ОНА ТИЛИНИ ОНА ЎРГАТАДИ

45

Тилга эътибор, тилга меҳр оналарнинг тилга муносабатидан, тилни қанчалик ардоқлашидан, фарзандларига нечоғли ўргатишидан бошланади, деб ўйлайман. Чунки гўдак боланинг онги айтилган ҳар бир сўзни оҳанграбо каби ўзида сақлайди, ҳаммаси унинг қувваи ҳофизасида жойланади. Ҳалиям эсимда, 4-5 ёшлардаги қизалоқ эдим, онам янги кийим тикиб берсалар ёки отам бозордан янги кийим олиб келсалар меҳр билан кийгизар, “Мани болам минг йиллик, кўйлаклари бир йиллик” деб алқардилар. Айниқса, отам халқ қўшиқларини яхши билар, менга кўп қўшиқлар айтиб берарди:
Адида, ҳо адида,
Сув келтирар кадида.
Кадини боғи узилсин,
Келин бўлиб сузилсин.
Эҳ-ҳе, улар шунчалик кўп эди, шунчалик дилтортар эди… Болаликда эшитганларим ҳозир ҳам қулоғим остида янграётгандек бўлаверади.
Бундай шукуҳли ашулаларни эшитган ҳеч қайси бола, ҳеч қайси қизалоқ она тилимизга бефарқ бўлмайди. Яна ва яна эшитгиси келади.
Афсуски, бугунги айрим оилаларда болалар халқ ашулалари, мақолу маталлардан бебаҳра ўсмоқда. Бунга ота-оналар ва катталарнинг ўз болаларига кам вақт ажратаётгани, компьютер, ноутбукларнинг ҳаётимизни эгаллаб бораётганини сабаб қилиб кўрсатамиз. Кўча-кўйда эълонлардаги хатоларга ҳам кўникиб қолдик. Шуни орқасидан болаларимиз ўз она тилларига беэътибор. Ана шуларни ўйлаб неварам билан маҳалламиздан юриб кетаётсам, қаршимиздан бир-бирини қувалаб икки бола чиқиб келди. Бўйи пастроғи (афтидан укаси) бўйчанроғига биз болаликда эшитган халқ ашулаларидан баралла айтиб, бир-бирларини қувлаб кетишди. ­Қўшиқ сўзлари неварамнинг қулоғига ёқди шекилли, хурсанд бўлганча менга қаради, мен ҳам кулиб қўйдим, иккаламизнинг ҳам кайфиятимиз кўтаринки эди. Демак, ҳалиям болаларимиз ичида она тилимизнинг қўшиғу маталларини айтаётганлар, уларга шу қўшиғу маталларни ўргатаётган ота-­оналар, бобо-бувилар кўплаб топилади.
Яқинда бир дугонам: “Неварамга ўзбек халқ қўшиқлари, мақолларини ўргатмоқчи эдим, шунақа китобларни қаердан топсам бўлади,” деб қўнғироқ қилиб қолди. Мен фольклоршунос олима, Беруний мукофоти совриндори Музайяна Алавия тайёрлаган китоблар бор, деб айтдим. Биз бир вақтлар қанчадан-қанча вақтини, умрини сарфлаб, тош келса кемириб, сув келса симириб тоғу тош­ларни, дашту чўлларни пойи-пиёда кезиб, маънавий мулк ҳисоб­ланган ўзбек халқ ашулаларини йиққан таниқли фольклоршуноснинг “Оқ олма, қизил олма” китобини, афсуски, ҳеч қаердан топа олмадик. Миллий кутубхонамизда 1973 йилда нашр қилинган китобдан бир нусха сақланаркан, шуни ўқиб туришга сўрадик. Майли, нималардир сабаб бўлиб бу китоб 50 йил ичида қайта нашр қилинмабди. Лекин бугун она тилимизга эътибор кучайган бир пайтда болаларга аталган ўзбек халқ қўшиқларини саралаб чоп этиш вақти келмадимикин? Болалар боғчаларида ўзи йўқ Қорбобо ва Қорқиз ҳақидаги қўшиқларни ўргатиш ва ўрганишдан кўра ўзимизнинг гўзал оҳангларга қоришиқ, сермаъно қўшиқларни ўрганган фойдалироқ эмасми? Ахир, болаларимиз ўзбек халқ қўшиқларини жон қулоқлари билан эшитишяпти, бирпасда ҳеч қийналмасдан ёдлаб ҳам олишяпти. Нафақат ёдлашяпти, руҳан озуқа ҳам олишяпти. Қани энди Мактабгача таълим вазирлиги ташаббус кўрсатиб болаларга аталган ўзбек халқ қўшиқларини китоб ҳолида ранг­ли расмлар, чиройли муқоваларда қайта чоп этса. Қани энди ўзбек халқ қўшиқлари, мақолу тез айтишлари ҳар бир мактабгача таълим муассасаси дастурларига махсус машғулот сифатида киритилиб, болажонларга режа асосида ўргатилса. Ана ўшанда болаларимизнинг тили бой, дунё­қараши кенг ва теран, маънавиятлари юксак бўлар эди. Асосийси, уларнинг қалбида она тилимизга меҳр-муҳаббат, уни яхшироқ ўрганиш туйғуси кучаяр эди.

Лобар ҚЎЧҚОРОВА,
журналист

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг