Навоий ғазалига мухаммас

165

Навоий ғазалига мухаммас

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас,
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглум ичра дарду ғам аввалғиларға ўхшамас
Ким, ул ойнинг ҳажри ҳам аввалғиларға ўхшамас.

Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,
Неча авлод йўлию умидин айлаб беҳуда,
Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да,
Не ситамким, қилса раҳм махфий эрди зимнида,
Эмди қилса не ситам аввалғиларға ўхшамас.

Бул Жаҳон тун бирла тонг баҳс этар бир ҳужраким,
Воҳ, қуёш савдосиға шамлар нечук бўлди ҳаким,
Ишқ, бу — ўз умрим, анга нечук қасамлар ичмаким,
Демангиз Ширину Лайли онча бор ҳусн ичраким,
Хўбликда ул санам аввалғиларға ўхшамас.

Қай кишиким бир улуғ ишга этибди жон нисор,
Шиддати пасту баланд келганда ҳам бўлмайди ор,
Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор,
Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,
Ўлмишамким, бу алам аввалғиларға ўхшамас.

Она Шарқ тожин киюр! Зулматда ушлатманг мени,
Бодайи ҳақ мастиман, ёлғонга уйғатманг мени,
Ўз хаёлимға қўйинг, ўзгага ишлатманг мени,
Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени,
Ким бу расвойи дижам аввалғиларға ўхшамас.

Ҳар кима ҳар хил ёзур Арш Мирзоси сана,
Айланур ойина бу, ҳеч битта иш топмас пана,
Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана,
Кўйининг эҳромидин кўнглимни манъ этманг яна,
Ким, анга азми ҳарам аввалғиларға ўхшамас.

Сўкмак ўтганлар ишин нотавонлар расмиким,
Ўз замонин рост этар қавми марддир асли ким,
Шу ҳаёт тилсимларин очмоқ омонлар касбиким,
Эй Навоий, қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозийга карам аввалғиларға ўхшамас.

Омон Матжон,
Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг