ИККИ  ХАЛҚНИНГ  ШОИРИ

204

Асрлар мобайнида ўзбек китобхони Низомий ва Фузулийни, озарбойжон ўқувчиси  ­Навоий, Бобур, Огаҳийни ўз шоири деб билган, асарларини аслиятда мутолаа қилган, қийинчиликсиз тушунган. XX асрда ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги қардошлик, дўстлик, биродарлик ришталарини, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга Ғафур Ғулом ҳамда Самад Вурғун каби улкан сўз санъаткорларининг, жумладан, Мақсуд Шайхзоданинг ҳам хизматлари сингган.

Бу ҳақда яқинда Тошкент давлат транспорт университетида бўлиб ўтган “Мақсуд Шайхзоданинг адабий мероси ва замонавийлик” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда атрофлича мулоҳаза юритилди. Аллома шоир ­таваллудининг 112 йиллигига бағишланган ушбу йирик адабий анжуман мазкур университет ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Онлайн тарзда ўтган конференция доирасида университетда янги ташкил этилган Мақсуд Шайхзода номидаги замонавий ўқув зали, бой ва илмий ёндашув асосида тартиб берилган экспозициянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Кутубхонадан атоқли шоир, носир, драматург, таржимон Шайхзода қаламига мансуб турли йилларда, турли тилларда чоп этилган, ҳозирда камёб нашрларга айланган китоблар ўрин олган.

– Мақсуд Шайхзода миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган шоир, драматург, таржимон, олим ва педагогдир. Унинг жўшқин поэзияси, теран фалсафий фикрлар, умумлашмаларга бой илмий асарлари, эҳтиросли публицистикаси, юксак дид ва нафосатга йўғрилган шеърий таржималари адабиётимиз хазинасига олтин фонд бўлиб қўшилди, – дея таъкидлади анжуман очилишида сўз олган Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Қаландаров.

Мақсуд Шайхзода Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби атоқли шоир ва ёзувчилар билан бир сафда туриб, ўзбек адабиётини янги юксак босқичга кўтариш йўлида баракали ижод қилди. Унинг халқимиз томонидан севиб ўқилаётган асарлари бугунги кунда ҳам ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтиришда, маданий-маърифий оламини бойитишда беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Озарбойжонда туғилиб ўсган Мақсуд Шайхзода адиб сифатида Ўзбекистонда камолга етди, беназир ижоди билан икки халқнинг бир фарзандига, икки халқнинг севимли шоирига айланди.

Ёш қаламкашнинг дастлабки “Ўн шеър”, “Унлилар”, “Учинчи китоб”, “Жумҳурият” номли тўпламлари адабиёт оламига ўткир овозли шоир кириб келганини англатган эди. Нозиктаъб, инжафеъл, донишманд шоир ўша пайтдан бошлаб содиқ мухлисларга эга бўлди. Ижодининг кейинги даврларида яратган шеърлари, баллада, достонларини бадиий сўз ихлосмандлари зўр чанқоқлик билан кутиб олар эди ва бу асарлар ҳозирга қадар севиб мутолаа қилинади.

Хусусан, адибнинг мўғул босқинчиларига қарши ватанпарварлик курашида жасорат ва матонат кўрсатган моҳир саркарда Жалолиддин ҳақидаги “Жалолиддин Мангуберди” драмаси адабиётимизда, шу асар асосида улуғ режиссёр Маннон Уйғур саҳналаштирган, бош ролларни буюк актёрлар Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов ижро этган спектакл театр санъати соҳасида алоҳида, айтиш мумкинки, тарихий воқеа бўлиб қолди. Ойбек ва Ғафур Ғулом: “Ўзининг фикрий ва бадиий тўлғинлиги, юксаклиги жиҳатидан “Жалолиддин Мангуберди” бизнинг драматургиямизда юқори пояни ишғол этади”, деб эътироф этган эди.

Шоирнинг 1958 йилда яратилган “Тошкентнома” лирик достони Ватанимиз пойтахтини мадҳ этган энг гўзал асарлардан биридир.

М.Шайхзода моҳир таржимон ҳам эди. Адиб Шекспирнинг  “Ҳамлет”, “Ромео ва Жулетта” драмаларини, Пушкиннинг “Мис чавандоз”, “Моцарт ва Сальери”, Лермонтовнинг “Кавказ асири”, Маяковскийнинг “Жуда соз” достонларини юксак бадиий савияда ўзбек тилига ўгирган.

У улкан салоҳиятга эга адабиётшунос олим, мумтоз адабиётимизнинг зўр билимдони эди. Айниқса, Алишер Навоий меросини ўрганишда зукко тадқиқотчи  сифатида намоён бўлди. Унинг “Гениал шоир” мақоласида келтирилган “ғазал мулкининг султони” деган таъриф Алишер Навоийга берилган энг гўзал сифатлардан. Барча туркий халқлар қадрлаб ўқийдиган “Алпомиш” достони, умуман, халқ оғзаки ижоди таҳлилига бағишланган тадқиқотлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас.

Онлайн конференцияда сўз олган филология фанлари доктори, академик Наим Каримов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаев, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ходими Кифоят Пирмуҳаммедова, Жалолобод (Қирғизистон) давлат университети доценти, филология фанлари доктори, профессор Муяссар Мирзоҳидова, Қозоғистоннинг Сулаймон Демирэл номидаги университети доценти, филология фанлари номзоди Бота Ҳасен, адабиётшунос олима Олмос Ғафурова ва бошқалар улуғ шоир Мақсуд Шайхзода ижоди, ҳаёти ва ўлмас асарларининг муҳим хусусиятлари ва долзарб жиҳатларига оид кузатувларини баён этдилар. Маърузачилар томонидан улкан шоирнинг бадиий юксак адабий меросини туркий халқлар тарихи, маданияти, ­қадриятлари рамзи сифатида чуқур тадқиқ ва кенг тарғиб қилиш муҳим экани қайд этилди.

Тошкент давлат транспорт университети мутахассис ва олимлари томонидан аллома шоирнинг “Мукаммал асарлар” тўплами қайта чоп этиладиган, шунингдек, унинг ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган “Мангуликка дахлдор ижод” илмий-оммабоп рисоласи тайёрланиб, ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр қилинадиган бўлди. Ушбу асарларни озарбойжон, қозоқ, қирғиз тилларига таржима қилиш ҳамда Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистонда китоб тарзида кенг жамоатчиликка етказиш мақсадга мувофиқ экани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, келгусида “Шайхзода қомуси”, “Шайхзода ҳикматлари” китобларини яратиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон халқлари ўртасида қардошлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда адабиётнинг, бадиий сўзнинг аҳамияти ва кучи беқиёс экани халқаро конференция жараёнида яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Атоқли шоир ва донишманд адиб Мақсуд Шайхзоданинг бой ижодий мероси ўзи бадиий тимсолини яратган буюк тарихий ­сиймолар каби тарих ва ҳаёт саҳнасида “мангу тирик…” бўлиб яшайверади.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг