ҲИКОЯНИНГ НАФАСИ

402

Таниқли адабиётшунос Гулноз Сатторованинг “Ўзбек ва турк ҳикояларининг типологик ўхшашликлари” номли китоби Туркияда Турк дунёси билимлар академиясининг “Маданият хазиналари” ло­йи­ҳаси доирасида “Мерсин Академия­си” нашриётида чоп этилди.
Аслида ҳақиқий адабиёт қайси тилда яратилмасин, китобхон учун хизмат қилади. У маконлар ва замонлар оша яшайверади. Мабодо адабиёт умуминсонийлигини йўқотса, у ўз қобиғида қолади. Турли маконларда яшаб, битта асарни ўқиб, бир хил хаёл, бир хил кечинмалар, бир хил муаммолар гирдобида қолиш ҳаётда бў­лиши мумкин бўл­ган ҳодиса. Ин­чунун, адабиёт ин­сон­шунослик экан, унинг ривожи ва равнақи кўпгина омилларга боғлиқ.
Адабиётнинг ривожланиши, асосан, уч омилга боғлиқ: генеология, адабий таъсир ва типология.
Генеологик омил ҳар бир халқ адабиётининг ўзлиги, миллий адабий-бадиий тафаккур ҳаракатидаги ўзига хосликлар ҳамда уларни истифода этувчи анъана ва янгиликларнинг уйғунлигидир.
Типология – замон, макон ва даврдан қатъий назар, турли минтақалардаги адиблар ижодида ва миллий адабиётларда бадиий тафаккур хосликлари акс этувчи ижодий метод, йўналиш, оқим, ҳар бир алоҳида санъаткор ижодида дунё ва инсонни кўриш ҳамда уларни бадиий акс эттириш масалаларида намоён бўлувчи яқинлик, ўхшашлик, муқобилликдир.
Бадиий адабиётнинг бу қонунияти конкрет ёзувчи ижоди ҳамда муайян миллий адабиётни қиёсий адабиётшунослик аспектида жаҳон адабиёти ёки муайян минтақалар контекстида ўрганиш имкониятини яратади.
“Ўзбек ва турк ҳикояларининг типологик ўхшашликлари” китоби адабиётшуносликнинг ана шу йўлларига ўткир нигоҳ билан назар ташлашга жазм қилган адабиётшунос Гулноз Сатторованинг турк, ўзбек, озарбайжон ҳикоялари ҳақидаги кузатувлари асосида қоғозга туширилган мақолалар тўпламидан иборат. Муаллиф турк, ўзбек, озар халқларининг адабий алоқалари тарихий илдизлари, замонавий адабиёти ҳақидаги мақолалари, халқаро анжуманлардаги чиқишлари билан туркий халқлар адабиётшунослари орасида яхши таниш.
Китобдан жой олган мақолаларда муаллиф туркий халқлар адабиётидаги муштаракликни Умар Сайфиддин, Исмоил Бўзқурт, Мустафо Қутлу, Азиз Несин, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Назар Эшонқул, Исажон Султон каби турк ва ўзбек ёзувчиларининг ижоди намуналари воситасида кузатади. Уларнинг баъзилари ҳақида алоҳида мақолаларда ўз муносабатини билдирса, айримлари ҳақида йўл-йўлакай қарашларини айтиб ўтади. Ҳар бир мақолада ёзувчилар ижодидаги ўзига хосликлар, бадиий маҳорат ва услубига хос қирралари очиб берилади. Турк ва ўзбек адабиётининг муштараклиги, шаклланиши, туркий халқлар адабиётидаги таржима ишларини амалга ошириш каби масалалар ҳам тадқиқотчининг назаридан четда қолмайди.
Ҳикоя жанрида ёзилган асарларни тадқиқ ва таҳлил этиш мунаққиддан ўзига хос билимдонликдан, бадииятни нозик ҳис ва идрок қилишдан ташқари, яна кўпдан-кўп фазилатларни тақозо этади. Ана шундай фазилатлардан бири ҳикоянинг ўзи билан бирга нафас ола билиш эҳтиёж даражасига айланишида. Ана шундагина жозибали ҳикоянинг жозибали таҳлилига эришиш мумкин. Г.Сатторованинг рисоласи ана шундай нозик кузатишлари натижасидир.
Рисола ўқувчиларга турк-ўзбек адабий алоқалари ҳақида мухтасар тасаввур беради. Муаллиф кузатувлари мисолида ўқувчи бугунги адабиётшуносликдаги янгича қарашлар, адабиётлараро алоқалар, уларнинг бир-бирига таъсири, қаҳрамонлар қалбидаги эврилишлар, буларнинг ёзувчи томонидан ўзига хос талқинлари, хулосалардан хабардор бўлади.

Галиб САЙИЛОВ,
Озарбойжон Фанлар академияси
фольклор институти профессори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг