«ТИЛНИ ҚАТТИҚ ҚЎРИҚЛАЙДИЛАР»

202

Яқинда ўзбекман деганнинг кўксини ғурурга тўлдирадиган бир воқеанинг шоҳиди бўлдик: кўпминг йиллик тарихимиз давомида илк бор она тилимиз жаҳоннинг энг олий минбарида жаранглади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессия­сида ўзбек тилида нутқ сўзлади.
Гап ғурур туйғуси ҳақида кетар экан, она тилимизнинг ўнлаб асрлар билан бўйлашадиган буюк тарихидан сўз очишга ҳожат йўқ. Инчунин, Абдулла Ориповнинг: “Она тилим, сен борсан шаксиз…”, деб бошланадиган шеъри бундан роппа-роса эллик беш йил олдин қоғозга тўкилган. Ушбу шеърнинг якуни ҳам бетакрор:
Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан…
Шоирнинг тилга эҳтироми ҳар бир сўзда балқиб турибди. Тилни нондай азиз, оятдай муқаддас биладиганлар фақат калом аҳлимикан?
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари, тилимиз беқадр бўла бошлаган пайтлар. Чироқчилик талаба дўстим Сайдулла билан у яшайдиган Умакай қишлоғига борадиган бўлдик. Бийдай дашт узра одамлар пахсадан уй тикка қилишган. Катта йўлдан анча яёв юришга тўғри келди. Кетаяпмиз, ҳаммамизда тор шим, кўйлаклар баданга ёпишган, оёқда пошнаси баланд туфли.
Меҳмон келганини кўриб, уй соҳиблари ошиғич пешвоз чиқишди. Ясамаликдан холи, самимий хурсанд­чилик билан кутиб олар экан, дарров битта қўй сўйишди. Ярим тунгача гурунглашдик.
Эртаси куни Сайдулла чувоқда урчуқ йигириб ўтирган момо билан бизни таништира бошлади:
– Бу биздинг момашка, энамнинг энаси! Нариги қишлоқдан мени кўргали кепти. У нево руку смотри, настоящий текстил комбинат. Олдин қўй жунини йигиради, потом гилам, арқон изделит, – дея чала-чулпа русча аралаш тушунтирган бўлди у. Биз эса ёши бир жойга бориб қолган момонинг чаққонлик билан урчуқ айлантираётганига қараб турибмиз.
Қишлоқ одамлари андишали бўлишади, аммо гап келганда аяб ўтиришмайди. Момонинг ҳам авзойи ўзгарди:
– Нималар деб чулдираяпсан? Шаҳарда журип, тилинг чиғип қопти сен боланинг! Икки-учта ўрисча гапди гапирип, менинг олдимда кў-ўп аллатовур бўлаберма. Энангминан икковимиз сенга мундай ўргатганимиз жўқ-ку! Тилингди соқла бола, тилингди, – дея момо жаҳллангандек бўлди ва яна қўшиб қўйди: – улларим, силар хопа бўманглар тоғин. Бу менинг энг ёхши кўрган небарам, одам бўсин, ўзининг кимлигини билсин дийман-да!
Сайдулла ҳам, биз ҳам мулзам бўлиб қолгандик ўшанда. Бу эса бизга ўхшаш ёшлар учун саксон ёшли момонинг инкор этиб бўлмас аччиқ дашноми эди.
…Бундан беш-олти йиллар аввал эди, чамамда. Мустақиллик байрами арафасида тарғибот тадбирларини ўтказиш учун Термизга пойтахтдан эллик нафарга яқин шоир-ёзувчи, санъаткорлар, хонандалар келишди. Санъаткорларнинг аксарияти шоу-бизнес вакиллари эди. Биз ҳам ижодкор сифатида тарғибот гуруҳи аъзолари билан туманларда юришимизга тўғри келди. Қўйилган мақсад эса битта: халқ билан мулоқот қилиб, аҳолининг кайфиятини кўтариш.
Афсуски, ўша кезларда учрашувларда уятдан қизарган пайтимиз кўп бўлган. Айтган қўшиғини ҳисобга олмаса, шоу-бизнес вакилларининг ўзини тутишларию халқ олдида русчалаб алмойи-жалмойи сўзлашлари ғашга тегарди.
Шундан буён ўз тилини унутган бундай “оқбилак ойимчалар”ни кўрсам “ажинам отланадиган” бўлиб қолган. Эй, барака топгур, сени ўзбек қўшиқлари элга танитди, шу қўшиқларнинг орқасидан машина олдинг, қўшқават иморат солдинг, энди шу халқни нописанд этиб русча сўзлашингга бало борми, дейдиган одам йўқ. Надоматки, ҳозир ҳам ўзбекча гапиришдан ўзича ор қиладиганлар топилади…
Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев айтади: “Она тилимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг бурчимиздир”. Бу гаплардан сўнг олдимизда бир савол кўндаланг бўлади: “Биз тилимизга давлат раҳбари истаган даражада эҳтиром кўрсата олаяпмизми?”. Лоақал юқорида келтириб ўтганим – икки ҳолатни ёдда тутган ҳолда, “ҳа” дейишга бироз шошилмай туринг.
Бир олифта талаба билан уч-тўрт нафар отарчининг тилга беписанд муносабати билан улуғ она тили қадр­сизланиб қолармиди, дерсиз. Кошки лисоний олифтагарчилик жамиятнинг бошқа қатламлари орасига суқилиб кирмаган бўлса! Мамлакатимизнинг минг-минглаб спортсевар одамларини экран рўпарасига “михлаб” қўядиган футбол репортажларини томоша қилганмисиз? Эҳтимол, футбол шавқи билан бўлиб, шарҳловчининг сўзларига эътибор бермагандирсиз? Ҳолбуки, шарҳловчиларимизнинг сўзлари ҳам “ўзбекча айтиладию русча эшитилади”. “Тепишга бермади” (не дал бить), “бурчак тўпини бажарди” (выполнил угловой), “ҳужумчи ҳимоячидан қочиб кетди” каби изоҳларни эшитиб, ғашингиз келмаган бўлса, демак, сиз тил жонкуяри эмассиз…
Рекламаларни одатда томоша қилмаймиз, уларни ночор тинглаб ўтирамиз, холос. Лекин “йўталдан самарали восита” қабилидаги хитоб­лар қулоққа чалиниши билан бояги беэътиборликдан асар ҳам қолмайди.
Тасаввур қилинг: телевизорда олис тоғ қишлоғилик илғор замондош ҳақида яхшигина лавҳа томоша қиляпсиз. Ҳаммаси силлиқ кетаётган бир пайтда телемухбир “Фалон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи қаҳрамонимиз…” дейиши билан оғзингизга олиб борган бир ошам ошингиздан суяк чиққандай бўлади. “Ў, оғайни, одам маҳалла фуқаролар йиғинида яшамайди, маҳаллада яшайди”, дея ҳайқириб юборгингиз келади. Ва шу топда “тилга беписандликни ўзимиз тарғиб қилмаяпмизмикан”, деган хавотир кўнгилга оралайди.
Мен туркман қардошларимизни жуда ҳурмат қиламан. Сурхон воҳаси билан туркман диёрини бир томондан Амударё, иккинчи томондан Кўҳитанг тоғлари ажратиб туради. Ҳозирги кунда 2 миллион 640 мингдан кўпроқ одам истиқомат қиладиган Сурхондарёда аҳолининг 1,3 фоизи туркманлар. Ўзбеклар билан бир бовур бўлиб яшашади. Уларнинг туркман эканлигини гап оҳангидан ажратиш жуда мушкул. Кўчада, жамоат жойларида соф ўзбек тилида сўзлашишади, аммо ўз тилларини зиғирчаям унутмаган. Бордию иккита туркман гаплашиб қолса, мулоқот ўз-ўзидан она тилига кўчади. Ўзбек тилининг ҳурматини сақлаган ҳолда, энди тетапоя бўлаётган боласига илк бор туркман тилини ўргатишади. Ана сизга она тилига бўлган эътибор!
Термизда Президентимиз ташаб­буси билан очилган “Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази” бор. Айни пайтда марказда 172 нафар афғон фуқароси сабоқ олишмоқда. Амударёнинг нариги қирғоғидан илм истаб келган афғонистонлик ёшларнинг ўзбек тилида чиройли лутф билан гапиришларини эшитиб ҳайрон қоласиз. Улар даврасида кўп бўлганман. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон каби ўзбек шоирларининг шеърлари хусусида сиз билан баҳсга киришиб кетади, шеърларни ёдлаб олишган. Шу йилнинг февралида ҳазрат Алишер Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбирда иштирок этдим. Жузжон вилоятидан таълим олиш учун келган талаба қиз Шекибо Самадий тўлқинланиб сўзлайди: “Навоий ётган заминдан эканим кўп ифтихор бағишлайди менга. Оилада ўзбекча гаплашамиз. Онамиз ўргатган тилни бизда қаттиқ қўриқлайдилар”.
Шекибо афғонистонлик ўзбеклар ҳаётидан яна кўп нарсаларни гапириб берди. Лекин унинг “тилни қаттиқ қўриқлайдилар” деган сўзи қалбимга муҳрланди…
Биз ўзбек тилининг сўзга қанчалар бой, имкониятлари чексизлигини биламиз. Бобомиз Маҳмуд Кош­ғарийнинг “Девону луғоти-т-турк” девонидан тортиб, Навоийнинг тил ҳақидаги каломлари биз учун маёқ. Ўзбек тилининг нафосати ва гўзаллиги Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қодирий каби миллат зиёлиларининг бундан қарийб бир аср олдин ёзилган асарларидан бўй кўрсатиб турибди. Дарёдай тўлиқиб, кўксига ўнлаб дос­тонларни жо қилган бахшиларимизнинг айтимларида бу тилнинг буюк пардалари сақланиб келяпти.
Халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозир Ер юзида мулоқот воситаси бўлган 6912 та тил мавжуд экан. Кейинги минг йилликда 500 та тил ўлик тилга айланганлиги, охирги юз йилликда 1000 та тил тарих қаърига сингиб кетганлиги бугун огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглайди. Бундан эса хулоса чиқаришимиз лозим.

Исроил ШОМИРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг