МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ ВА ҒУРУР

78

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун тилимизнинг жамият ҳаётидаги устуворлигини, она тилимиз қонун ҳимоясида эканини яна бир бор тасдиқлади.
Қонунга асосан, Тил байрамини нишонлашга қизғин тайёргарлик жараёнида — 19 ва 20 октябрь кунлари давлатимиз раҳбари яна иккита муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон янгиланаётган Ўзбекистонимиз сиёсатида она тилимиз ва миллий қадриятларимизга ­эътибор янада юксалаётганининг яққол далолатидир.

Санъат ва маданият ходимлари, уларнинг нутқи ҳамиша одамнинг ­эътиборида бўлиб келган. Шу ўринда айтиб ўтишни истардимки, санъат ва маданият ўқув муассасаларида таълим олаётган, келажакда шу касбнинг мутахассислари бўлиб етишадиган илми толибларнинг нутқини аниқ, равон, тўғри талаффуз меъёрларига риоя қиладиган даражада мукаммал қилиш борасида “Нутқ маданияти”, “Саҳна нутқи” сингари фанларни замонавий ахборот технологиялари орқали ўқитиш тизимини йўлга қўйиш жараёнидамиз.
Ҳозирги вақтда Ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этади. “Шарқ тароналари” каби кўплаб халқаро фестивалларда иштирок этаётган АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлар вакилларининг ўзбек тилида қўшиқ ижро қилишларини, ўзбек тилига қизиқишларини кузатаман ва қувонаман. Мақом ва бахшичилик фестивалларида таржимон сифатида иштирок этиб келаётган “Алпомиш ва Жумонг достонларининг қиёсий таҳлили” бўйича илмий иш ёқлаган Жанубий Кореялик олима ­Инг Йонг О ­хонимнинг ўзбек тилида соф, равон гапириши, ўз мамлакатидаги талабаларга ўзбек тилини ўргатиши мамлакатимизда дунё миқёсидаги фес­тиваллар бежиз ўтказилмаётганини билдиради.
Тил байрами арафасида қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳам ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатлар билан уйғун ва ҳам­оҳангдир. Маданият вазирлиги 2021 йилда ҳазрат Алишер ­Навоий ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш ҳамда рес­публика театрларининг ­“Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада” номли фестивалини ўтказиш, шоир ғазаллари асосида “Назм ва наво” кечаларини, мақом танловларини ташкил этишни режалаштирган. Қарор қабул қилингунига қадар бўлган даврда Ўзбек миллий академик драма театрида “Алишер Навоий” драмаси, Рус академик драма театрида “Хамса” девонимни улусға марғуб эт” спектакллари театр репертуаридан жой олган эди. Пандемиядан сўнг улуғ мутафаккиримиз Алишер Навоий сиймосини театр саҳнасида, саҳна декорациясида янги технологиялардан фойдаланган ҳолда дунё миқёсида намойиш қила оладиган даражада кўрсатишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Она Ватанга муҳаббат ва садоқат каби қадриятларимиз биз учун қанчалик азиз ҳамда муқаддас бўлса, улуғ она тилимизни юксакларга кўтарган, мадҳ этган Алишер Навоий ижодига ҳам, тилимизга ҳам меҳр-муҳаббат ва садоқатимиз шунчалик чексиздир. Уни аждодларимиздан қай даражада соф ҳолда мерос қилиб олган бўлсак, келажак авлодга шундай етказиш ҳар биримизнинг, жумладан, маданият ва санъат ходимларининг масъулиятли бурчи ҳисобланади. Зеро, она тили миллат маданияти ва ғурурининг асосий кўрсаткичидир.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Маданият вазири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг