Тил «мен» ва олам бирлашадиган муҳитдир

87

Насимхон РАҲМОНОВ,
филология фанлари доктори,
профессор

Луғатчилик — ўзбек тилининг равнақи учун бир омил
Ўзбек тили туркий тиллар орасида сўзлашувчилар нуфузи ҳамда бу тилда яратилган ёзма ёдгорликлар миқдори кўп­лиги билан ажралиб туради. Қолаверса, қадимги ва эски ўзбек тилидаги ёзма ёдгорликларнинг географияси ҳам кенг. Шунингдек, ўзбек халқи қадимдан яшаб келаётган Туронзаминдан топилган туркий ёзуви ёдгорликлари ҳам миллатимизнинг маънавияти ва тарихдаги мавқеи юксаклигини яна бир бор далиллайди. Қолаверса, эски ўзбек тилидаги айрим ёзма манбаларнинг турли Европа тилларига таржима қилиниши натижасида турли мамлакатларда ўзбек тили, хусусан, эски ўзбек тили ҳақидаги тасаввурлар анчагина теранлашди, кенгайди. Дарвоқе, тилимизнинг равнақи ва ташқарида эътироф этилиши учун эски ўзбек тилидаги асарларнинг Европа тилларига қилинган таржималари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ХVIII асрнинг бошларида Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асари рус тилига ва рус тили орқали ҳамда аслиятдан лотин, француз, немис ва бош­қа бир қатор тилларга таржима қилиниши натижасида европаликлар эски ўзбек тилидаги манбалардан, ўзбек тилининг бойлигидан хабардор бўлдилар. Қолаверса, Абулғози бу асарини туркий тилнинг бутун бойлигини кўз-кўз қилиш учун алоҳида муҳаббат билан ёзгани маълум. Бу сингари асарлар эски ўзбек тилининг соддалиги, нафислигини яққол ифодалаб тургани учун ҳам хориж олимларининг эътиборини тортган.
Турли жанрларга мансуб ўзбек тилидаги асарларда шундай сўзлар ва иборалар борки, уларни эски луғатларга қиёслаш катта самара беради. Бундай қиёслаш тилимизнинг илдизи чуқурлиги билан географик ҳудуди ҳам кенглигини далиллаш учун хизмат қилади. Бир мисол келтирамиз. Ўзбек фольклори асарларида енг солмоқ ибораси бор. Бу ибора ишга киришмоқ, тиришиб ҳаракат қилмоқ маъносини ифодалайди. Шу ибора XIII—XIV асрларда Миср мамлуклар давлатида яшаб ижод қилган Абу Ҳайённинг “Аттуҳфатуз закияту филлуғатит туркия” (Туркий тил (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа) номли асарида келтирилган. Ёки ҳозирги ўзбек тилида қўлланувчи кўрсатти, кўргузди, кўргазди каби бир сўзнинг турли вариантлари ҳам айнан ўша луғатдан жой олиб, эски ўзбек тилидаги сўзларнинг ёзма шакл­лари қаторида оғзаки шакллари ҳам адабий тилни бойитиш учун асос бўлди. Агар ўша даврлардаги Миср мамлуклар давлатининг этник таркиби қипчоқ қавмидан иборатлигини ва мўғуллар истилоси даврида Ўрта Осиёдан кетган кўплаб қипчоқлар Мисрдан паноҳ топганини эъти­борга олсак, юқоридагидай иборалар ва сўзларнинг тарихи ҳамда бир ўлкадан иккинчисига кўчгани бирмунча ойдинлашади, яъни эски ўзбек тилининг қипчоқча сўз ва иборалари Ўрта Осиё қипчоқ қавмлари билан бирга Миср мамлук­лар давлатига кириб борган.

Сўз мамлуклар ҳукмронлиги давридаги эски ўзбек тилининг маънавий бойлиги бўлган луғатлар ҳақида кетар экан, кейинги давр туркологларининг луғатларида “Аттуҳфа..” луғатидаги сингари ўзбек тилига мансуб сўзлар ва иборалар учрайдими, деган савол туғилиши мумкин. Биз ўрта асрлардаги “Бадойи ал-луғат”, “Абушқа”, “Санглох” каби луғатларни назарда тутмаяпмиз. Бу луғатлар чиғатой тилидаги лексик қатламни қамраб олгани илм аҳлига маълум бўлгани учун улар ҳақида тўхталишни лозим топмадик. Қолаверса, бу луғатлар ҳақида ўзбек олимлари Ботирбек Ҳасанов, Эргаш Умаров жиддий тадқиқотлар олиб борганлар. Бизни кўпроқ жаҳоншумул турколог В.В.Радловнинг 8 жилддан иборат “Туркий шевалар луғатини тузиш тажрибасидан” (“Опыт словаря тюркских наречий”) қизиқтиргани учун шу  луғатга эъти­бор қаратамиз. Бу луғатга В.В.Радлов ярим аср умрини сарфлаган. Яна у камтарлик билан “луғат тузиш тажрибасидан” деб айтган эди. Луғат қадимги туркий тил ҳамда В.В.Радлов яшаган ва илмий фаолият олиб борган ХIХ асрдаги жонли туркий тилларни ва лексик қатламни қамраб олган. Аксарият туркий тилларга оид – олтой, турк, ёқут, қирғиз ва қатор туркий диалектлардаги сўзлар мазкур луғатга киритилган ва диалектал сўзларни ана шу луғатдан топиш мумкин. Шунингдек, қадимги туркийча сўзларнинг  урхун алифбосида, эски уйғур-турк ёзувида, манчжурча сўзларнинг манчжур ёзувида берилгани В.Радловнинг  катта мақсадлари дебочаси эди. Бу туркий тилларнинг келиб чиқишида олтой назариясини ўзи тўплаган сўзлар асосида далиллаш эди. Олтой назариясига кўра, туркий тиллар милоддан олдинги V асргача ягона олтой тилида мужассамлашган. Радлов бу луғатини туркий тилларни қиёсий ўрганиш бўйича катта тадқиқотининг дебочаси сифатида бошлади. Муаллифнинг нияти бўйича тадқиқот   луғат матни ва қиёсий грамматикадан иборат бўлиши керак эди. У луғат матнини тузди, аммо қиёсий грамматикани ёзишга улгурмади. Бугунги кунда гарчи рус туркологиясида Радловнинг ғоялари амалга оширилаётган бўлса-да, Ўзбекистонда бу соҳадаги ишлар йўқ ҳисоби. Сўзимиз аввалида айтилганидай, туркий тиллар орасида ўзбек тили ёзма ёдгорликларга бой бўлиб, узлуксиз равишда туркий тилларнинг ҳамма босқичларини босиб ўтган. Шу боис Радлов бошлаган туркий тиллар луғатини мукаммаллаштириш ва қиёсий грамматикасини яратиш учун материаллар етарли. Қолаверса, эски ўзбек тилига, хусусан, чиғатой тилига мансуб сўзларни Радлов луғати сўзликлари орасидан ажратиб олиб, алоҳида  қиёсий луғат тузиш ҳам бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Радлов луғатининг эски ва жонли ўзбек тилига муносабати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун  айрим кузатишларимизни ўртага ташлаймиз. Луғатда, асосан, туркий сўзлар берилган. Масалан, биринчи жилддаги илк сўз ў(в) бўлиб, қайси туркий тилларда бу сўзнинг қўлланишига ҳам ҳаволалар берилган. “Қиссаи Сайфулмулук”дан бир мисол ҳам келтирилган: Сайпул Мулук о(в)ға чиққандин кин…
В.Радловнинг бу луғати чоп этилганига бир юз ўттиз йил бўлди. У эллик йил давомида луғат устида иш олиб борганини ҳам инобатга олсак, яқин бир юз саксон йилдан олдинги туркий тиллар ва диалектларнинг ҳолатини ўзида ифода этади. Радловнинг мазкур луғати туркий тилларнинг том маънодаги қиёсий луғати бўлиши учун келгусида ўзбек тилидаги туб туркийча сўзлар ва чиғатойча сўзлар асосида қиёсий луғат тузилса, ўйлаймизки, ўзбек тилининг луғат таркиби бойийди. Ўзбек тилидаги умумтуркий сўзлар ҳам қиёсий луғатларда ўз ифодасини топади. Радловнинг бу луғатига материал сифатида Сибирдаги ва Ўрта Осиёдаги туркий халқларнинг тили ва диалектлари хизмат қилган. Шу боисдан эски ўзбек тилидан бошлаб шу кунгача давом этиб келаётган айрим арабий ва форсий сўзлар ҳам луғатда бор. Бу сўзлар турк тилидан луғатга киритилган. Ўша арабий ва форсий сўзларни асли чиғатойчада кўп ишлатилган сўзлар сифатида қараш керак. Масалан, садоқ, соддадил, садаф каби сўзларни мисол сифатида келтириш мумкин. Чамаси, Радлов туркий сўзларни луғатга киритишни ва том маънодаги туркийча луғат тузишни мақсад қилган. Аммо араб ва форс сўзларининг луғатдан жой олганидан  тасаввур қилиш мумкинки, чиғатой тилининг мавқеи, яъни эски ўзбек тилининг мавқеи Ўрта Осиё туркий тиллари  орасида баланд бўлган. Зотан, чиғатой тили нафақат Ўрта Осиёда фаолият кўрсатган, балки Олтин Ўрда адабий тили, мамлуклар давлатидаги адабий тил том маънода чиғатой тилидан иборат бўлган. Радловнинг мазкур луғати асосида туркий тилларнинг қиёсий луғати амалга ошириладиган бўлса, тилимизнинг луғат таркиби бойишини кузатган ва туркий тиллар орасидаги мавқеини кўрган бўлар эдик. Ва кенг оммага тушунарсиз бўлган арабий ва форсий сўзлар ўрнини туркий сўзлар эгаллаши ҳақида тавсиялар ишлаб чиқиш имкони бўларди. Луғатлар фақат ўзбек тилининг бойлигини кўрсатиб қолмайди, балки халқимизнинг тарихий ва маданий алоқаларини кўрсатадиган далиллардан бири сифатида ҳам хизмат қилади. У манчжурча сўзларни шунчаки киритмаган, балки туркий тилларнинг қиёсий луғатларига материал сифатида фойдаланиш учун киритган. Ўтган асрнинг ўрталарида туркология илмида В.Радловнинг мазкур луғатига турлича муносабатлар бўлган эди.
Мазкур луғат Россия ва Туркияда жаҳон туркологиясининг катта ютуғи сифатида баҳоланган. ХХ асрнинг биринчи чорагида Радловнинг мазкур луғатини турк тилига таржима қилиб чоп эттириш учун Истанбулда комиссия тузилган. Аммо рус туркологиясида ўзбек тилининг катта билимдони академик А.Н.Самойлович,  турк олими Заки Валидий Тўғон комиссиянинг бу таклифига қарши чиққанлар. Бунинг ўрнига ўша пайтдаги турк ва рус туркологлари ва бош­қа мамлакатлар туркологларини жалб қилган ҳолда, ҳамкорликда Радловнинг луғатидаги камчиликларини тузатиш, қайта ишлаш, янги йиғилган материаллар билан тўлдириш ҳақида фикрлар билдирилган. Энг тўғри ва мантиқли фикр мана шу эди. А.Самойлович ташаббусни қўлга олиб, В. Бартольдга  Радлов луғатини қайта нашр этишни Россия Фанлар академияси ўз зиммасига олишини таъкидлаган. А.Н.Самойловичнинг ташаббуси мантиқан тўғри ва холис эди. Аммо ўша режалар амалга ошмай қолди. Агар амалга ошганда, шубҳасиз, ўзбек тилидаги туркий сўзлар ҳам, албатта, ўша луғатдан жой олиши аниқ эди.
В.Радловнинг луғатида сўзликнинг туркча таржимаси ўрни-ўрни билан берилган. Агар бу луғат Туркияда таржима қилиниб, ўша ерда чоп этилганда эди, собиқ иттифоқ ҳудудидаги туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилидаги туркий сўзлар мазкур луғатнинг туркча таржимасидан ўрин ололмаслиги мумкин эди.  А.Самойловични ҳар доим – бутун илмий фаолияти давомида ўзбек тилининг равнақи қизиқтириб келган. Шу билан бирга Туркистон ўлкасидаги тарихий ҳужжатлар, ўзбек адабиёти тарихига оид манбалар, масалан, Бобур “Девон”и қўл­ёзмаси унинг илмий фаолиятида асосий ўрин эгаллаган эди.
ОНА ТИЛИГА ХИЁНАТНИ ТИЛ ЭГАЛАРИ КЕЧИРМАЙДИ
Ўзбек тилининг илмий таҳлилига хорижда – Шарқда, шунингдек, Ғарбда ҳам юқоридагидай азалий эътибор сусаймаган. Айниқса, А.Н.Самойлович В. В.Бартольдга ёзган хатларидан бирида ўзининг қисқа муддатдаги режасини қуйидагича баён қилади: “Учта грамматикани — қрим-татар, ўзбек, усмонли-турк тиллари грамматикасини ёзиб тугатганимдан кейин, асосий эътиборни туркий тилларнинг қиёсий грамматикасига оид ишга қаратмоқчиман. Бу ҳақда бир пайтлар Готьо (француз тилшуноси – Н.Р.) менга таклиф берган эди”. Ўзбек тилининг равнақи ва халқаро миқёсдаги шон-шуҳрати учун бошқа миллатга мансуб олимларнинг бу қадар жон куйдириши одамни қувонтиради. Аммо ўз миллатимизга мансуб одамнинг ўзбек тилининг тарихи, бугунги ҳолати тўғрисида алмойи-­алжойи сўз юритиши баъзан одамни ҳайрон қолдиради, ҳатто ғазаблантиради. Мен интернетдан олган бир маълумотни шу ўринда келтириб ўтишни лозим топдим.
Москва давлат университети қошидаги Осиё ва Африка институтининг Марказий Осиё ва Кавказ кафедраси профессори, ўзбек тили муаллими Тоир Маҳаматов Sputnik мухбири билан қилган суҳбатида ўзбек тили ривожида рус тилининг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни баён қилади. “Ўзбекистонда чоп этиладиган газета ва журналларни варақласак, ўзбек тилига рус тили орқали кирган кўплаб лотинча  терминларни учратамиз. Ўзбек тили форсий, эски туркий, араб ва лотин тилларининг ижодий синтези асосида шаклланди. Масалан, ўз вақтида “самолёт” сўзидан воз кечиб “тайёра” деб айтадиган бўлдик. Аммо бу беъманилик эканини кейин тушуниб етдик ва яна “самолёт” сўзига қайтдик”.
Маҳаматовнинг қарашича, Ўзбекистон Республикаси бу сингари қонунлари билан (Давлат тили тўғрисидаги қонун назарда тутиляпти – Н.Р.) тенгликни, бир хилликни шакл­лантиришга ҳаракат қилаётганини тамомила  табиий деб ҳисоблайди. Аммо Маҳаматовнинг фикрича, бир неча тилларни қабул қилиш энг тўғри қарор бўларди.
Т.Маҳаматов гапида давом этади: “Мен Тошкентда бўлиб тураман, ИИВ тизимида, Халқ таълими вазирлигида ва бошқа соҳаларда ишлайдиган рус миллатига мансуб мутахассислар билан учрашаман. Улар рус тилида сўзлайдилар, ўзларининг ҳужжатларини ҳам рус тилида ёзадилар. Энг тўғри вариант – давлат тили сифатида учта тилни: ўзбек, рус ва инглиз тилларини киритишдир”.
Маҳаматовнинг бу гапларини ўқиб, соғлом фикрлайдиган, вужудида ўзбек қони оқаётган одам ўзининг она тили тақдири тўғрисида бундай фикрлаши, маънисиз, тутуриқсиз, куракда турмайдиган таклифларни бериши бирон қолипга сиғмайди. Маҳаматов жаноблари гарчи ўзбек тили бўйича профессор лавозимида ишласа ҳам, назарий билими ҳаминқадар, жуда ночор экани унинг ўзбек тилининг тарихий шакл­ланишига оид қарашларида ўзини кўрсатиб туради,  гапларидан маълум бўлади. Лотин тили ўзбек тилининг шаклланишига асло таъсир этмагани ҳамма тилшуносларга аён. Бизнингча, Тоир Маҳаматов ўзбек тилига бошқа тиллардан сўз ўзлашишини  назарда тутган, чамаси.  Аммо сўз ўзлашиши ва ўзбек тилининг тарихан шакл­ланиши тамомила бошқа тушунча ва ҳодисалардир. Юқорида мен айтиб ўтган турколог А.Н.Самойлович ўзбек миллатига ёки бирон туркий қавмга асло алоқадор эмас. Уни ўзбек тилининг бойлиги ўзига жалб қилган. А.Н.Самойлович 1925 йили В.Бартольдга ёзган яна бир хатида Истанбулда амалга оширадиган ишлари ва режалари ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни ёзади: “Туркология институтида кўп вақтимни ўтказаман. Бу ерда бўлганимда ўзимни худди уйдагидай ҳис қиламан. Туркология институтининг асосий таркиби ҳозирча Кўпурилизодадан, қрим-татар миллатига мансуб кутубхоначидан, бошқирд миллатига мансуб кутубхона ёрдамчисидан ва қоровулдан иборат.” Қарангки, Кўпурилизода – бутун бошли Туркология институтининг мазмуни. Илмга ана шундай ёндашув туркологиянинг пойдевори бўлган туркий тилларга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлишни тақозо қилади.
ТУРКОЛОГИЯ — ЎЗБЕК ТИЛИ РАВНАҚИ УЧУН АСОСИЙ ОМИЛ
Маданий-тарихий алоқалар тилларнинг бо­йиши учун муҳим омиллардан биридир. Масалан, славян тилларида бир қатор туркийча сўзларнинг борлигини биламиз: кирпич, айва, ёпинчиқ ва ҳоказо. Ёки келиб чиқиши туркийча бўлган славян тилидаги бир қатор фамилиялар ҳам туркология учун, жумладан, ўзбек тилшунослиги учун янгилик эмас.  Славян тилларига оид ёзма ёдгорликларда бу сўзларнинг мавжудлиги бугун янгилик бўлмай қолди. Қолаверса, машҳур рус туркологи Н.А.Баскаковнинг 1974 йили нашр этилган “Шарқий славян тилларида туркийча сўзлар” (“Тюркизмы в восточно-тюркских языках”) номли китоби, яна унинг 1979 йили чоп этилган “Туркийчадан келиб чиққан русча фамилиялар” (“Русские фамилии тюркского происхождения”) номли китоблари бизнинг бу соҳадаги ғира-шира тасаввурларимизни тўлдиради. “Шарқий славян” деган ном рус, украин ва белорус халқлари ва уларнинг тилларига нисбатан қўлланади.  Н.А.Баскаков славян, жумладан, рус тилидаги туркийча сўзларнинг ҳаммасини ўрганиб, бизга тақдим қилган, деган қарашлардан воз кечиш керак. Славян тилларидан жой номлари, сув объектлари, қушлар ва ҳайвонлар номларининг туркийча вариантлари ҳам борки, Н.А.Баскаковнинг ишларини давом эттириб уларни ҳам ўрганиш, шу тариқа ўзбек тилшунослигининг объектини кенгайтириш зарурати бор. Бу жиҳатдан XVIII—ХIХ асрдаги рус шарқшуносларининг ишлари ибратлидир. Улар ўз тадқиқот режаларига рус тилидаги туркий сўзларни ва ўз навбатида туркий тиллардаги русча сўзларни ўрганишни зарурат сифатида киритганлар. Жумладан, XVIII асрда фаолият юритган В.Н.Татишчев, В.Тузовнинг ишлари бу жиҳатдан диққатга сазовор. Масалан, В.Н.Татишчев “Лексикон” (1793) номли китобда туркийча бўлган анчагина сўзларнинг талқинини келтирган. Умуман, бу даврдаги туркий тилларни, хусусан, ўзбек тилини Россияда ўрганишга рағбат кучли бўлган.
Шундай бўлгани ҳолда, ХХ асрда А.Н.Кононов, С.Н.Иванов, А.М.Шчербак каби олимларнинг замонавий ўзбек тили, ўзбек тили тарихига оид қўлланма, дарслик ва монографиялари бизнинг тилимизни Россияда ўрганишга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида қайд этишни истар эдик. Бугунги кунда юқорида номлари келтирилган туркологлар қаторида Россияда ўзбек тилига муҳаббат борми, деган савол туғилади.
Қадимги славян ёзма ёдгорликлари маълум бир даврда туркий тилларнинг равнақини кўрсатишга асосий далиллардан биридир. Ўтган асрнинг 60–70-йилларида қозоқ шоири ва олими Ўлжас Сулаймонов славян халқларига мансуб “Игорь жангномаси”ни тадқиқ этиб, бу ноёб ёдгорлик асли Дашти Қипчоқ халқининг (Шайбонийхон Дашти Қипчоқда ўзбек давлатига асос солган Абулхайрихоннинг набираси эди) бадиий тафаккури маҳсули эканини, бу эпик ёдгорликни туркий тилдан славян тилига ағдарган таржимоннинг қадимги туркий тилни – эски ўзбек тилини билиш даражаси ва таржима жараёнида кўп хатоларга йўл қўйганини чуқур таҳлил қилган эди.
Шу ўринда “Игорь жангномаси” яратилган ўлка Дашти Қипчоқ эканини ва Олтин Ўрда давлати Дашти Қипчоқ заминида пайдо бўлганини айтиб ўтишимиз керак. Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” асарида Ўзбекхоннинг ўғли Жонибекхон ҳукмронлиги тўғрисида сўз юритар экан, унинг художўй одам, инсонлардаги фазилатларни қадрлайдиган ҳукмдор эканини айтади. Олтин Ўрдани Дашти Қипчоқ номи билан атайди. Ўзбекхоннинг ҳукмронлиги йилларида “ўзбекиён” деган термин тарихий асарларда илк бор учрайди. ХIV асрда яшаган форс тарихчиси ва географи Ҳамдуллоҳ Қазвиний Озарбайжонга юриш қилган Ўзбекхоннинг аскарларини “ўзбекиён” деб атайди. Бу воқеа 1355-1356 йилларда бўлган эди. Қазвиний Олтин Ўрдани “мамлакати Ўзбек” деган ном билан юритган. “Ўзбекиён” деган ном жамики Олтин Ўрда аҳолисининг умумий номига айланиб қолди. Шунинг учун ҳам Абулғози Баҳодирхон “мамлакати Ўзбек” номини Олтин Ўрданинг ҳамма ҳудудига нисбатан ишлатган эди.
“Игорь жангномаси” матнидаги қипчоқ тилига мансуб кўплаб сўзларнинг туркийча эканини Ў.Сулаймонов изоҳлаб берган. Масалан, асар қаҳрамони Всеволоднинг жанговарлик лаёқати буйтур сўзи орқали ифодаланишини  изоҳлайди. Бу ёдгорликни кўчирган котиб мазкур ўзбекча сўзнинг славянча эквивалентини  топа олмагани учун ўзбекча ботир сўзини славянча талаффуз билан буйтур тарзида қўллаган.
Бу сўзнинг рус тилида Ў.Сулаймонов талқинига ҳамоҳанг маъносини излаб “Википедия”га мурожаат этдик. “Википедия”да байтур ботир, жанговар маъноларини ифодалаши қайд этилган. Байтуров фамилияси ўзбекча  Ботировга тенг келиши тўғрисида ҳам айрим изоҳ ва шарҳлар бор.
Ёки Ў.Сулаймонов мазкур китобида келтирган бир қатор умумтуркий сўзларнинг шумер ёзма ёдгорликларида (милоддан олдинги IV минг йиллик бошлари) ада (ота), ама (она), ту (туғмоқ) каби бир қатор сўзларнинг учраши ҳақида келтирган мисоллар ва уларнинг талқинлари ҳам анча йиллардан бери туркологияда мунозара бўлиб келади. Кимдир шумер тили туркий тилларга қариндош бўлгани учун умумтуркий сўзлар бор деб айтса, кимдир сўзларнинг фонетик қиёфасидаги бир хиллик ва маъно жиҳатдан ўхшашлиги тасодифдир, қариндошлик йўқ, деб қарайди. Шуни инобатга олиш керакки, от туркумига мансуб сўзларнинг ўзигина маънодош бўлса, бу ҳар иккала тилнинг қариндошлигига шубҳаланишга ўрин бўлиши мумкин. Аммо феъл туркумига оид сўзларнинг  (юқоридаги ту- туғмоқ феъли сингари) ўзбек тилидаги ёки бошқа туркий тилдаги сўзга шакл ва маъно жиҳатдан уйғунлиги тилларнинг қариндошлигини далиллашга хизмат қилади.
Ўзбек адабиёти тарихига оид матнларда ҳали кенг оммага тушунарли бўлмаган, тушуниш учун луғат талаб қилинадиган сўзларни муаллифлар матн ичида, ўз ўрнида сўзнинг таржимасини бериши ёки талқин қилиши анчагина муаммоларнинг олдини олади. Масалан, Олтин Ўрда ўзбек адабиётига мансуб  “Қисаси Рабғузий”, “Наҳжул-фародис” номли асарлар шу жиҳатдан диққатни тортади. “Наҳжул-фародис” милодий 1358 йили ёзилган. Бу тўғрида асарнинг ниҳоясида айтилган. Китобни кўчирган котибнинг айтишича, “Наҳжул-фародис” муаллифи китобни ёзиб тугатгач, орадан  икки кун ўтиб, “дорулфанодан дорулбақога рихлат қилгани”, бу китобдан кўп алломалар фойдалангани баён қилинган. Котибнинг бу маълумотидан китоб ўз даврида анчагина машҳур бўлган кўринади. Бу маълумотлар ҳам муҳим. Аммо энг муҳими, “Наҳжул-фародис”нинг тил хусусиятидир. Асар, асосан, туркий сўзлар заминига, ўзбек тили тарихида кенг истифода этилган сўзлар заминида пайдо бўлган. Зотан, Олтин Ўрдада диний маданият, хусусан, ислом билан бир қаторда туркий адабиётга ва туркий адабий тилга эътибор кучайди. Гарчи бу даврдаги адабиёт – туркий адабиёт, тил – туркий тил деб юритилган бўлса хам, туркий тилли халқлар орасида алоҳида мавқе тутган ҳар бир ўзбек китобхонига Олтин Ўрда адабий муҳитида яратилган асарлар бугунги кунда ҳам жуда яқин. Олтин Ўрда маданий муҳитида эски ўзбек адабий тилининг з- гуруҳидаги адабий тил амалда экани ва й- гуруҳи адабий тилига ўтиш жараёни давом этаётгани кузатилади. Бу тил ўғуз-қипчоқ туркий адабий тили деб юритилади.
“Наҳжул-фародис” Олтин Ўрданинг асосий аҳолиси ҳали араб ва форс тилларини умуман билмаган мўғулларни мўлжаллаб ёзилгани ва уларга ислом йўлини кўрсатишга қаратилгани учун уларга тушунарсиз сўзлар изоҳлаб борилган. Арабий-форсий сўзлардан имкон қадар мазкур асарда деярли фойдаланишдан муаллиф воз кечган. Айни пайтда оммага тушунарсиз сўзларни, ибораларни, ҳадисларни матн ичида эски ўзбек тилида шарҳлаш Олтин Ўрда адабиётига хос бўлиб, “Қисаси Раб­ғузий” ва “Наҳжул-фародис”да учрайди. Бизнинг кузатишимизча, туркий тилдаги бошқа асарларда учрамайди. “Наҳжул-фародис”дан олинган қуйидаги мисолга эътибор берайлик. Биз арабча ҳадисни келтирмасдан фақат эски ўзбек тилига муаллиф қилган таржимасини берамиз:
Пайғамбар а.с.қа Мустафа ат берилди. Мустафа араб тилинча одрулмиш темак болур (Арабча ҳадиснинг мазмуни: Имом Бағовий раҳматуллоҳи “Машобиҳ” деган китобида қуйидаги ҳадисни келтирган. Пайғамбаримиз а. с. шундай айтган экан: Тангри таоло ­Исмоил пайғамбар ўғилларидан Қурайш қабиласини танлаб олди. Яна Қурайш қабиласидан Ҳошим деган одамнинг ўғилларини танлаб олди. Яна ўша Ҳошим деган одамнинг ўғиллари орасидан мени танлаб олиб, ўртага чиқарди. Шу сабабдан Пайғамбар а.с.га Мустафо исми берилди. Мустафо – араб тилида танлаб олган маъносини билдиради.
Қуйидаги диний истилоҳларга асар муаллифи матнда берган ўзбекча изоҳлар ҳам диққатга сазовордир: Амри маъруф маъниси эдгулукка буйурмақ бўлур тақи наҳйи мункар маъниси яманлиқдан йиғмақ бўлур – Амри маъруфнинг маъноси яхшиликка ундаш бўлур,   яна наҳйи мункарнинг маъноси ёмонликдан қайтариш бўлур.
Ёки “Қисаси Рабғузий”дан олинган қу­йидаги ҳикоятда ҳам юқоридагидай усулни кўрамиз: Умар розияллоҳу анҳу айди: “Қайдин келдинг?”  теб. Айди: “Ироқ элиндин, яъни Ироқдин келдим”. Сўрди: “Не синоъат” билурсан?” Айди: “Ҳобикман”. Араб тилинча бўзчи бўлур. Яна сўрди: «На ишларга келдинг?» Айди: «Ўграну келдим, яъни илм ўргангани келдим».
Биринчи мисолда муаллиф Маҳмуд Али ибн ас-Саройи оятнинг таржимасини, иккинчи мисолда диний истилоҳнинг ўзбекча талқинини, учинчи мисолда эса Рабғузий сўзнинг талқини ва изоҳини беряпти. Ҳар учала мисолда ҳам бир мақсад қўйилган — асар матнини китобхонга луғатсиз ва кимларнингдир талқинисиз тушунарли қилиб етказишдир. “Уйимда бир мушугим бар. Бу гўштларнинг ғуддаларини йиғиб бизнинг мушукка олиб борғил деяр эрди, ғудда теб этнинг безларина айтурлар (216-бет).
Асар муаллифининг талқинидан кўринадики, у асарни ёзиш жараёнида, бир томондан, кенг оммани назарда тутган, иккинчи томондан, Рабғузий ҳам, Маҳмуд Али ибн ас-Саройи ҳам туркий тилга, яъни эски ўзбек тилига бўлган муҳаббатини намойиш қилганлар. Муаллифнинг бу мақсадини асарда келтирилган арабча оятларнинг ўзбек тилида берилган таржимаси ҳам далиллайди. Деярли “Наҳжул-фародис” билан бир даврда ва бир ўлкада яратилган “Қисаси Рабғузий”да келтирилган арабча оятларнинг ўзбекчаси берилмаган, аммо юқоридагидай арабча сўзларнинг таржимаси берилган, холос.
Ўрни келганда айтиш керакки, ҳар иккала ижодкорнинг матнни тушунишда кенг оммани назарда тутиб шу йўлни танлаганидан биз сабоқ чиқаришимиз керак. Бугунги кунда газета ва журналларда омма тушунмайдиган сўзларни қалаштириб ташлаётган журналистлар, муаллифлар Рабғузий билан Саройидан ўргансалар маъқул иш бўларди. Масалан, турли расмий ҳужжатларда, оммавий ахборот воситаларида мониторинг қилмоқ деган ибора кўп гапирилади, аммо омма мониторинг нима эканини тушунадими? Йўқ, тушунмайди. Бу сўзнинг русча “Википедия”да батафсил изоҳи берилган. Ўзбекчага таржима қилсак, “доимий равишда кузатиб бориш” маъносини билдиради. Шу иборани мониторинг қилмоқ ибораси ўрнига киритсак, мақсадга эришиш мумкин-ку! Фақат ҳафсала керак.
Юқоридаги ҳар иккала асарнинг, асосан, соф туркий сўзлардан иборат экани худди Қорахонийлар салтанати маҳсули бўлган “Қутадғу билиг”ни эслатади. “Қутадғу билиг”да ҳам олти мингдан ортиқ сўз қўллангани ҳолда, шундан юзга яқини араб ва форс сўзлари, қолгани туркий сўзлардир. Зотан, “Қутадғу билиг” Қорахонийлар сулоласида амал қилган хон ёки хоқония тилига асосланган бўлса, Олтин Ўрда туркий адабий тили, бир томондан, Қорахонийлар даври адабий тилининг давоми, иккинчи томондан, қипчоқ ва ўғуз тиллари Олтин Ўрдада ягона адабий тилнинг шаклланишига хизмат қилди. Қорахонийлар сулоласидаги хон тили Олтин Ўрда адабий тилига таъсир этганини ҳам эътироф этишимиз керак. Зотан, “Қутадғу билиг” Олтин Ўрдада маълум ва машҳур бўлганини кўрсатадиган далиллар бор. Жумладан, Олтин Ўрданинг маъмурий марказларидан бири Саройчиқда (Ўрол дарёси яқинида) археологик қазувлар натижасида бир хум топилган. Хумга  “Қутадғу билиг”дан бир парча битилган экан. Бу кичик далил Олтин Ўрдага Қорахонийлар сулоласидаги туркий тилнинг таъсирини ҳамда мавқеини кўрсатишга хизмат қилади.
Умуман олганда, Олтин Ўрда давлатидаги туркий адабий тил мавқеи жиҳатдан ўзидан олдинги Қорахонийлар давридаги адабий тилдан мавқе жиҳатдан бирмунча юқорироқ экани кўринади. Мисрда 1250 йилдан 1516-1517 йилгача ҳукм сурган Миср мамлуклар давлатида ҳам эски ўзбек тили ҳукмрон тилга айланган эди. Сайфи Саройининг “Гулис­тони бит-туркий” асари ва унинг замондош­лари асарлари Олтин Ўрдадаги эски ўзбек тилининг давомидир. Келгусида Олтин Ўрда адабий тили ҳақида махсус тадқиқотлар олиб борилиши керак. Зотан, бу давлатда амалда бўлган тил эски ўзбек тилининг айнан ўзи, яъни Олтин Ўрдада ва Миср мамлуклар давлатида яратилган асарларга кўпроқ биз ўзбек халқи даъвогармиз. Сайфи Саройининг “Гулистони бит-туркий” асарининг ва унинг Миср мамлуклар давлатида ижод қилган замондошларининг асарлари тили фикримизга далилдир.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг