадий…» ­деган сатри ёдимга тушди. Хаёлимдан тоғу тошларни гулу гулзорга айлантирган соддадил элдошларимнинг ­тинимсиз қилган меҳнатлари кечди…

АХТАМҚУЛИ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг