565 ЙИЛ ВА МАНГУЛИК

46

Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод нафис ва бетакрор санъати билан нафақат Шарқ халқлари, балки дунё халқлари маданиятида ўчмас из қолдирган, улкан мактаб яратган даҳо мусаввирдир. Ўз даврининг буюк рассоми XV асрнинг иккинчи ярми Ҳирот миниатюра мактабининг асосчиси сифатида довруқ қозонган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказишда, миллий санъатимизни янада ривож­лантиришда янги имкониятлар очмоқда.
Маълумки, Камолиддин Беҳзод асарлари бугунги кунда АҚШ, Франция, Германия, Миср, Эрон, Россия каби хорижий давлатлар музейларида сақланмоқда. Буюк мусаввир ва унинг шогирдлари асарлари нусхаларини бир музей фондида тўп­лаш муҳим вазифалардан биридир. Шу муносабат билан мазкур қарор ижроси доирасида “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издош­лари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020–2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу “Йўл харитаси” ижросига масъул Ишчи гуруҳ айни пайтда белгиланган вазифалар юзасидан қизғин иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, миниатюра ва халқ амалий санъати соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Беҳзод ва унинг шогирдлари бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳага кириб келаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” номли миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари республика танлови Низоми ишлаб чиқилди.
Шу йил 14 октябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган Халқаро симпозиум ўз иши­ни бошлади. Симпозиум доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Жумладан, “Эй мусаввир дилбаримға сурате монанд қил…” деб номланган миниатюра ва хаттотлик асарлари кўргазмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, академик Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг “Қалбимнинг рангин олами” номли шахсий кўргазмаси, Марказий кўргазмалар залида “Камолиддин Беҳзод ва унинг даври” номли рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари кўргазмаси, Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови рес­публика босқичи иштирокчиларининг миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Халқаро симпозиум “Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида” мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн конференция билан якунланади. Симпозиум ишида Афғонистон, Эрон, Англия, АҚШ, Испания, Ирландия, Япония, Франция, Хитой, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Туркия ва бошқа давлатлардан ўн беш нафардан ортиқ ижодкор ҳамда йигирма нафарга яқин олим қатнашади.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Рес­публикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий Беҳзоднинг жаҳон тамаддунидаги ўрнига тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Гапнинг индаллоси шуки, Камолиддин Беҳзодни ўз даврининг новатор, ташаббускор ва ростгўй даҳоси деб ҳисоблаш мумкин. У ўз давридаги жараёнларга мутаносиб равишда ҳамда турли халқлар санъатлари хусусиятларидан фойдаланган ҳолда миниатюра санъатида янги бир услуб яратди ёхуд адабиёт, ирфон, антропология ва жамиятшунослик билан чамбарчас боғлиқ бўлган миниатюра санъати томон янги ва муҳим бир эшик очди. Камолиддин Беҳзод Эрон, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг дўст ва биродар халқларини бир-бирига боғлаб турадиган ҳамда ушбу уч мамлакат санъаткорлари ва халқ оммаси томонидан улуғланадиган улуғ шахслар жумласига киради. Шулардан келиб чиққан ҳолда, ушбу атоқли шахснинг таваллуд тўйи келгуси йилда мазкур уч мамлакатнинг маданият ва санъат аҳли томонидан биргаликда ўтказилишини таклиф қиламан”.
Халқаро симпозиум даражасида намойиш этилаётган “Эй мусаввир, дилбаримға сурате монанд қил…” номли кўргазма ҳақида Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти Абдуҳамид Собиров шундай деди: “Кўргазмада етакчи рассомлардан тортиб, кечаги талабалар, ёшлар асарларини кўриш ниҳоятда қувонарли. Бу ерда юксак даражада ижодий ишлар билан бирга, ўн олтинчи асрда ижод қилган йирик мусаввирлар асарларидан кўчирилган нусхалар ҳам ўрин олган. Афғонис­тон элчисининг бу каби кўргазмаларни Афғонис­тон, Эрон, Ўзбекистон ҳамкорлигида уюштириш ҳақидаги таклифи барчага манзур бўлди. Улуғ мусаввир ишларини такрорлаш мумкин эмас. Унинг даҳолиги ҳам шунда”.
Дарҳақиқат, Камолиддин Беҳзод умуминсоният маданияти тарихида ўчмас из қолдирган “олтин аср” нафосат оламининг буюк санъаткорларидан бири сифатида юксак эътироф ва эҳтиромга лойиқ ижодкор. Унинг бетакрор асарлари неча авлод мусаввирлари учун маънавий хазина вазифасини ўтади. Бугун ҳам улуғ мусаввир анъаналари давом этмоқда.

Гулчеҳра ФАЙЗИЕВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг