БИТМАС-ТУГАНМАС ХАЗИНА

498

Биз шундай бахтли авлодмизки, ҳаётнинг ҳамма соҳасида бизга маёқ бўладиган донишманд аждодларимиз, улардан мерос бўлиб қолган битмас-туганмас хазиналаримиз бор. Бу улкан хазинадан ҳар ким ўз қувваи ҳофизасига кўра баҳраманд бўлади. Ҳазрат Навоийдан қолган меросни ҳам айнан шундай улкан уммонга, беқиёс хазинага, чексиз имкониятга қиёслаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ўзликни англаш сари даъват, деб қабул қилдим.
Мен шу юртнинг олтмишдан ошиб, етмишга қараб кетаётган, илмий даража ва унвонларга эга бир зиёли фарзандиман. Аммо “Илм олиш – бешикдан то қабргача” дейилганидек, ҳар куни, ҳар соат муттасил изланмасам, ўқимасам ҳаётдан, замондошларимдан орқада қолиб кетаётгандай бўламан. Мен ўқийдиган, деярли ҳар куни қўлимга оладиган китобларнинг олдинги сафида эса Алишер Навоий асарлари туради. Мана, ҳозир ҳам улуғ шоирнинг “Ҳикматлар” китоби қўлимда. Ҳар куни эъзоз­лаб қўлимга оладиган бу севимли китоб саҳифаларини варақлайман:
Агар арпа ҳам сочса бўлмоққа тўқ,
Анга буғдой ўрмоқнинг имкони йўқ.
Бу – “Ҳикматлар” китобидан ўрин олган биринчи байт. Бу байтнинг тагига шундай изоҳ бериб қўйилган: “Арпа сочган деҳқоннинг буғдой ўриши мумкин эмас”. Буни янаям соддароқ қилиб тушунтириш учун халқимизнинг “Нима эксанг, шуни ўрасан” мақолини эслаш кифоя. Бу байтдан ҳар ким ўз меҳнатига яраша баҳоланади, ёмонлик қилиб, яхшилик кутма, ҳаётда ҳамиша тўғри бўлиш керак, деган хулосалар чиқади.
Китобни варақлаганингиз сари, ҳар турли ҳаётий саволларга: илм ёки ёшликнинг қадрига етиш дейсизми, яхши суҳбатдош, иффат ва ҳаё, ота-­онанинг қадрига етиш дейсизми — барчасига бирма-бир жавоблар топаверасиз. Фақат бунинг учун сизда Навоийни тушуниш, англаш иқтидори бўлса, бас. Муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарорида юртимизда ва хорижий мамлакатларда Навоийни англаш иқтидорини ўстириш мақсади кўзда тутилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бутун мамлакатимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган тарихий кунларда чиққан бу қарор муҳим ва ҳаётий қарордир.

Сиддиқжон МЎМИНОВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг