ТУНЛАРНИ ТОНГЛАРГА БОҒЛАГАЙДИРМАН

132
Менгнор ОЛЛОМУРОД
  Табиат 
Табиат, зару хок этгайсан азал,
Табиат, бору йўқ этгайсан азал.
Сарви суманларда ҳарир-ҳарир бўй,
Субҳи туманларда оғир-оғир ўй.
Тунлари юлдуздай йиғлагайдирман,
Тунларни тонгларга боғлагайдирман.
Офтобким, оқшомий атласлардадир,
Итобким, наввотий нафаслардадир.
Суюб-суюб тотай шабнамларингдан,
Алвон гулбаргдаги малҳамларингдан.
Саболар ҳайратин меҳрлайдилар,
Самолар сийратин сеҳрлайдилар.
Кўнглимнинг ичига бекингайдирман,
Бекиниб-бекиниб ўкингайдирман.
Рангин қафасларда ботдим нидога,
Мунгли либосларда етдим синога.
Бош олиб кетаман, телбаман, телба,
Ортимга қайтаман, тилимда тавба.
Ўзимдан сўрайман ўзим: “Мен кимман?”
Абадий шу савол қошида жимман.
Табиат, зару хок этгайсан нечун?!
Табиат, бору йўқ этгайсан нечун?!
                Сир
Япроқларда нозлар намоён,
Чуғурлайди қушлар ноаён.
Шом юзида ботмоқми баён,
Сир-асрори надир бу ҳолнинг?
Ғунча-ғунча ғулулар қани,
Чўғимдаги ёҳулар қани,
Руҳимдаги оҳулар қани,
Сир-асрори надир бу ҳолнинг?
Маломатми ва ё иноят,
Кўз ўнгимда мавҳум синоат.
Сим-сим сизар сирли сукунат,
Сир-асрори надир бу ҳолнинг?
Гумонликлар асрорлардадир,
Туманликлар наҳорлардадир.
Нолонликлар баҳорлардадир…
Сир-асрори надир бу ҳолнинг?
Жоним жимжит… ҳаёт йўқ каби,
Юрак совиб қолган чўғ каби,
Булут кезар гўё руҳ каби…
Сир-асрори надир бу ҳолнинг?
                Йиллар 
Юлдузлар бошимга ёғди жоладай,
Мезонлар кўксимда ёғду толадай,
Тўфонлар келдилар ёғий балодай…
Йилдирим-йилдирим елади йиллар.
Мевалар меҳримдир, тилим шириндир,
Боғларда, дилимда не яшириндир,
Баргдаги шабнамлар кўзда ёшимдир…
Йилдирим-йилдирим елади йиллар.
Боғларда дарахтдай шовуллайдирман,
Ҳосилли шох каби шиғиллайдирман,
Кузларда хазондай ловуллайдирман,
Йилдирим-йилдирим елади йиллар.
Гуллаган тупроқман, яшил япроқман,
Дарахтга айланиб бўйлаган боғман,
Хок, ҳолим билгайдир — мен дили доғман,
Йилдирим-йилдирим елади йиллар.
Ишқ аро дунёим вайрону обод,
Ишқ аро оташим айлайди фарёд,
Бир сирли дарёдай ҳайқирар ҳаёт…
Йилдирим-йилдирим елади йиллар.
                       Ҳайронлик 
Данак дарахт бўлди: чунон айладинг,
Боши кўкка етди, осмон айладинг,
Сўнг фано фаслида хазон айладинг…
Эй дунё, қошингда ҳайронадурман.
Дарё мавжларидай гуллади гулзор,
Дарёнинг бўйида сабзаи нисор,
Дарё қуриб қолди, қушлар зору зор…
Эй дунё, қошингда ҳайронадурман.
Искандарга тутдинг шоҳлик жомини,
Жаҳоний фотиҳ деб ёйдинг номини,
Ва… оташ чоғида олдинг жонини,
Эй дунё, қошингда ҳайронадурман.
                Чархи фалак
Уммонлар кафтингда бир томчи сувдир,
Минг йиллар забтингда бир лаҳза, зумдир,
Олтинлар кафтингда эриган қумдир,
Эй, чархи фалак!
Осмонлар айладинг саросарни сен,
Сўнг тупроққа қординг баробарни сен,
Мангу хок этгайсан ҳар гавҳарни сен,
Эй, чархи фалак!
На шодни билгайсан, на надоматни,
На динни билгайсан, на диёнатни,
На жонни билгайсан, на қиёматни,
Эй, чархи фалак!
Қошингда ёғийдир изғиган ўлим,
Бошингга ёғилур тўзғиган зулм,
Жафода ҳар жоннинг кўкси минг тилим,
Эй, чархи фалак!
Бўрону тўфонлар абас эмасми?!
Вулқонлар даҳшати бир сас эмасми?!
Ўрмонлар қошингда бир хас эмасми?!
Эй, чархи фалак!
Мангу алам бордир, мангу ҳаёт йўқ,
Дунё гоҳо муздир, дунё гоҳо чўғ,
Кўксингни тилар тиғ… лек қўлингда туғ…
Эй, чархи фалак!
Ердан кўкка етгай тоғланган ғурур,
Тоғлар ҳам тафтингда сув каби эрур,
Дарёлар айқирар, дарёлар қурур…
Эй, чархи фалак!
Қушга-да қўним бор, сенга қўним йўқ,
Тошга-да тиним бор, сенга тиним йўқ,
Абадий ҳаётсан, сенга ўлим йўқ,
Эй, чархи фалак!
Орази гулзорман, мен зор эмасман,
Шарори шамолман, тошзор эмасман,
Боқ, мен йўқ эмасман, мен бор эмасман,
Эй, чархи фалак!
Тўрт фасл айланар, ҳамал ўзингсан,
Гуллар нурлар  киймиш… гўзал ўзингсан,
Борлиғу йўқлиқда азал ўзингсан…
Эй, чархи фалак!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг