БУЮК МУСАВВИРГА ЭҲТИРОМ

76

Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий Академияси ташаббуси билан бўлиб ўтган буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум қизғин муҳокама, мунозараларга бой бўлди. Тадбир доирасида очилган “Эй мусаввир, дилбаримға сурате монанд қил…”, “Шарқ миниатюраси ва Ўзбекистон санъати. Трансформация”, Ўзбекистон халқ рассоми Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг “Қалбимнинг рангин олами” каби кўргазмалари ижодкорларда кўтаринки кайфият уйғотди. Айниқса, ёш ижодкорлар миниатюра санъатининг тарихи ва бугуни ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Эронлик Роухула Жаҳонбин, Ардашер Токистони, қозоғистонлик Тиништиккул Жубанишева, Раун Сулаймонов, покистонлик Робиа Зокир, Кавсар Иқбол каби рассомларнинг ижоди талабалар учун маҳорат мактабини ўтади.
Халқаро маданият карвонсаройида бўлиб ўтган миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари бўйича “Камолиддин Беҳзод издошлари” танловида 15-17 ёшлилар ўртасида “Энг яхши миниатюра асари учун” биринчи ўрин Фарғона вилоятидан Гулчирой Шокировага насиб этди. Қўқондан Мухтасархон Раҳмонова иккинчи ўринга сазовор бўлди. Қолган номинациялар бўйича йигирмадан ортиқ ўқувчи танлов ғолибига айланди. Ғолиблар махсус дип­лом ҳамда Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш “Илҳом” фондининг совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида мусаввир ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий онлайн анжуманда бир юз элликка яқин маърузачи иштирок этди. Ялпи мажлисда жами йигирмата маъруза тингланди. Ўзбекистонлик ёш олимлар, докторантлар ва мустақил изланувчилар билан бир қаторда, Россия, Буюк Британия, Озарбойжон, Франция, АҚШ, Эрон, Афғонистон, Испания, Малайзия, Таиланд, Хитой, Япония, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби хорижий давлатларнинг таниқли олимлари онлайн тарзда Камолиддин Беҳзод ижоди, унинг дунё санъатида тутган ўрни тўғрисида маърузалар қилишди.
Халқаро анжуманда Беҳзод мероси йиллар, асрлар оша катта қизиқиш ва эътибор билан ўрганилиши алоҳида таъкидланди. Бу борада ижодий ташкилотлар, олий таълим даргоҳлари, музей ва галереялар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди. Камолиддин Беҳзод, унинг шогирдлари ва издошлари ижодини янада оммалаштириш, шунинг­дек, соҳага оид илмий тадқиқотлар билан кенг жамоатчиликни таништириш долзарб аҳамиятга эга экани айтиб ўтилди.

Сарвара ҚОСИМОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг