«ВАТАН УЧУН ЯШАЙЛИК!»

112

Куни кеча Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан эълон қилиниб, мамлакатимиз мус­тақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишлаб, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилди.
Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинацияси бўйича халқимиз турмуши, жамиятда юз бераётган жўшқин ҳаёт, бугунги кун қаҳрамонлари қиёфаси ҳамда уларнинг ўй-кечинмалари ватанпарварлик туйғулари билан таъсирчан ва жонли ифодаланган ёзувчи Собир Ўнарнинг “Олдинда ёнган маёқ” тўплами 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажак сари дадил, ишонч билан одимлаётган озод фуқаросининг кўнгил кечинмалари, вафо ва садоқат, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари мавзулар тараннум этилган Вафо Файзуллоҳнинг “Қоядаги дафтар” шеърий тўпламига 2-ўрин берилди.
Ёзувчи Ҳабиб Абдуназар халқимизнинг миллий турмуш тарзи, ўзига хос характери қирралари бадиий акс этган “Даштдаги олов” қисса ва ҳикоялар тўплами учун 3-ўринга муносиб кўрилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекис­тон!” шиори остида бадиий-публицис­тик мақолалар, очерклар, насрий ва шеърий йўналишдаги энг сара асарларнинг “Ватан учун яшайлик!” IХ республика кўрик-танлови эълон қилинган эди.
Куни кеча кўрик-танловга тақдим этилган асарлар баҳоланиб, фаол ижодкорлар муносиб тақдирланди.
Ҳайъат қарорига кўра, адабиёт­шунос олим Нурбой Жабборов – мамлакатимиз ва хорижий нашрларда чоп этилган “Адабиёт ва миллий маърифат” мавзуидаги туркум адабий-публицистик мақолалари учун 1-ўрин, шоир Абдумажид Азим – “Тонг табассуми” шеърлар тўплами учун 2-ўрин, шоир ва таржимон Асрор Мўмин – “Ўзбекистон фарзандиман” ҳамда “Орзу ва оҳу” тўпламлари учун 3-ўринга лойиқ топилди.
Шунингдек, Аҳмаджон Мелибоев, Фароғат Худойқулова, Мирзапўлат Тошпўлатов, Муқаддас Абдусаматова, Маъмура Зоҳидова, Отабек Исмоилов сингари ижодкорлар танловнинг рағбатлантирувчи мукофотларига сазовор бўлишди.
Танлов ғолибларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” ­жамоат фонди томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Барча ғолибларни табриклаймиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг