КУЙЛАГАН ДУТОРИМ — ШЕЪРИЯТ

169

Назокат АТАҚУЛОВА

Сабо
Тонг еллари сочларим ўйнаб,
Бошланади яна янги кун!
Дарахтларда қушлар чуғурлаб,
Қайларгадир сингиб кетар тун.

Боққа томон ташлайман қадам,
Гул оралаб ўйнар капалак.
Ифор сочар очилган бодом,
Қуёшдан завқ олади фалак.

Тонгга пешвоз чиқиб шодланиб,
Ишимга йўл оламан шаҳдам.
Ҳавас билан боқиб завқланиб,
Кунни қарши оламан ҳар дам!
Мен билан єол
Кунларим бедору тунларим бедор,
Сени мадҳ этгувчи қўшиқларим бор.
Толиққан кўзларим бўлганда хумор,
Қалбингда яшайман сўроқсиз такрор.

Йўқотиб қўйдимми ҳаловатимни,
Бепарво ўтсанг гар, кўнглимда ғубор.
Куйла, кўклам бўлиб тароватимни,
Қуёшнинг тафтидан эриб битсин қор.

Хаёлим сен билан, йўллар-чи йироқ,
Азоблар бермагин, эй гўзал баҳор.
Дардимни кўргайсан, кўзларимга боқ,
Табиат яшнайди кўрсатсанг дийдор.

Ташна руҳим билан сенга хокисор,
Хўп десанг, баҳорим, бўлайин тумор.
Ҳижроннинг азоби бўлмасин бир дор,
Қалбларни тарк этсин аламу ғубор.

Шудринг ила гўзал япроқ, майсалар,
Бинафшалар хазон топмасин зинҳор.
Муҳаббат дарди хўп майин куй чалар,
Нигоҳим билан сен яшайсан такрор.
Армон шамоли
Йўқотиб қўйишдан қўрқардим ёмон,
Ёмонликни раво кўрган ўзингиз.
Рангим сарғайса ҳам юрибман омон,
Фақат мангу қолди хаёлларингиз.

Ҳар ўтган кунимга қиламан шукр,
Оёғимга тушов бўлолмади ғам.
Афсус-надоматга йўл қўймас ғурур,
Кўрмайсиз энди сиз қароғимда нам.

Умримнинг йўллари ўтмоқда равон,
Умидларим бисёр ҳамма қатори.
Баҳор қайтиб келмас мен томон ҳамон,
Кўнглимни ранжитди ишқнинг озори.

Қалбимда қолмади заррача қувонч,
Умидим сўндирди ишқнинг заволи.
Энди муҳаббатга йўқ менда ишонч,
Бошим узра гирён армон шамоли.

Ёмғир
Аҳён-аҳён деразам чертиб,
Шивир-шивир ҳол-аҳвол сўраб,
Хаёлларим олиб тортқилаб
Дардларимни ювиб кет, ёмғир!
Янгиланган орзулар сари,
Ишончимни этгандай ишғол.
Лекин қалбда беором бари,
Менинг ҳолим кўриб кет, ёмғир!

Дунёларга кўрк бер ҳавас-ла,
Кўнгилларда қолмасин қаҳр.
Хайрлашгинг келса бирпасда,
Яшил рангинг сепиб кет, ёмғир!

Дардларимни ювиб кет, ёмғир…

Тоғлар
Мағрур тоғлар бўлиб хотиржам,
Илк шеърларим сен тинглагандинг.
Болалигим ўтганди кўклам,
Мен ўйнасам, сен куйлагандинг!

Оҳ тоғларим, виқорли тоғлар,
Сенга ҳамроҳ гуллаган боғлар!
Мен-чи, сендан йироқлаб кетдим,
Дўст эдик-ку, биз ўша чоғлар!

Болалигим, ўтмишни эслаб,
Мана бугун кўргани келдим.
Шаҳардаги шовқинлар ташлаб,
Сукут излаб, қадрингни сездим!
Қаршингдаман, бир лаҳза тингла,
Бола каби шеърлар айтайин.
Сўнг соғинмоқ учун менг мунг-ла
Шовқин шаҳар сари қайтайин.

Шеърият
Юрагим чорлаган азиз меҳмони,
Боғ ичра ҳукмрон, сукунат они,
Дарёдек тўлқинли ҳайрат осмони,
Битилган изҳорим ўзинг, шеърият.

Ҳижроннинг боғида оқибат кутсам,
Соғинчлар зулмидан андуҳлар ютсам,
Мажолсиз руҳ бўлиб, дардимни битсам,
Танимга мадорим ўзинг, шеърият.

Туғёнга ошуфта оловли байтсан,
Хонишимга кўмак берган қудратсан,
Минг тўсиқни енгиб ўтган ҳикматсан,
Куйлаган дуторим ўзинг, шеърият.

Журъатим ўзингсан бахтли кунларда,
Уйғоқман сен билан ойдин тунларда,
Дардимни куйлайсан турфа унларда,
Ҳамдарду озорим ўзинг, шеърият.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг