ШОИР ҚАЛБИ ТУҒЁНЛАРИ

885

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллар охири — саксонинчи йиллар шеъриятида ижтимоий-маънавий, бадиий-эстетик талқинлар бирдек, уйғунлашган тарзда намоён бўла бошлаган, халқнинг илғор зиёли қатлами онгу шуурида ўзликни англашга кучли иштиёқ бўй кўрсатган эди.

Бу жараён, айниқса, ижодга энди қадам қўяётган бир гуруҳ ёш ижодкорлар, жумладан, Аъзам Ўктам шеърларида ҳам ўзига хос тарзда кўзга ташланди. Унинг шеърлари давр ўзгариши билан уйғун ҳолда битилган. Инсон қалб драмалари, руҳий олам эврилишлари икки асосга кўра – шоир бадиий тафаккури давр ўзгаришларига фаол муносабат шаклида шаклланди, айни пайтда ижтимоий борлиқдаги янгиланишлар лирик “мен” онгу шуурида акс-садо берди ва бу ҳолат ҳам шеърий сатрларга муҳрланди. Мана шу икки асос шоирнинг лирик қаҳрамони қиёфасини тўла-тўкис намоён этди.
Аъзам Ўктам ижоди билан танишарканмиз, унинг аксарият шеърларида тасвирланган қалб кечинмалари ташқи оламда рўй бераётган воқеликка муносабат сифатида намоён бўлганини кузатамиз. Бундай муносабат ўша йилларда шеърият майдонига кириб келган кўпгина ёш шоирларга хос хусусиятлардан бири эди. Лирик кечинма билан фаол фуқаролик туйғусини бир бутун ҳолда тасвирлаш ўша давр шеъриятининг етакчи белгиларидан бири ҳисобланади. Буни ­шоирнинг “Онамга”, “Андижон” каби шеърлари мисолида кўриш мумкин.
Бир қарашда “Онамга” шеърида “йиғига ўхшаган табассум билан” она бағрига шошилаётган фарзанд туйғулари акс этгандек таассурот уйғонади. Лекин шеърни ўқиш давомида шоирнинг нафақат ижтимоий, балки ижодий-­эстетик принциплари ҳам ўзига хос бадиий шаклларда ифодаланганига гувоҳ бўламиз. Унда шеър ва шоирлик, ватан ва ватанпарварлик ҳамда лирик қаҳрамон қалбини нурлантираётган ишқ мотиви ўзига хос рангин бўёқларда тасвирланган. Шеърда “сўзни минг кўйга солган”лар эмас, аксинча, шеър дарди, шеър ишқи билан ёнганлар ҳақиқий шоирлардир, деган концепция етакчилик қилади:
Шоирмас сўзни минг кўйларга солган,
Шеърни деб минг кўйга
тушганлар шоир!
Аъзам Ўктам шоир шахсиятини “Ватан” деган муқаддас калом билан боғлайди ва юксак ватанпарварлик мотивларини илгари суради: “Биз ватанга керак, Бизларга ватан! Яшолмасанг бутун ҳаётинг бекор – бир қалбда ишқ бўлиб, саодат бўлиб”. Кўриниб турибдики, шеър гарчи онага аталган бўлса-да, фақат шахсий ҳис-туйғулар билан боғланиб қолаётгани йўқ, яъни онага бўлган соғинч туйғуларинигина ифодалаётгани йўқ. Балки онага эҳтиром воситасида шеър ва шоирлик, дунё ва ватан каби ижтимоий-маънавий мотивлар ҳам шеър моҳиятига сингдириб юборилган. Аслида ҳам инсоннинг тириклиги мана шундай яратувчанлик билан, қалбда ишқ деган туйғу билан яшаш завқида ўзлигини намоён қилади.
“Андижон” шеърида шоирнинг фарзандлик меҳри акс этади. Юрт қадри баландлиги, аввало, шу заминда яшаётган одамларнинг инсоний фазилатлари билан белгиланади, дейди шоир. Шеърда “Дунёнинг ҳеч қайси бурчида йўқдир, Йўқдир Куйганёр деб аталган маскан” деган таъриф келади. Юртга бўлган меҳри қуйидагича чиройли сўз ўйини билан ифодаланади:
Мен ҳам бир куйган ёр бўлиб кетарман,
Энди шўрлик кўнгил бир умр тўлмас.
Воҳ, энди англадим – нечун бу юртдан
“Анда жон қолди” деб кетмаса бўлмас!..
Шоирнинг маҳорати қишлоқ номини кейинги мисраларда сўз бирикмаси сифатида поэтиклаштириб, ёр ишқида куйган ошиқ тимсолини яратишида, машҳур тарихий иборага айлантиришида кўринади. Шунингдек, шеърда “Эгилган бошни қилич кесмас”, деган халқ мақоли поэтик шаклга солиниб, унга ижодий ёндошиб, миллат менталитетига хос бўлган андишанинг мазмуни кенгайтирилган. Андишанинг “ғилофдаги қилич” экани “эгилган бош”нинг ожизлигини эмас, балки куч-қудратини намоён этмоқдаки, бу зиддиятли тасвир халқимизнинг яна бир ёвқур хислатини намоён этади.
Аъзам Ўктам шеърларининг аксарияти ҳаёт воқеалари билан, даврнинг муаян муаммолари билан узвий боғлиқ ҳолда яратилган. Унинг иқрорномалари содда, самимий қалб туғёнлари сифатида жонли ва табиий. Қизи Тўмарисга бағишланган “Юпанч” шеърида шоир ижара уйда туғилган қизи олдида хижолат чекаётганини баён қилади. Мазкур шеърда қишлоқдан эзгу ниятлар билан пойтахтга келган ёшларнинг аксарияти дуч келган муаммога гувоҳ бўламиз. Шоир ўз ватанида ижарада яшашидан хижолат чекар экан, ўзидан кўра эпчилроқ, журъатлироқ бўлишини тилаб қизи Тўмарисга қуйидагича мурожаат қилади:
Айира оларсан ўз ҳаққингни сен,
Кечирасан отангни ҳам бемалол.
Ҳар нарсани тушунадиган,
Кенг феъллироқ бўлсанг керак,
Ижара уйда туғилган болам…
Шоирнинг “Халқимиз душманларига” шеърида юксак миллатпарварлик мотивлари ўтли мисраларда акс этган, “Пахта дея жон берадиган ўзбек”нинг дардлари баён этилган. Шеър ўткир фош қилувчи пафос билан, мазмунан ўтган асрнинг саксонинчи йиллардаги миллатимизга қўйилган “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” каби ноҳақ айбловларга жавобан битилган. Айни пайтда, энди халқ ғафлат уйқусидан уйғониб, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниётгани, миллий мустақиллик учун курашаётгани қуйидаги мисраларда таъкидланган:
Ҳақ йўлида энди тинмаюр,
Ёлғонларга учмас, кўнмаюр,
Эгилади, балки синмаюр,
Ўзбекларни кару кўр деманг.
Шоирнинг бир туркум шеърларида “мен”нинг “сен”га муносабати – мурожаати ўзига хос рангин бўёқларда ифодаланган. Чунончи, “Сен — соғинч…”, “Севгилим…”, “Келмадинг…” деб бошланган шеърлардаги поэтик маъно лирик қаҳрамон қалбининг беором кечинмаларини, шоир шахсиятининг муросасиз ижтимоий-эстетик позициясини белгилайди.
Сен — соғинч,
Мен — ўтинч,
Қайдасан, Қўшиқ?
Висол — қуёш,
Бахт — қуёш,
Қалблар — дарчалар.
Армон — қора булут қоплаган осмоним.
Ушбу мисралардаги катта ҳарфлар билан битилган Қўшиқ ва Армон шоир ижодий позициясининг ўзагини ташкил этади. Ушбу поэтик образлар лирик қаҳрамон қалбининг поэтик тимсоллари ҳар қандай ғайирликларга муросасиз эканини, яшаш ва ижод қилиш принципларини белгилаб беради.
Шоирнинг “Келмадинг…” деб бошланув­чи шеъридаги “Сен” кўпмаъноли поэтик тимсолдир. Уни севикли ёр ёхуд илҳом париси сифатида ҳам, шунингдек, ҳақиқат ва адолат тимсоли сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.
Умуман олганда, Аъзам Ўктам шеърларида шоирлик ва шоир қисмати масаласи доимо етакчилик қилади, бу эса унинг ўзига, битаётган ҳар бир мисрасига улкан масъ­улият билан ёндашганидан далолат беради. Шоир қалб туғёнларининг барҳаётлиги ҳам шундадир, эҳтимол.

Қурдош ҚАҲРАМОНОВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг