НУРЛИ СЎЗ ИШТИЁҚИ

140

Яхши шеър – ҳамиша қувонарли, ҳамиша нодир нарса. Камина ижтимоий тармоқларда хилма-хил ижодкорларнинг шеърларини кузатиб бораман. Очиғини айтсам, бугунги шеърий савиядан кўнгил тўлавермайди. Лекин хилма-хил битиклар орасида гавҳардек шеърлар ярқираб кўзга ташланиб қолади.
Албатта, изланаётган, шеър йўлида уринаётган, ўзини ва ўз қалбини қидираётган ижодкорлар оз эмас. Лекин турли ижодий-назмий ўзанларда шеърлари ҳавола этилиб турадиган уч нафар шоирнинг ижоди кўпдан бери менинг эътиборимни тортиб келади. Булар: Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан бўлган Шаҳриддин Умиров, Лола Жўраева, Хуршид Карим исмли шоирлардир.
Адабиётсиз, шеъриятсиз ҳаёт – ҳаёт бўлмайди, балки адаб дурдоналаридан маҳрум қашшоқ бир тириклик бўлади. Халқимизнинг руҳий ва маънавий ҳаётини муҳофаза қилишда шеъриятнинг доимий ўрни бор. Айниқса, бугунги кундаги маънавий аҳвол ҳар бир зиё­лидан бедорликни ва ўзгача ижтимоий фаолиятни талаб этади.
Бас, менинг ушбу мухтасар сўзимни яхши шеърдан ва нурли сўздан қалби қувонадиган бир адабиёт муҳибининг хушхабари деб қабул этгайсиз.

Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган ёшлар мураббийси


Жондан ортиқ севаман, Ватан

Ўзни посбон айласак

Боғларингга ўзни боғбон айласак,
Тоғларинг бўйича хирмон айласак.

Бир тану жон, қўлни қўлга берсагу
Ҳар не мушкулларни осон айласак.

Арзимизни тингласайди кўл – Орол,
Тўлса, кўз ёшлардин уммон айласак.

Минг хижолат чексаю ҳам қолса лол,
Андалиблар, ўзни хушхон айласак.

Янгратиб минг-минг саловот мадҳингга,
Оламга номингни достон айласак.

Шаҳри дер: душман келолмас, эй Ватан,
Сарҳадингда ўзни посбон айласак.
Ватан меҳри

Дерди ҳар дардкашим, меҳрибон бўлиб:
“Онангдан айрилиб қолдингми, болам!..”
Бўзладим ўшал он, бағри қон бўлиб,
Зимистон туюлиб бу ёруғ олам.

Ва сўнг бир зиёдан ёришди қўнглим,
Қучоғига олган бир чаман бўлди.
Мен онам меҳридай меҳрни туйдим,
Бағрига босганим шул Ватан бўлди!

Юрак танни ватан этгани каби,
Ватаним, юрагинг бўлмоқ истадим.
Мардларинг қадрингга етгани каби,
Мен ҳам бир керагинг бўлмоқ истадим.

Дард агар жонига кўз тикар бўлса,
Жон деб қондошимга қонимни бердим.
Ёвлар сарҳадингга кўз тикар бўлса,
Майлига, сен учун жонимни бергум!..

Сенсан қароғимда гуллаган чаман,
Сени жондан ортиқ севаман, Ватан!..

Яхшилар безасин чоргоҳларимни

Бахтлилар

Тақдир ёзуғидан турмаса тониб,
Ҳар кўрган кунидан юрмаса нолиб,
Арафада бир жуфт иссиқ нон олиб,
Онасин кўргани борганлар бахтли.

Яқинлари бўлса атрофида жам,
Бутун бағри сира бўлмаса бир кам,
Асога суянмай саксон ёшда ҳам
Ўзин оёғида юрганлар бахтли.

Ўчмаса бемаҳал ёнган чироғи,
Сўнмаса қумғони қайнар ўчоғи,
Азон товушини эшитган чоғи
Боши жойнамозга текканлар бахтли.

Тинчини бузмаса шайтон қутқуси,
Бешик қучганида кетса қайғуси,
Сокин тун маҳали ширин уйқусин
Чақалоқ товуши бузганлар бахтли.

Банданинг Аллоҳга омонат жони,
Ўз юрти бағрида бут бўлса нони,
Ҳар тонг кўз очганда шаффоф осмони
Қуёш чиқишини кўрганлар бахтли.

Осон эт

Ғариблик шаҳрининг меҳмони бўлсам,
Яхшилар безасин чоргоҳларимни.
Гуноҳкор боқмасин, қошингга борсам,
Осийликдан асра нигоҳларимни.

Дунёни кенг дердим, асли тор экан,
Ким бахтга, кимлардир ғамга ёр экан,
Менинг ғариб кўнглим сенга зор экан,
Карамингдай кенг эт даргоҳларимни.

Тўрт кунлик дунё деб ўйнасам, кулсам,
Ибодатни билмай, нафсга енгилсам,
Ҳеч ким боқий эмас, ногаҳон ўлсам,
Бутлолмайин кўнгил қуроқларимни…

Кир босган бу дилни қачон поклайман,
Маҳшарда юзингга қандай боққайман.
Қиёмат кунида не деб оқлайман,
Афви тиланмаган гуноҳларимни…

Одамга ўхшаган одамлар бисёр,
Ҳақ қолиб, ҳамиша шайтонга дастёр,
Барча амалимга гувоҳсан, эй Ёр,
Ўзинг огоҳ қилгин огоҳларимни…

Осон эт саволу сўроқларимни…

Жоним фидо сендай юртга

Ватан

Таърифингни қилиб бўлган мендан аввал,
Мен улардан ўтиб не ҳам дейман, Ватан,
Жоним фидо сендай юртга, умрим фидо,
Сени онам, гул диёрим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.

Дунё кезиб, мен дунёлар топганим йўқ,
Дунё излаб, ўзга юртга чопганим йўқ,
Мен тирикман, ҳали тошлар қотганим йўқ,
Сени номус, сени орим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.

Остонангни қўриқлайин аскар бўлиб,
Ҳимоянгга тайёр турай наштар бўлиб,
Сен қалбимда яшагайсан гавҳар бўлиб,
Сени фахрим, ифтихорим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.

Қадринг билмас ношукрлар кўр бўлади,
Юртфурушлар пешонаси шўр бўлади,
Тупроғингни кўзга суртган зўр бўлади,
Тупроғи зар, чаманзорим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.

Сенда буюк соҳибқирон излари бор,
Тўмариснинг чақнаб турган кўзлари бор,
Широқларнинг айтолмаган сўзлари бор,
Сен омадим, кўз-туморим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.

Мен карвонман, сен йўлбошчи сарбондурсан,
Қадим Қанғу қадим Мулки Турондурсан,
Сен Маккаю Мадинамсан, Қуръондурсан,
Сен нажотим, паноҳдорим дейман, Ватан,
Не буюрсанг, хизматингга шайман, Ватан.
Дардингизни беринг, она

Неча кунки қалбимда туғён,
Кўз ёшларим тизилди – маржон,
Дардингизга дармон бўлай мен,
Дардингизни беринг, онажон.

Майли, тотмай шодлик таъмини,
Ўчирманг ҳеч ҳаёт шамини,
Менинг умрим олинг ярмини,
Дардингизни беринг, онажон.

Бардошингиз тоғдек, биламан,
Меҳрингиз – бир боғдек, биламан,
Сизсиз бахтни нима қиламан? –
Дардингизни беринг, онажон.

Сизсиз менинг ёз, баҳорим йўқ,
Номусим йўқ, дилда орим йўқ,
Сиздан бошқа хокисорим йўқ,
Дардингизни беринг, онажон.

Ором олсин бир зум кўнглингиз,
Болам дея яшаб сўлдингиз,
Энди сиз деб куйсин ўғлингиз,
Дардингизни беринг, онажон.

Пойингизга чўкайин мен тиз,
Умрларим ўтмасин беиз,
Жаннатимсиз бу дунёда сиз,
Дардингизни беринг, онажон.

Меҳр

Бир ширин жилмайиб, табассум ила,
Ғамгин дунёларни кулдирган аёл,
Қалб қўри лиммо-лим меҳрга тўла,
Тош дилдан муҳаббат ундирган аёл.

Нозик ниҳолдайин танаси тинмас,
Бор бўлгин болам дер, ноласи тинмас,
Аёлнинг ҳеч сабр, бардоши синмас,
Дарду ситамларни синдирган аёл.

Ойларни лол этар кўз, қоши билан,
Тоғларни чўктирар бардоши билан,
Кўзида маржондай кўз ёши билан,
Қалбида ғам ўтин сўндирган аёл.

Қалблари баҳордир, кўзлари маҳзун,
Оила, рўзғордан аямас кучин,
Елиблар югуриб фарзанди учун,
Йўқларни бор қилиб, йўндирган аёл.

Кўкламлар аёл-чун қучоғин очди,
Қуёш ҳам оламга нурларин сочди,
Жаннатдур оналар оёғин ости,
Оламни меҳрга тўлдирган аёл.

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг