СЎЗ МУСАВВИРИ

153

Таниқли болалар шоири Миразиз Аъзам “Хотиралар” китобида ардоқли шоиримиз Миртемир ўз асарларида ишлатган, аммо изоҳли луғатимизга кирмаган бир неча сўзларни келтириб, ҳақли равишда ёзади: “Бу сўзларнинг барчаси бир-икки ўтиришда кўзимга чалинганлари, холос. Менингча, луғатчи олимларимиз “Навоий асарлари луғати” тузганлари каби “Миртемир асарлари луғати” ҳам тузишса, туркий тилимизнинг бойлигини кўрсатувчи бир ватанпарварлик бурчини адо этган бўлардилар”.

Бу фикр Ғафур Ғулом ижодига ҳам тааллуқли. Шоир ва адиб қўллаган сўзлар, у хоҳ бирор тор соҳага тегишли бўладими, хоҳ мавжуд сўзлар асосида ясалган янги сўз, неологизмлар бўладими, ҳамиша бадиий ниятга, поэтик мақсадга хизмат қилади. Мана, аллома вафотидан кейин чоп этилган тўртлик:
“Дунё қўлинг киридир”, деганлари рост, ахир,
Қўлом, тўпол қолади заргарнинг кўрасида,
Миллионердан сўрасанг майдаси йўқ бир пақир,
Бриллиант – кўмир демак атом гилбўтасида.
Соф фанний тил билан айтсак, бу ерда таносиб, бир-бирини изоҳловчи, тўлдирувчи тўрт ҳодиса ва фикр ёнма-ён қўйилган. Лекин уларнинг орасида биттаси, биринчиси тўртлик бадиий ғоясини ҳосил қилишда етакчи. У шоирнинг ихтироси эмас, бу ҳикмат халқимиз орасида машҳур. Шоир уни тасдиқлайди, холос. Аммо ундан кейин келадиган таносиб мисра­лар илк мисрадаги халқ донишмандлигининг янги-янги фалсафий қирраларини очишга хизмат қилади.
Аввал тўртликдаги кўпчиликка нотаниш сўзлар ҳақида. “Қўлом” заргар ишлатадиган металлардан қолган қиринди парчаларини англатса, “тўпол” эса “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қизиган темир, мис, қўрғошин кабиларга ишлов берганда тўкиладиган зарра, кукунни англатувчи махсус атама “тўпон”нинг ўзгарган шакли, шекилли. “Гилбўта” эса изоҳли луғатда “гилвата”, яъни юмшоқ, кулранг тоғ жинси, гилмоя тарзда изоҳланган геология фанига оид сўзнинг бошқача шакли бўлса, эҳтимол.
Энди тўртликка қайтсак. Унинг маъноси, бадиий ғояси нима? Халқимиз бойлик, мол-давлатни кўзда тутиб, дунё – қўлнинг кири, дер экан, бунда бани одамни бойликка ружу қўймасликка, тирикликдан мақсад ёлғиз мол-давлат эмаслигига, илоҳий қадриятлар, Абдулла Орипов “Чорлаш” шеърида ёзганидек, “Ёруғ хаёл, самовий ўтлар” мавжудлигига даъват этади.
Аллома шоир ҳам айнан шундай фикрда, унинг ҳақиқат эканини (“рост, ахир”) қатъий таъкидлайди. Илк мисра асарнинг лейтмотиви, йўл бошловчисидир. Кейинги уч мисрада сиртдан қараганда арзимас нарсалар – тўпол (кукун), бир пақир ва кўмир қимматбаҳо ашёлар олтин (заргар, асосан, олтин билан иш кўради), миллионлар ва бриллиантга қарама-қарши қў­йи­лади. Бу зиддият, айтилганидек, “Дунё қўлинг киридир” ҳикмати шуъласида типологик қиёс асносида фалсафий-ҳиссий маъно оқимини юзага келтиради. Яъни: дунёга, бойликка меҳр қўйма, алал-оқибат уларнинг барчаси арзимас матоҳлардир, деган бадиий маъно онг-шууримизда тикланади, жилоланади.
Фақат тўртинчи мисра бироз тушунарсиздай – бриллиант қандай кўмир бўлсин. Гап шундаки, бриллиант тарашланган ва сайқалланган олмос бўлиб, луғатда қайд этилганидек, “Табиатда учрайдиган графит ва кўмирни таркибан олмос деб аташ мумкин”. Шунда маъно жой-жойига тушади. Моддаларнинг атом ўлчовида, шоир таъбирича, гилбўтасида ишлов берилган олмос, яъни бриллиант таркибан ва моҳиятан кўмирдир ва олий ўлчамларда бриллиантнинг оддий кўмирдан фарқи йўқ. Кўмирча қадри ҳам йўқ.
Яна бир гап. Учинчи мисра: “Миллионердан сўрасанг майдаси йўқ бир пақир” айтиб ўтилган типологик қиёс қаторида қандай маъно анг­латиши бироз мубҳам. Лекин шоир бунда қандайдир нозик нуқтани кўзлаганки, унинг ечими ҳақида ўйлашни зукко шеърхонлар ихтиёрига қолдирсак. Ўзимиз ҳам ўйлаймиз, албатта.
Ғафур Ғуломнинг янги сўз, оҳори тўкилмаган иборалар қўллашига яна бир мисол. Шоир болалар учун ёзган “Ола бузоқ” шеърини шундай якунлайди:
Катта бўлсин ола бузоғим,
Овунчоғим, эркам, маъроғим.
Изоҳли луғатда “маърамоқ” бор, лекин “маъроқ” (кўп маърайдиган, маъронғич) сўзи йўқ. Умумий тилшуносликдан маълумки, тил қонуниятларига мос равишда ясалган ҳар бир янги сўз зеҳниятимизга таъсир қилиб, тафаккур доирамизни кенгайтиради. Катта ижодкорлар бу ҳақиқатни яхши билишган, аниқроғи, ҳис қилишган.
Яна бир мисол. Адибнинг “Қайда бахт” деб номланган бир пардали комедияси бош қаҳрамони шоиртабиат қувноқ йигит, асарда унинг бинойидай бир ғазали берилган, Саттор онасига қарата дейди: “Қарилик ўқсиз камонга ўхшайди. На унинг уриб олгудай ови, на мўлжал олган нишони бор. Менинг юрагимда бўлса умид, худди қайанорнинг донасидай кун тиқин”.
Бундаги “қайанор” нима, анорнинг турими ёки бирор белгиси? Ёки, тиқин тушунарли, лекин “кун тиқин” нима ёки қандай тиқин? Шу ерда шоирнинг тиқин сўзи ажабтовур қўлланган (“Биринчи дарс” шеъри) бир ташбеҳини келтиришдан ўзимни тиёлмадим:
Синфларда бўш парта йўқ,
Мағзи тиқин анордай.
Болаларга лиқ тўла синфни бундан ўтказиб тасвирлаш қийиндир-ов. Болалар ва анор доналари — нақадар тансиқ ўхшатиш.
Шоир “Боғ” деб номланган 1934 йилда ёзилган шеърида куз, пишиқчилик палласидаги ўзбек боғини, ундаги сархил меваларни шундай жонлантириб тасвирлайдики, сиз худди севги мусобақасида иштирок этаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Ушбу бандда фақат охирги мис­раларга келибгина гап пишиб етилган ҳусайни узум ҳақида кетаётгани аён бўлади.
Кўз сузилган, лаб чўзилган,
севги уйғонган чоғи,
Билмадим дўндиқ бу қизнинг қанча
эрмиш бармоғи,
Ютқиниб олган ўпишларнинг
йўқотдим салмоғин,
Ҳар бутоқ зумрад каби кўк,
осмон ранг япроғи,
Қистаса “сев!” деб ҳусайни,
севмайин қолғайми мен?
Ишкомда ғарқ пишиб солланиб турган ҳусайни узумнинг мукаммал бадиий тасвири эмасми бу. Тасвир динамикасига эътибор беринг. Одам, яъни етилган ёш қизга менгзалган тасвирлар соф маиший ҳолат, узумни тановул қилиш билан уйғунлашиб гўзал ҳаётий-ишқий манзара ҳосил қилмоқда.
Яна шу шеърдаги бошқа узум нави ҳақидаги банд:
Яхши қизлар, ўртангизда
ким йўқотди лабда ранг.
Бир келиб бу боғдаги “ўғри”
шивирғондан сўранг.
Доналар бўлғин, тўлаликдан
тиқиндир, пўсти танг,
Учраганда ҳар киши ҳам истагин
босгай аранг,
Ул мени “ёрим” деганда –
“йўқ” дея қолғайми мен?
Банддаги дастлабки икки мисрада нозик бир лутф, ташбеҳ ишлатилади, яхши қизлар лабидаги рангни тўқ қизил либосдаги қора узум – шивирғон ўғирлаб олибди. Қиз лабидан ўғирланган ранг. Ва бундай рангдаги узум бўлғин, тиқин ва пўсти танг бўлмаслиги мумкинми? Ҳамда ҳар кўрган кимса ундан тотингиси келиши тайин. Унинг ўзи татинишга чақирмоқда-ку ўз балоғати билан. Шунинг учун – “Ул мени “ёрим”, деганда – “йўқ” дея қолғайми мен?”
Шундай қилиб, узумзор боғнинг, балки бир ошкомнинг мусаввирона тасвири ишқий мотивлар билан вобаста кечади.
Шундай қилиб, узумзор боғ ва “кеч куз тонготари”даги дала-боғнинг мусаввирона тасвири ишоравий ишқий мотивлар билан вобаста кечади. Бундан жаҳоний, ҳозирги атама билан айтганда, глобал маъно келиб чиқади. Оламдаги ҳар қандай ҳодиса ишқий статус, мақомга эга. Юқоридаги тасвирлар шунчаки улуғ шоир хаёлотининг мевасигина эмас. Балки ялпи, буткулумумий қонуният. Шоирнинг “Ёдгор” қиссаси сўнгида кучли зарб билан айтилган “Эй ишқ. Мунча ҳам қудратлисан!” шу ерда ҳам ўринли. Бутун борлиқ ва мавжудотни ўзига бўйсундирган физика фанидаги улуғ қонунлардан бири Бутун олам жозиба (кўпинча “тортишиш” сўзи ишлатилади) қонуни ялпи ишқнинг аниқ қонуний зуҳуроти эмасми?
“Боғ” шеърида, хусусан, “Кузги кўчатлар”да ушбу буюк қонуният гўзал ва нафис, бадиий кўрк ва либос билан ўз ифодасини топган.
Шу ўринда биз ишқий мотивлар ҳақида сўзлар эканмиз, бу албатта, тасаввуфнинг муҳим мақомларидан бири бўлмиш Ишқ эмас, лекин унга буткул бегона ҳам эмас. Юксак илоҳий мақомга эга бўлган тасаввуфий ишқнинг қуйи, иссиқ инсоний туйғу билан ороланган босқичи бўлса, ажабмас. Дарё булоқ ва ирмоқлардан, тоғ ҳам қум зарралари, кичик-катта тошлардан бунёд бўлганидек, Ишқ ҳам дастлаб нозик, инжа инсоний туйғулардан қарор топади ва сўнг ўзининг ҳадди аълосига юксалади.
Ҳазрат Навоий ўзининг “Лисон ут-тайр” достони дебочасида, “Ўйлаким, душман яратиб ўтқа сув, Елни ҳам туфроққа айлаб адув” деб ёзган ва “мундоқ тўрт зид” бутун борлиқ ҳаётини ҳосил қилади эса-да, улар ўртасида, яъни чор унсур – сув, ҳаво, олов ва тупроқ орасида муайян бирикиш, ишқий ҳолатлар мавжуд. Шундай зидлик ва мувофиқликдан бунёд бўлган аслида дунё.
Ушбу буюк ҳақиқатни шоир жуда нозик нуқталарда жонлантириб тасвирлайдики, бутун борлиқнинг дояси ишқ деган улуғ ҳақиқат фақат ақлимизга эмас, туйғуларимизга ҳам ўрнашади.
Мана сизга инжа бадиий тасвирлар зимнидаги фалсафа.
Яна “Кузги кўчатлар” шеърида битта сўзнинг тасвир ва ифода салоҳиятини кузатайлик:
Ҳу… Шудгор этагидан
шу томонга йўл олур,
Ирғайдай тетик, лобар боғбон
Миршакар ота,
Узун-узоқ сояси гўёки режа солур,
Елкада кетмон билан
беш-ўн кўчат, албатта.
Геометрия ва тасвирий санъатда перспектива деган атама бор. У “нарсанинг, у текисликда кузатувчидан, кузатув нуқтасидан узоқлик даражасига кўра ҳақиқатда қандай кўринса, худди шундай тасаввур берадиган тасвири”ни англатади. Ушбу бандда уч нуқта билан тугалланган биргина “Ҳу…” сўзи айни шундай перспективани ҳосил қилиб, шеър саҳнига кузатувчи, яъни муаллиф, шоирни олиб киради, ўртадаги маълум масофани белгилайди. Бунда уч нуқта (…) ҳам муайян бадиий вазифани бажаради. Бунинг устига бу сўз шеърда бир ҳолат тугалланиб, тамом бошқа тематик ҳолат бошланаётганини урғулайди. Яъни “Шеър саҳнига ҳазрати инсон – боғбон Миршакар ота кириб келади. Шу банддан бошлаб шеърнинг биринчи ярмидаги камҳафсала ҳолат барҳам топиб, унинг ўрнини тетик кайфият эгаллайди”. Асарнинг бу ёғида энди гап Миршакар ота ва унинг ҳам кеч кузда, ҳам умр кузида экадиган кўчатлари ҳақида боради. Шеър сўнгида яна бир эврилиш содир бўлади – Миршакар ота ва у экиб вояга етказажак дарахтлар гўё ягона вужудга айланади:
Шунда Миршакар ота,
сиз қомати шамшодлар,
Наслларнинг бошига чинордай солур соя.
Улар, яъни Миршакар отанинг руҳи кўчган дарахтлар биргаликда наслларни мева билан сийлаб, ҳам жазирамадан сақлайди.
Яна “Ҳу…”га қайтсак. Шоир бир шеърини “Бир саломнинг кучи” деб номлангани каби ўрнига тушган биргина сўзнинг кучини кўринг. Қизиғи, изоҳли луғатда бу сўзга махсус изоҳ берилмаган, у “ҳов” билан айнан деган белги қў­йил­ган. Агар шундай бўлса шеърдаги “ҳу…” ўрнига “ҳов”ни қўйиб кўринг-чи, тасвир қандай бузилишига гувоҳ бўласиз. Чунки очиқ бўғин “ҳу…” ёпиқ бўғин “ҳов”га ўзгарганда майдон тораяди, даладаги кенглик гўё йўққа чиқади. Айнан “ҳу…” узоқдаги кимса ёки нарсага ишорани шакллантира олади.
Ғафур Ғуломни сўз мусаввири деяр эканмиз, унинг ижод лабораториясига, “руҳий оламига, бадиий “сир”хонасига кириш” (С.Мамажонов) эҳтиёжи сезилади. Шоир спонтан, беихтиёрий, ғайришуурий тарзда ижод қилган. Аллома ўзининг ижод психологияси ҳақида ноёб кузатишларини (ўзини ўзи кузатиш) ёзиб қолдирган. 1962 йилда ёзилган “Сарҳисоб” мақоласидан:
“Баъзан-баъзан иш столим устида ҳам шундай ҳолат рўй беради. Сиёҳдоним аъло сиёҳ билан тўла. Бир даста оқ қоғоз устида янгигина ялтираган пўлат пероли қаламим турибди. Ниманидир ёзгим келади, жуда кўп ёзгим келади, аъло ёзгим келади. Кутилмаган нарсаларни ёзгим келади. Қаламимни олиб уни-буни чизган бўламан, шакллар, бир умр яшамаган кишиларнинг суратлари, зоологияга маълум бўлмаган ҳайвонларнинг қиёфалари чизилаверади, чизилаверади. Рақамлар, қандайдир формулалар… кейин бу саҳифа ғижимланиб, корзинкага тушади.
Кўзим, қўлим нимадир қилаётгандай, аммо зеҳним тамоман бошқа нарсалар билан банд”.
Сирасини айтганда, ҳар қандай чинакам ижод спонтандир. Тасвирлар, ифодалар, образлар биз билмайдиган қаердандир келмаса, қуруқ, ҳиссиз мантиқ билан ясалган битиклар ўликдир. Зеро, ижод кашф этмак, яъни ижодкорга ва китобхонга номаълум ниманидир очмакдир.
Сўз мусаввири, санъаткор бўлиш учун ташбеҳлар, ҳолат ва манзаралар осмондан чалпак ёғилганидек кутилмаганда келиши, ёрқинлиги ва фавқулоддалиги билан ўз ижодчисини ҳам лол қолдирмоғи лозим. Асл ижод – илоҳий неъмат. Барчага ҳам насиб этмайдиган неъмат.

Сувон МЕЛИ,
филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг